» » Муносабат: Шаҳар бедарвоза эмас...

Муносабат: Шаҳар бедарвоза эмас...

06 май 2020 г 1 363 Комментарии: 0

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган Зоҳид Жумаевнинг Дўстлик тумани ҳокими билан боғлиқ муносабатлари бўҳтондан бошқа нарса эмас.

Тўғри, туманга “Сардоба” сув омборида юз берган офат туфайли эвакуация қилинган сирдарёликлар жойлаштирилган. Улар учун маҳаллий аҳоли томонидан ҳамда бошқа вилоятлардан инсонпарварлик ёрдамлари келтирилаяпти.

Инсонпарварлик ёрдамлари заруратга қараб сирдарёлик аҳоли учун етказиб берилаяпти. Бу вазифани ҳудудлардаги маҳалла фуқаролар йиғини бажаришмоқда. Нега энди маҳалла мутасаддилари деган савол туғилиши мумкин.

Таъкидлаш керакки, инсонпарварлик ёрдамларини тақсимлаш ва етказиб бериш билан тумандаги Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш маркази шуғулланмоқда. Сектор раҳбарлари назорати остида маҳалла мутасаддилари ҳар куни вақтинча кўчириб келинган аҳоли билан мулоқотда бўлиб, улардан ҳол-аҳвол сўраб туришибди.

Айни пайтда мамлакатимизда карантин тартиби ўрганилган. Инсонпарварлик ёрдамлари келтирилган омбор ҳар ким истаган вақтда кириб-чиқадиган карвонсарой эмас. У ерга белгиланган кишилар махсус кийимдагина киришга рухсат этилади. Тарқатилаётган озиқ-овқат ва бошқа буюмлар ҳам санитария талабларига риоя этилган ҳолда махсус қутиларга ёки пакетларга жойланади. Шундан кейин маҳалла мутасаддилари, шунингдек секторлар вакиллари бошчилигида кўнгиллилар билан олиб бориб берилади.

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеолавҳада Зоҳид Жумаев туман ҳокимлигига келганлиги айтилаяпти. Аслида у ҳокимликка эмас, қатъий карантин тартиби ўрнатилган, инсонпарварлик ёрдамлари сақланадиган омборга келган. Шунингдек, З.Жумаевга маҳалла раиси сирдарёликлар учун зарур буюмни келиб олиб кетишни айтмаган. Унинг “маҳалла раиси чақирди” деган иддоаси ҳақиқатдан йироқ.

Бегоналар кириши мумкин бўлмаган жойга ҳар ким ҳам бўлиши ёки кириб бориши ўрнатилган санитария-гигиена ва бугунги карантин тартибига мутлоқо зид.

Кези келганда таъкидлаш керакки, туман ҳокими бу ерда З.Жумаевнинг ҳақ-ҳуқуқи, қадр-қимматини камситадиган гап айтмаган. Шунчаки бегоналар кириши таъқиқланган жойдан чиқиб кетиши талаб қилинган. Гарчи карантин қоидаларига амал қилиш, уни бажаришни талаб этиш инсонни ҳақоратлаш бўлса, бугунги кунда ҳамма камситилган, коронавирус инфекцияси эса мамлакатимиз фуқароларини ёппасига қамраб олган бўларди.

Шу ўринда яна бир фикр. Туман ҳокими тадбиркор ким бўлишидан қатъий назар, унинг фаолиятини йўлга қўйишда қўллаб-қувватлаш, олдида турган тўсиқларни бартараф этишга кўмаклашишни Президент томонидан зиммасига юкланган муҳим вазифа деб билади. Такрор айтамиз, тадбиркор Зоҳид Жумаев туман ҳокимининг душмани эмас.

Пашшадан фил ясаш эса ҳар бир инсоннинг саломатлиги, обрў-эътибори ва ишчанлик қобилиятига салбий таъсир этишини асло унутмаслик лозим.

Хуллас, шаҳар бедарвоза эмас, деган жумлани турмуш тарзимизда кўп бора ишлатамиз. Дарҳақиқат, шундай. Зоҳид Жумаев ўзи айтганидек, ўттиз кишини ўйлаётган бўлса, туман ҳокими вақтинча туманга кўчириб келтирилган барча сирдарёликлар тақдири, туриш-турмуши учун масъул.  Кўплар қаторида шу ўттиз киши туман ҳокимининг бир кун ҳам эътиборидан четда қолаётган эмас.

Дўстлик тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!