Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Зафарободда камчиликлар рўйрост айтилди
27 июль 2018 г 2 940 Комментарии: 0
Вояга етмаганлар ишлари бўйича Зафаробод туман идоралараро комиссиясининг жорий йил 6 ойлик якунларига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда сўзга чиққан туман ҳокимининг ўринбосари, комиссия раисининг ўринбосари Зафар Тоштемировнинг ҳисоботида вояга етмаганлар билан ишлаш борасида амалга оширилган ишларга танқидий баҳо берилиб, бу борадаги камчиликлар рўйрост айтиб ўтилди. Туман прокурори Илҳом Болибеков вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия фаолиятидаги хато ва камчиликлар, таълим муассасаларида ўқувчилар давоматининг пастлиги, уларни тўгаракларга жалб этиш ишлари, ёшларни доимий иш билан таъминлаш талаб даражасида эмаслиги ҳақида гапирди ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари камчиликларни зудлик билан бартараф этишлари лозимлигини таъкидлади.
Йиғилишда қайд этилганидек, туманда вояга етмаганлар 19229 нафарни ташкил этади. Тумандаги 20 та умумтаълим мактабларида 7102 нафар, 3 та касб-ҳунар коллежида 1176 нафар ўқувчилар таҳсил олаяпти. Касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг аксарияти турли фанлар бўйича тўгаракларга, спорт секцияларига жалб этилган. Салкам 2 мингга яқин ўқувчилар туман болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, "Баркамол авлод” маркази, 13-сонли болалар мусиқа мактабидаги тўгаракларда шуғулланишади. Ўтган даврда ёшлар ўртасида 15 та спорт мусобақаси ташкил этилган. Шу билан бирга "Ёшлар гиёҳвандлик ва одам савдосига қарши”, "Ёшлар—соғлом турмуш тарафдори”, "Қариндошлар ўртасида никоҳнинг салбий оқибатлари” каби мавзуларда 30 дан ортиқ давра суҳбатлари ўтказилган. Туман ёшлари турли танлов ва мусобақаларда ғолиб бўлаяптилар.
Ёшларни бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Зафаробод туман Кенгаши қошида Ёшлар ижтимоий хизматлар маркази ташкил қилинди. Марказда инглиз тили, рус тили, тикувчилик, тўқувчилик, сартарошлик, шахмат тўгараклари ҳамда "Ёш тадбиркор” консультатив маркази фаолият кўрсатмоқда. "Биз жиноятчиликка қаршимиз” шиори остида профилактик ҳисобда турган, жиноятчиликка мойиллиги бор, имконияти чекланган ёшлар Самарқанд шаҳрига зиёратга олиб борилди. Навқирон авлод вакилларини китоб мутолаа қилишга ўргатиш мақсадида турли танловлар ўтказилмоқда. "Ёш китобхон” саралаш босқичида 1500 нафарга яқин ўқувчилар фаол қатнашди.
Аммо, ярим йиллик таҳлили шуни кўрсатдики, вояга етмаганлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш,ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳамон кузатилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 6 ойи давомида 1 нафар ўсмир ўз жонига қасд қилган. 3 нафар вояга етмаганлар ҳуқуқбузарлик содир этган. Касб-ҳунар коллежларида ўтказилаётган давомат тадбирлари ўқувчиларнинг дарс машғулотларга иштироки ниҳоятда паст эканлигидан далолат беради. Жумладан, маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида давомат паст бўлишига қарамасдан масъул раҳбарлар етарли чоралар кўришмаётганиниқандай изоҳлаш мумкин?
Тумандаги касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари билан ҳамкорлик етарлича йўлгақўйилмаган. Таълим муассасаларининг педагог-психологлари ва бошқа масъул ходимлари томонидан тарбияси оғир ёки ўзлаштиришда ортда қолаётган, оиласи нотинч вояга етмаганларнинг рўйхати юритилмаган, улар билан профилактик суҳбатлар ўтказиш учун чоралар кўрилмаган.Ўқувчиларнинг ўқув машғулотларига қатнашишини таъминлаш борасида кўча етакчилари ва оқсоқоллар ёрдамидан фойдаланилмаяпти. Ўқимасдан, ишламасдан юрган вояга етмаганларни аниқлаш борасида аҳоли ўртасида сўровномалар ўтказилмаяпти.Тунги вақтларда вояга етмаганларнинг назоратсиз юришларининг олдини олиш мақсадида фақатгина ички ишлар бўлими ходимлари ва посбонлар рейдлар ўтказишаяпти, холос. Бу ишга ўқув муассасалари раҳбарияти, жамоатчилик вакиллари жалб қилинмаяпти. Комиссия томонидан фарзандларини дарсларга юбормаган 13 нафар ота-оналарга нисбатан маъмурий ишлар кўриб чиқилди.
Йиғилишда комиссия аъзоларининг белгиланган вазифаларни тўлиқ бажармаётгани, амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳисоботлар берилмаётгани танқид остига олинди. Жумладан, комиссия аъзолари бўлган ташкилотлар— туман маданият бўлими мудири, "Маҳалла” жамғармаси туман бўлими, 3 та касб-ҳунар коллежлари директорлари жорий йилнинг ўтган даври юзасиданҳисоботлар бермаганлигини қандай баҳолаш мумкин? Комиссия ишларини юритиш фақат комиссия масъул котибига юклаб қўйилганлиги очиқ ва ошкора айтилди.
Тадбирда комиссия ишини самарали ташкил этиш мақсадида вояга етмаганлар ўртасидаҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, бандликни таъминлаш, тарбияси оғир ўқувчилар билан профилактик тадбирлар ўтказиш, касб-ҳунар коллежлари, умумтаълим мактабларининг директорлари, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларининг раислари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, тиббиёт бирлашмаси, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши, туман Бандликка кўмаклашиш маркази ходимлари, профилактика инспекторларининг масъулиятини ошириш юзасидан долзарб вазифалар белгиланди.
Васил ИЛЁСОВ
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!