» » Жиззахда болалар ва ёшлар боғи иш бошлади

Жиззахда болалар ва ёшлар боғи иш бошлади

11 июль 2018 г 3 041 Комментарии: 0

Жиззах шаҳридаги илгариги "Аква парк” ўрнида замон талабларига мослаштирилган истироҳат боғи ишга туширилди.

"Бухоро ширин” масъулияти чекланган жамияти томонидан реконструкция қилинган болалар ва ёшлар истироҳат боғининг очилишига бағишланган тантанада вилоятҳокими ўринбосари Эштемир Исматов иштирок этди.

Вилоят ва шаҳар фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокидаги тантанали тадбирда сўз олган Жиззах шаҳар ҳокими Акбар Шукуров дастлаб шаҳримизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларига тўхталди. Жиззахликларни барча қулайликларга эга бўлган болалар ва ёшлар боғига эга бўлганликлари билан муборакбод этди ва бундай хайрли ишлар ҳали давом этаётганлигини таъкидлади.

Тантанада кексалар ва фахрийлар номидан сўзга чиққан Хидир Шукуров йиғилганларни қайтадан иш бошлаган замонавий болалар ва ёшлар маскани билан табриклади. Тадбирда иштирок этган бир гуруҳ болаларга вилоят ҳокимининг совғалари топширилди. Шундан сўнг дарвозага тортилган рамзий лента қирқилди. Тантана иштирокчилари истироҳат боғида яратилган шароитлар, ўрнатилган аттракционлар билан танишдилар.

 —Оромгоҳни ана шу ҳолатга келтириш учун 24 миллиард сўм банк кредити, 7 миллиард сўм айланма маблағимиз сарф этилди,—дейди истироҳат боғи директори Дилшод Мусаев. —Боғимизга ташриф буюрганларнинг кўнгилли ҳордиқ чиқаришлари учун барча қулайликлар яратилди. Энг замонавий 12 та аттракцион, жумладан республикамиздаги ягона бўлган баландлиги 50 метрли карусель ишга туширилди. Умумий овқатланиш, хизмат кўрсатиш шоҳобчалари ташкил этилди. Очиқ бассейн ишлаб турибди.

Энди кўпчилик ота-оналар фарзандларини айни ёзги таътилда Самарқанд ёки Тошкент шаҳарларидаги болалар боғига олиб боришларига ҳожат қолмади. Негаки, шаҳримиздаги болалар ва ёшлар боғида дам олиб ҳордиқ чиқаришлари учун барча имкониятлар муҳайё.

Бекпўлат ТОҒАЕВ

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!