» » Биз сиз билан биргамиз, ҳамдардмиз...

Биз сиз билан биргамиз, ҳамдардмиз...

07 май 2020 г 1 112 Комментарии: 0

Сардоба сув омборида юз берган тошқин натижасида бир неча ўн минг нафар юртдошларимиз Жиззах вилоятига эвакуация қилинди.

Жиззахдаги турли ўқув муассасалари ётоқхоналари ва аҳоли хонадонларига жойлаштирилган сирдарёликлар шу куннинг ўзидаёқ энг зарур нарсалар билан таъминланди. Жиззах давлат педагогика институти жамоаси ҳам ушбу кунда табиий офатдан зарар кўрган сирдарёлик юртдошларимиз ҳолидан хабар олиб, уларга кундалик эҳтиёж учун ишлатиладиган рўзғор буюмлари, озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришмоқда.

Моддий таъминот билан боғлиқ масалаларда хотиржамлик бўлсада, улардаги руҳий зўриқиш, қўрқув ва хадик, янги жойга бегонасираш ҳолатлари ҳали-ҳануз қийнамоқда.

Кутилмаган талофатдан жабр кўрган ҳамюртларимиз кўнгилларини кўтариш, яхши ва ёруғ кунларга ишонч уйғотиш мақсадида, институтдаги  психолог, социолог ва педагоглардан иборат ишчи гуруҳи тузилди. Айни пайтда ушбу тажрибали устозлардан тузилган гуруҳ аъзолари сирдарёлик ҳамюртларимиз жойлаштирилган ҳар бир масканга бориб, суҳбатлар ўтказишмоқда.

Суҳбат давомида тушкунликка тушиб қолганларга  психологик кўмак бериш билан бир қаторда, уларни руҳан қўллаб — қувватлашмоқда. Улардаги мавжуд руҳий ҳолатни ўрганиш давомида шу нарса аниқ бўлдики, одамларда давлатимизга, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевга бўлган ишончи уларни хотиржам қилмоқда. Тўғри оғир синовли вазиятда инсон мол қайғуси, уй-жойини йўқотганлигининг натижасида оғир психик ҳолатни бошдан кечиради. Бироқ ширин жонининг омон қолганлиги, фарзандларининг соғлом ўз бағрида эканлигига шукрона айтади.

Суҳбатдошларнинг бирини фикрини келтиришни жоиз деб уйладим “Мен юртим иқтисодий равнақига ҳисса қўшиш мақсадида каттагина жойга деҳқончилик қилгандим, бироқ табиий офат эндигина гулга кирадиган кўчатларимини пайхон қилди. Бироқ мен бу билан чекланиб қолмайман, оёққа туриб яна қайта экин экиб мўл ҳосил етиштираман. Оллоҳнинг синовлари бизларни янада жипслашишга ундади”. 

Кимдадир мол қайғуси, яна кимдадир жон қайғуси. 50 ёшларни қоралаган онахон набирасини бағрига босиб уйчан ўтирарди. Суҳбатдошимиз бўлган онахоннинг “кичик қизимни турмушга чиқаришим, ўғил набирамга туй қилишим керак эди” деган ўкинч билан гапирди.

Албатта, оғир синовли паллаларда халқимиз ёнида бўлиш, унинг муаммоларини ўзининг муаммолари деб ҳис қилган ҳар бир фуқаро бугун қараб турган йўқ.

Жиззах давлат педагогика институтида ташкил этилган 6 та ишчи гуруҳ ўз ишларини давом эттириб фуқароларимиз дардига дармон бўлишни давом эттиради.

                           Жиззах давлат педагогика институти ахборт хизмати

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!