» » ВИЛОЯТ ҲОКИМИНИНГ ЖИЗЗАХ АҲЛИГА МУРОЖААТИ (видео)

ВИЛОЯТ ҲОКИМИНИНГ ЖИЗЗАХ АҲЛИГА МУРОЖААТИ (видео)

25 июль 2020 г 3 485 Комментарии: 0

Азиз вилоятимиз аҳли, қадрли юртдошлар!

Бугун нафақат мамлакатимизда, балки бутун дунё аҳли, миллати, тили, динидан қатьий назар инсоният коронавирус пандемияси билан боғлиқ бўлган муаммолар гирдобида қолди.

Сир эмаски бугун ҳамманинг кундалик муаммоси, диққат эътибори, нияти ва дуоси тезроқ бу балолардан қутилиб, аввалги тинч ва бехавотир ҳаёт тарзимизга қайтиш эканлиги бўлиб қолди десак асло муболаға бўлмайди.

Ҳар куни дунёнинг барча ахборот манбалари, айниқса ижтимоий тармоқлар орқали аҳволи оғир беморлар сони кўпайиб бораётгани, юз минглаб кишиларнинг бу касалликка чалиниб минг афсуслар бўлсинки, нохуш оқибатлар, яъни ўлим ҳолатларининг кўпайиб бораётганлигига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Охирги статистик маълумотларга кўра, айни пайтда дунё миқёсида коронавирусдан зарарланганлар сони 15 ярим миллиондан ошди.Тўққиз ярим миллион одам шифо топган бўлса, 650 мингга яқин инсон оламдан ўтди.

Афсуски, мазкур пандемия ўтган қисқа даврда бизнинг мамлакатимизда ҳам 100 нафардан зиёд инсонни орамиздан олиб кетди, 19 мингга яқин юртдошларимиз эса ушбу касалликга чалинди. Уларнинг ўн ярим мингга яқини мазкур касалликдан буткул соғайишди.

Қадрли юртдошлар!

Вилоятимизда пандемия билан боғлиқ вазият мураккаблашиб, касалланиш даражаси кундан-кунга ортиб бормоқда. Қарийб ҳар куни 10 нафаргача бўлган фуқароларда коронавирус инфекцияси аниқланмоқда.

Вилоятдаги 7 та даволаш профилактик муассасаларида, жами 836 нафар беморлар тиббий назоратга олинган бўлиб, улардан 137 нафарида коронавирус инфекцияси тасдиқланган бўлса, бугунги кунда 83 нафари  соғайди. Энг ачинарлиси шундаки, тиббиёт ходимларининг саъй-ҳаракатларига қарамай, 4 та ўлим ҳолати қайд этилди.

Бугунги кунда вилоятимизда коронавирусга чалинган беморларнинг 8 нафари оғир ва 4 нафари ўта оғир холатда.

Вилоятда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ фуқароларнинг мурожаатларига Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий амалий маркази вилоят филиалида “Call center” фаолияти йўлга қўйилди.

Марказга малакали тиббиёт ходимлари жалб қилиниб, қуйидаги (72) 226-32-03, (72) 226-25-98 телефон рақамлари орқали кунлик 250-300 нафар фуқароларнинг мурожаати юзасидан тегишли маслаҳат ва тавсиялар бериб борилмоқда.

Вилоятда тез тиббий ёрдам тизимида 112 та автомашина фаолият олиб бориб, уларнинг 63 тасида GPS навигатор ўрнатилган. 3 та реамобиль автомашинасида ЭПИД бригада ташкил қилиниб, аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.

Шунингдек, куни кеча вилоятда маҳаллий бюджетнинг орттирилган қисмидан 12 дона тез тиббий ёрдам учун мўлжалланган “Damas” автомашинаси харид қилиниб фойдаланишга топширилди.

Шу билан бирга аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида ISUZU русумдаги автобусда тиббий аппарат ва жиҳозлар билан жиҳозланиб, “Мобил поликлиника” ташкил қилинган.

Вилоятда Санитария эпидемиологик осойишталик маркази, вилоят ОИТС маркази лабораторияларисада ва Жиззах шаҳрида жойлашган “Доктор-А” хусусий клиникасида коронавирус инфекциясига текшириш (ПЦР тест синовлари) ўтказилмоқда.

Бугунги кунга қадар фуқаролардан 54 минг 810 та тест синовлари олинган бўлса уларнинг 51 минг 572 тасининг анализ жавоблари чиқди. 3 минг 238 таси текшириш жараёнлари давом этмоқда. Бир кунда ўртача 1400-1500 тест синовлари олинмоқда.

“Covid-19”га чалинган беморлар вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанади. Мазкур марказда беморларни даволаш учун 155 та ўрин-жой (койка) ташкил қилиниб, беморларни даволаш учун 42 нафар тиббиёт ходимлари жалб қилинган.

Бундан ташқари пандемия шароитида касалликка гумон қилинганларни вилоят Эндокринология, Тери-таносил, Кардиология, Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, Жиззах санаторияси ҳамда ҳар бир туман тиббиёт бирлашмаларида вақтинчалик ташкил этилган провизор госпиталларида беморларга малакали мутахассислар томонидан тиббий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.

Вилоятда бугунги кунда “Covid-19”га чалинган беморларни даволаш учун 7 та тиббиёт муассасасида 741 та ўрин-жой (койка) ташкил этилиб, тўлиқ кроват ва керакли жиҳозлар билан таъминланган.

Ҳозирги вақтда шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари қошида жами 200 тадан  қўшимча ўрин-жой (койка) ташкил этилмоқда.

Вилоятда коронавирусга чалинган беморларни даволашга мўлжалланган тиббиёт муассасаларида шифокор ва ҳамширалар етарли. Вилоятда фаолият олиб бораётган тиббиёт муассасаларини зарур дори-дармон билан таъминлаш мақсадида жорий йилнинг олти ойи давомида, жами 43 млрд 485 млн сўм маблағ ажратилган.

Шундан, 24 млрд 85 млн сўм маҳаллий бюджетдан, 19 млрд 400 млн сўм республика бюджети ҳамда ҳомийлар маблағлари ҳисобидан ажратилган бўлиб, дори-дармон билан таъминлаш даражаси ўртача 83 фоизни ташкил этади. Ҳозирги кунда вилоятимизда 12 млрд 503 млн сўмлик 187 турдаги дори-дармон ва тиббий буюмлар заҳираси мавжуд.

Азизи дўстлар!

Мамлакатимизда Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан коронавирус тарқаб кетмаслиги ва аҳолини саломатлиги йўлида барча чоралар кўрилмоқда.

Шу асосда  ҳар бир вилоят, шаҳар ва туманлар бўйича зарур кечиктириб бўлмайдиган тадбирлар ишлаб чиқилиб, тезкор чоралар олиб борилмоқда.

Вилоят миқёсида коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича мувофиқлаштириш махсус штаби томонидан ҳар куни вилоят миқёсида 500 нафардан зиёд шахсий таркиб 60 га яқин махсус техникалар ёрдамида барча шаҳар ва туманларда дезинфекциялаш ишларини амалга оширишмоқда.

Карантин тадбирлари эълон қилинган кундан бошлаб бугунги кунгача вилоятдаги барча шаҳар ва туманларга киришда 3 та йўл патрул хизмати масканлари ва 44 та карантин блокпостлар ташкил этилган бўлиб, мазкур блокпостлардан рухсатнома асосида ўтаётган  қирқ мингдан зиёд автотранспорт воситалари дезинфекция қилинди.

Шунингдек, Республика махсус камиссиясининг 2020 йил 10 июлдаги 35 сонли баёнига асосан вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳамда туман, шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари қошида “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказлари” ташкил этилди.

Марказга 1197 қисқа рақамлардан келаётган мурожаатлар ўрганилиб, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож, ёлғиз қариялар, кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш йўлга қўйилган.

Жорий йилнинг 13 июлидан шу кунга қадар вилоятимиздаги 9 мингдан зиёд эҳтиёжманд оилаларга бирламчи озиқ-овқат ва зарурий дори-дармон воситалари етказиб берилди.

Ҳурматли юртдошлар!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига кўра коронавирус пандемияси туфайли юзага келган мураккаб ва синовли кунларда ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйиб, мавжуд хатарларга қарши курашиш, инфекция кенг тарқалишининг олдини олиш, юртимизда санитар-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси, ўзининг матонати, билим ва салоҳияти, профессионал маҳоратини намоён этиб, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, беморлар ҳаётини асраш, уларга юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш борасидаги алоҳида хизматлари, шунингдек ўз бурчи ва қасамёдига содиқ қолиб, зиммасига юкланган вазифаларни бажариш йўлидаги улкан жасорати ва фидойилиги учун бир гуруҳ юртдошларимиз фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотланди.

Улар ичида вилоятимиздан II даражали “Саломатлик” ордени билан вилоят юқумли касалликлар шифохонаси ҳамшираси Севара Қучқарова, вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази эпидемиологик мониторинг ва профилактик тадбирларни ташкил этиш бўлими – эпидемиолог врачи Замира Сарибаева, вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг реанимация бўлими мудири Ўктам Ҳамрақулов, “Жасорат” медали билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиали директорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари марҳум Ботир Ҳамрақулов, “Содиқ хизматлари учун” медали билан Жиззах шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Исомитдин Аширматов, “Соғлом турмуш” медали билан вилоят санитария-эпидемиология осойишталик маркази вирусология лабораторияси кичик тиббий ходими Мамлакат Мамаюсупова, вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг ўта хавфли юқумли касалликлар лабораторияси лаборанти Эркинжон Холмуратов, “Шуҳрат” медали билан вилоят Ички ишлар бошқармаси Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси гуруҳ командири Сардор Арибжанов, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси вилоят қўриқлаш бошқармасининг алоҳида батальони гуруҳ командири Алишер Бекназаров ҳамда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиали тез тиббий ёрдам бўлими шифокори Дурдона Джаббарова тақдирланишди.

Фурсатдан фойдаланиб, фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирланганлар ва улар билан бир сафда туриб бу касалликнинг олдини олишда чинакам жасорат ва матонат кўрсатаётган жонкуяр ва олийжаноб шифокорларимиз ҳамда Ички ишлар органлари, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимларига шахсан ўз номимдан ва вилоятимиз аҳли номидан чуқур миннатдорчилик билдираман.

Шунингдек, юқорида номи зикр этилган “Жасорат” медали билан тақдирланган Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиали директорининг даволаш  ишлари бўйича ўринбосари марҳум Ботир Ҳамрақуловнинг оила аъзоларига вилоят фаоллари ва ўз номимдан чуқур ҳамдардлик  билдираман.  

Азиз юртдошлар!

Улуғ айём Қурбон ҳайити арафасида барчангизга соғлиқ-омонлик, хонадонларингизга тинчлик-осойишталик ва оилангизга хотиржамлик тилайман!

Биз бу кунларда ҳар қачонгидан ҳам бирлашиб, баҳамжиҳатликда, “Пандемияга қарши кураш – ҳар  биримизнинг виждон ишимиз”, “Ўзим, оилам, фарзандларим соғлиғи учун аввало ўзим жавобгарман” деган  ғоя билан баҳамжиҳат бўлсак бу оғир кунларни биргаликда енгиб ўтишимизга иншонаман!   

Яратганнинг ўзи Жиззахликларни, бутун халқимизни ҳамда инсониятни бу офатдан тезроқ озод қилсин, барчамизни ўз паноҳида асрасин! УЙДА ҚОЛИНГ!

                   

Эътиборингиз учун раҳмат!

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!