Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда жорий йилда 4 минг 574 гектар ғўза майдонларида томчилатиб суғориш тизими йўлга қўйилади
19 июнь 2020 г 1 582 Комментарии: 0
Жиззахнинг пахтачиликка ихтисослашган туманларида “Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларига риоя этилиши ҳамда ғўза майдонларига биринчи сув бериш тартибларига амал қилинишини ташкил этиш бўйича ўқув-амалий семинарлари бўлиб ўтди.
2020 йил 1 июндаги "2020 йил ёзги суғориш мавсумида экин майдонларини сув билан ишончли таъминлаш ва сув танқислигининг олдини олишга қаратилган кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида"ги ҳукумат қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбирлар вилоятнинг Пахтакор, Ш.Рашидов, Мирзачўл, Дўстлик, Зафаробод, Арнасой ва Зарбдор туманларининг ғўза экилган майдонларида ўтказилди.
“Ўзагроинспекция”нинг Жиззах вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари ходимлари, маҳаллий ҳокимликлар, қишлоқ ва сув хўжалиги ташкилотлари мутасаддилари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари раислари, мутахассислар ва фермерлар жалб этилган семинарда 2020 йил ҳосили учун экилган ғўза майдонларини суғоришда агротехника усулларига риоя этган ҳолда тўғри ташкил этиш, мавжуд сув ресурсларидан тежамли ва оқилона фойдаланиш, суғоришдаги тежамкор усуллар, бу борада қўлланилаётган замонавий технологиялар ва уни жорий этишдаги кутилётган самаралар ҳақида маърузалар қилинди.
Таъкидланганидек, жорий йил туманлардаги 167 та фермер хўжаликлари ва пахта-тўқимачилик кластерининг жами 4 минг 574 гектар ғўза майдонларида томчилатиб суғориш тизимини жорий қилиш режалаштирилган. Унинг лойиҳа қиймати 91 миллиард 251 миллион сўмни ташкил қилади. Ҳозирда 24 миллиард 690 миллион сўмлик маблағ тижорат банки томонидан молиялаштирилган. Натижада 129 та фермер хўжаликлари ва пахта-тўқимачилик кластерининг жами 3 минг 576 гектар ғўза майдонларида қурилиш-монтаж ишлари бошлаб юборилган.
Шунингдек, жорий йилда 380 та фермер хўжаликларининг 7 минг 600 гектар майдонларида 380 та кўчма эгилувчан қувурлар орқали суғориш тизимини жорий қилиш белгиланган. Шу кунга қадар 166 та фермер хўжаликлари билан 861 миллион сўмлик шартномалар расмийлаштирилган. Бугунги кунда 78 комлект кўчма эгилувчан қувурлар олиб келинган ва қувурлар фермер хўжаликларига тарқатилган.
Семинарда сувнинг ҳар томчисидан тежаб фойдаланишни бугун даврнинг ўзи тақозо қилаётганига алоҳида эътибор қаратилди. Глобал бир шароитда сув танқислигини енгиб ўтишнинг муҳим чоралари юзасидан йиғилганларга таклиф ва тавсиялар берилди ҳамда бу борада амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Ғ. ШОДИЕВ,
“Ўзагроинспекция” Жиззах вилоят бошқармаси
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурслари
ва ерлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими бош инспектори
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!