Жиззах вилояти Янгиобод туманида Хўжамушкентсой каналининг 7,3 километрлик қисми таъмирланмоқда. Бунинг учун 4,5 миллиард сўм қийматидаги иш бажарилиши кўзда тутилган.
Сувнинг ерга сингиб исроф бўлиши олдини олиш мақсадида амалга оширилаётган ушбу тадбир ҳудудда 2 минг 347 гектар майдоннинг сув таъминотини яхшилайди.
Президентимиз жорий йил 30-31 март кунлари Жиззах вилоятига ташрифи чоғида пахта майдонларини қисқартириш эвазига мева-сабзавотчиликни ривожлантириш, маҳсулотларни сақлаш ва қайта ишлашга мўлжалланган корхоналар ташкил этиш, экспортни кенгайтириш бўйича тошириқлар берган эди.
Бу йўналишда вилоятнинг энг чекка тумани – Янгиободда ҳам истиқболли лойиҳалар амалга оширилаётир. Жумладан, Хўжамушкентсой канали бўйлаб фаолият юритаётган турли шаклдаги мулкдорлар 168 гектарда мева, 205 гектарда узум, 200 гектарда полиз, 170 гектарда сабзавот, 80 гектарда экспортбоп булғор қалампири, 70 гектарда ловия, 578 гектарда нўхат, 30 гектарда маккажўхори, 60 гектарда озиқабоп экинлар етиштирмоқда. Масалан, 7 гектар майдонда олхўри, 2 гектарда олма, 60 сотихда гилос, 50 сотихда ўрик, 5 гектарда узум етиштираётган "Совот мевазори” фермер хўжалигида дастлабки самаралар кўзга ташланиб қолди.
– Ўтган йили олхўридан 6 тонна ҳосил олган эдик, бу йил 10 тоннани мўлжаллаяпмиз, – дейди "Совот мевазори” фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Мавлонқул Тоғаев. – Дарахтлар чангланишини яхшилаш учун асаларичиликни йўлга қўйдик. Ҳали боғимиз мевага тўлиқ киргани йўқ. Токзор ҳам янги. Даромад яқин йилларда бир неча баробар ортади. Айни пайтда паррандачилик ва чорвачилик йўналишидаги янги лойиҳаларни амалга ошириш устида ҳам иш олиб бораётирмиз.
Аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар фақат маҳсулот етиштиришда эмас, балки уни сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш тармоқларида ҳам кенг қулоч ёймоқда. Чунончи, "Совотагроголд” масъулияти чекланган жамияти жамоаси 100 гектар ерда узум, 500 гектарда экспортбоп сабзавот етиштиришни ҳамда 1000 тонналик мева-сабзавотни сақлаш имкониятига эга совутгич қуришни режалаштирган. "Совотагроэкспорт” МЧЖ эса 50 гектар майдонда томчилатиб суғоришни жорий этиб, ёнғоқ ва гилоснинг Италиядан келтирилган навларини экишга ҳозирлик кўраётир.
Шунингдек, туманда 2019 йили 4 гектар ерда гидропоника усулида помидор етиштириш йўлга қўйилади. 500 тонналик мева сақлаш совутгичи ва 3 тонна мевани қайта ишлаш цехи ишга туширилади.
Ҳудудда сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида барча хўжаликларда томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш мўлжалланмоқда.
Туманда қишлоқ хўжалиги самарадорлигини оширишда ер ости сувларидан фойдаланиш имконияти ҳам кенг. Шу мақсадда ҳозиргача 50 та қудуқ ковланди, йил охирига қадар яна шунча, 2019 йилда ҳам 50 та қудуқ қазилади. Бу эса 45 минг гектар лалми майдонни сув билан таъминлаш имконини беради.
"Янгиободузумсервис” масъулияти чекланган жамияти тумандаги ер ости сувидан самарали фойдаланаётган хўжаликлардан. Жамият ўз тасарруфидаги 4 та қудуқдан фойдаланган ҳолда, 295 гектарда узум етиштираётир. Келгуси йилдан ҳар гектар токзордан 10 тоннадан узум олишни мўлжаллаётган жамоа ҳосилнинг бир қисмини сақлашга қўйиш учун 177 миллион сўмлик совутгич қурмоқда. Ҳосилнинг қолган қисмини майиз сифатида экспорт қилиш режалаштирилган.
Мазкур МЧЖ 1 гектар ерда ток кўчати етиштираётгани ушбу тармоқни йўлга қўймоқчи бўлган бошқа мулкдорларга ҳам қўл келаётир. Бу йил кузда ва келаси йил баҳорда кўчатзорни 5 гектарга етказиш мўлжалланяпти.
– Германиядан 135 миллион сўмлик технология келтириб, узумни қайта ишлашни йўлга қўймоқчимиз, – дейди жамият ҳисобчиси Абдусалом Рустамов. – Бунинг учун бино ҳам ҳозирлаб қўйдик. Шунингдек, 35 миллион сўмга ток устунлари – шпалерлар ишлаб чиқарадиган ускуна келтириш бўйича ҳам иш олиб боряпмиз. Келгуси йилдан 95 гектар майдонда томчилатиб суғоришга ўтамиз.
Жамият аъзолари ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун банкдан 3 миллиард сўм кредит олишни режалаштирган.
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар яқин йилларгача ҳосил тақдири фақат об-ҳавога боғлиқ, деб ҳисобланадиган лалми ҳудудларга бўлган муносабатни ҳам ўзгартирмоқда. Истиқболли лойиҳаларнинг қўллаб-қувватланиши, тадбиркорлик учун яратилаётган қулай муҳит, замонавий технологиялардан фойдаланиш туфайли асрлар давомида бўш ётган қир-адирлар бағрида ям-яшил боғлар, экинзорлар пайдо бўлмоқда. Қайта ишлаш корхоналари, янги иш ўринлари барпо этилаётир. Буларнинг барчаси пировардида аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
скачать dle 12.0