Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Сиз — ватаннинг суянч, таянчи! Вилоят секторлари раҳбарларининг воҳамиз ёшларига мурожаати
22 январь 2020 г 1 419 Комментарии: 0
Азиз ёшлар, қадрли навқирон авлод эгалари!
Эзгу ниятлар, улкан режалар оғушида янги — 2020 йилга қадам қўйдик. Тарих зарварақларига олтин ҳарфлар билан битилган “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” халқимиз ҳаётида, жумладан бахтли фарзандларимиз тақдирида ўчмас из қолдирди.
Ўтган йили муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида 30 июнь санаси мамлакатимизда Ёшлар куни сифатида илк бор кенг нишонланди. Ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, дунёқараши кенг, тийран фикрлайдиган, муаммоли вазиятларда тўғри қарор чиқара оладиган келажак эгаларини тарбиялашда кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Энг муҳими барча жабҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларда вилоятимиз ёшлари фаол иштирок этдилар.
2019 йилнинг 27 декабри ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш даврини бошлаб берди. Айни шу куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан дилдан мулоқот ўтказиб, бу борада амалга оширилган ишларга одилона баҳо берди.
2020 йилдаги долзарб вазифалар муҳокама қилинди.
Ишончимиз комилки, Президентимизнинг учрашувда сўзлаган оташин нутқи фарзандларимиз қалбига бир олам қувонч олиб кирди, ёшларга оид давлат дастури ижросига масъул раҳбарлар зиммасига катта масъулият юклади. Давлатимиз раҳбари маърузасида “Ҳар бир ҳоким, туман ёки вилоят ҳокими бўлишидан қатъий назар, сектор раҳбарлари билан биргаликда ёшлар масаласини ўзи учун устувор вазифа қилиб олмас экан, жойларда бу борадаги ишларимизнинг натижаси самарали бўлмайди”, — дея таъкидланди.
Янги йил шукуҳи давом этаётган бир кезда “Ёшлар инновацион марказда ташкил этилган байрамона тадбирда белгилаб берилган улуғвор марралар, шубҳасиз, Сизларнинг эртанги ҳаётингизни янада нурафшон қилишни таъминлайди.
Вилоят ҳокимининг 7 январь кунги йигит-қизлар билан учрашувида Ёшлар иттифоқи вилоят кенгашининг “Ёшларга 20 имконият” лойиҳаси доирасида тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Унинг ижросини таъминлашга биз — секторларнинг раҳбарлари ҳам бевосита масъулмиз.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикасида 2020 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган кенг кўламли
чора-тадбирлар дастури Сизларнинг эртанги кунингиз янада порлоқ бўлишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаб ўтганидек, “Ҳоким ва ёшлар” учрашувлари тажрибаси бу йил изчил давом эттирилади. Ҳар ҳафтанинг бир куни Сизларнинг масалаларингизни ечиш куни деб белгиланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилояти Халқ қабулхонаси билан ҳамкорликда Сизлар билан бу йил ҳам юзма-юз мулоқотлар ўтказиб, талаб ва муаммоларингизни ўрганиб боришга киришдик. Маҳаллий Кенгашларнинг сессияларида ҳар ойда айни шу масала юзасидан бизнинг ҳисоботларимизни тинглаш амалиёти йўлга қўйилади.
Уюшмаган ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиши, таълим олишга ва касб ўрганишга бўлган доимо ўрганиб, бунинг учун қулай шарт-шароит яратиш ҳам секторлар зиммасидаги масъулиятли вазифадир. Ёшлар мурожаатларини қайд этиш ва таҳлилини юритишга секторлар кесимида алоҳида эътибор қаратилади.
Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусни кенг қулоч ёйдириш, ёшларнинг таълим-тарбияси ва маънавиятини юксалтириш, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишни секторлар кесими ўз назоратига олади.
Шунингдек, ёшларнинг бандлик даражасини ошириш, иқтидорлиларни кашф этиш, уларнинг инновацион ишланмалари ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш асосий вазифаимизга киради. Шу йўналишдаги фаолият секторлар кесимида мунтазам мониторинг қилиб борилади.
Ҳар бир оила бахтли яшашга ҳақлидир. Лекин республикамизда, хусусан, вилоятимизда оилавий ажримларнинг ўсиб бораётганлиги аччиқ ҳақиқат. Бу кўнгилсиз ҳолатнинг олдини олиш учун мамлакатимизда имкониятлар етарли. Фуқаролар йиғинларидаги яраштирув комиссиялари, вилоят, туман, шаҳарлардаги “Оила” илмий-тадқиқот марказлари бунинг учун ўз фаолиятларини янада фаоллаштиришлари зарур. Уч босқичдан иборат “Йилнинг намунали ёш оиласи” танловини ташкил этиш лозим.
Алоҳида обрў-эътиборга эга оқсоқоллардан иборат “Фахрийлар ибрати кенгаши” нафақат вилоятда, балки барча туманлар, Жиззах шаҳрида ҳам тузилиши тарафдоримиз. Мазкур тузилманинг фаолияти йўлга қўйилиши ўйлаймизки, оила тинчлиги, фаровонлигини таъминлаш билан бирга ажримларнинг камайишига хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари ёшлар билан учрашувда бешта муҳим ташаббуснинг ҳар бир йўналишини туман ва шаҳарларда тизимли амалга ошириш бўйича аниқ вазифалар қўйди. Унинг ижросини таъминлаш борасида ҳали кўп иш қилишимиз лозим. Талаба ва ўқувчи ёшлар ўртасида китобхонлик муҳитини юксалтириш ва улар ўртасида китоб мутолаасига янгича муносабатларни шакллантириш мақсадида “Китобхон талаба, китобхон ўқувчи” танловини ташкил этиш лозим. Анъанавий тарзда ташкил этиб келинаётган “Зомин қалдирғочлари” ижодкор ёшлар форумининг кўламини янада кенгайтириб, Марказий Осиё ижодкор ёшлари форумига айлантириш кўзда тутилганлиги ўйлаймизки, адабиётга ошно йигит-қизларга кенг имкониятлар эшигини очади.
Секторлар кесимида бўш ўринлари ярмаркаларини мунтазам ташкил этиш, ёшларнинг компьютер саводхонлигини ошириш, йигит-қизларнинг оммавий спорт тўгараклари ва секцияларига янада кенг жалб қилишда ҳам аниқ режаларимиз бор. Ҳар бир ҳудудда “Ёшлар — келажагимиз”, “Тадбиркор оила” давлат дастурлари ижросини таъминлаш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилади.
Давримиз дилбандлари! Эртамиз эгалари!
Муҳтарам Юртбошимиз таъкидлаб ўтганидек, бу йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш даври бўлади. Ишончимиз комилки, Сизлар Президентимизнинг оталарча ғамхўрлигидан руҳланиб, юксак марраларни эгаллаш йўлида ёшлик куч-ғайратингизни тўла ишга соласизлар. Биз — сектор раҳбарлари эса Сизларни ҳамиша қўллаб-қувватлаб, ёнингизда камарбаста бўламиз!
Мустақил Ватанимиз, доно ва одил Президентимиз Сиздан жасорат, фидойилик кутади. Улуғ мақсад йўлида ҳар бирингизга муваффақият, омад ёр бўлсин, азиз ёшлар!
Вилоят секторларининг раҳбарлари.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!