» » Муносабат: Дўстлик туманида режалаштирилган уйлар албатта қурилади

Муносабат: Дўстлик туманида режалаштирилган уйлар албатта қурилади

02 июнь 2020 г 2 100 Комментарии: 0

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган танқидий мақола юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2019 йил 30-31 январь кунлари Жиззах вилоятига ташрифи давомида Мирзачўл тумани марказида амалга оширилган кенг кўламли ишларга юқори баҳо бериб, Гагарин шаҳри мисолида Жиззах вилоятининг барча туман марказларининг замонавий архитектура қиёфасини яратиш, кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишларини олиб бориш тўғрисида топшириқлар берган эди.

2019 йилда Дўстлик шаҳрининг замонавий архитектураси бўйича бош режаси ишлаб чиқилган.

Бош режага асосан “Чинобод” МФЙ ҳудудида жойлашган 1958-1960 йилларда ёғоч материалларидан қурилган 23 та барак типидаги уй-жойлар ўрнида келгисида кўп қаватли уй жойлар қуриш режалаштирилган.

2019 йил аввалида туман марказини обод қилиш ишлари бошланди ва шу уйлар олдидаги ноқонуний қўшимча иморатлардан воз кечилди. Аҳоли яшаб келаётган уйлари эса сақлаб қолинди. Мақсад эса шаҳар марказида кўп қаватли ҳар томонлама яшашга қулай аҳоли турар жойлари барпо этиш эди.

Дўстлик туман ҳокимлиги “Чинобод” маҳалласида 136 хонадон вакиллари билан ўтказилган йиғилишда якка тартибдаги турар жой қуриш истагида бўлганларга 3,0 сотих ер майдони ажратилиши ёки кўп қаватли уйлардан 2 ва 3 хонали квартиралар берилиши мумкинлиги айтилди. 40 та хонадон эгалари 3,0 сотихли ер участкаси олиш бўйича туман ҳокимлигига аризалар беришди. Қолганлар эса 2 ва 3 хонали квартира олинишларини ариза билан маълум қилишди.

Бу бўйича 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тумандаги “Чинобод” маҳалласида яшовчи 96 та хонадон учун тўртта кўп қаватли уйлар қуриш тўғрисида таклифлар киритилди. Лекин юборилган таклифлар молиявий сабаблар туфайли ечимини топмади.

Туман ҳокимининг фармойишларига асосан маблағ ажратилиб, якка тартибдаги уй қураётган фуқароларга эса зарур қурилиш материаллари билан таъминланди. Бир сўз билан айтганда, аҳоли турар жойларни қуриб битиришлари учун барча ёрдамлар амалга оширилди. Айни пайтда уйлар қурилиши ниҳоясига етмоқда.

Айни пайтда 96 та хонадон учун кўп қаватли уйлар қуриш бўйича ҳаракатлар олиб борилмоқда. Жорий йилда Дўстлик тумани, “Чинобод” маҳалласида 180 хонадонга мўлжалланган 6 та 5 қаватли уйлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги "Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5886-сон Фармонига асосан қурилади.

Ҳозирги кунда уйларнинг лойиҳалаш ишлари якунига етказилмоқда.

Мазкур кўп қаватли уйларни қуриш учун “Халқобод сервис савдо” Масъулияти чекланган жамияти ташаббускор бўлмоқда. Бунёд этилиши мўлжалланаётган 6 та кўп қаватли уйларни қуриш ишларига тез кунларда киришилади ва жорий йил охирига қадар якунига етказилади.

Мазкур турар жойлар қурилиши лойиҳалари аҳоли яшаб турган хонадонларига тўғри келган тақдирда, хонадон аъзолари турар жойлар билан таъминланади. Ижара ҳақлари эса лойиҳа ташаббускори томонидан тўлаб берилади.

Режалаштирилаётган ишлар албатта амалга оширилади.

Дўстлик тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!