Жиззах вилояти ҳокимлиги » Вилоят ҳокимлиги » Ҳоким билан суҳбат. Жиззах вилоятини истиқболда нималар кутмоқда?
29 апрель 2018 г 3 344 Комментарии: 0
KUN.UZ таҳририяти ижодий гуруҳи келиб тушган мурожаатлар асосида Жиззах вилоятига сафар уюштирди. Мазкур сафар давомида аҳолини қийнаб келаётган турли муаммолар ўрганилди, шу билан бирга, мазкур мурожаатлар юзасидан вилоят ҳокими Эргаш Салиев билан суҳбатлашилди.
- Ўзбекистон мустақилликка эришгач, турли соҳаларда изчил ислоҳотлар бўлиб турган. Аммо 2016 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб мазкур ислоҳотлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Мен узоқ йиллардан буён раҳбарлик фаолиятида ишлаб келаман. Бу ўз-ўзидан инсонда мазкур йўналишда тажриба ҳосил қилади ва ундан иш жараёнида кенг фойдалансиз. Ана шундан келиб чиққан ҳолда айтишим мумкинки, ижтимоий соҳани ислоҳ қилиш асосий вазифалардан бири ҳисобланади, - деди Э.Салиев.
Ўтган йили амалга оширилган ишларга назар ташлайдиган бўлсак, мулоқотлар жараёнида ногиронлиги бор, уй-жойга эҳтиёжмандларга ёрдам берилди, уларнинг уй олишлари учун бошланғич бадаллар тўлаб берилди. Шу билан бирга уларни иш билан таъминлаш ишлари ҳам атрофлича бажарилди.
Вилоятда мактабгача таълим тизимида ҳам фаол чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Масалан, бугунги кунда вилоятда 22,3 фоиз 5 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинган. Аммо ана шу муассасаларнинг ҳам ўз муаммолари етарлича: айримлари совуқ, айримларида спорт майдончаси йўқ, бошқалари эса эски биноларда жойлашган. Президентимиз вазифа этиб берганларидек, кейинги беш йил ичида мазкур тизимни ривожланган мамлакатлар даражасига етказишимиз керак. Албатта, бу борада ҳам ўз режаларимиз бор. Бугун вилоятда 11 та хусусий боғча ташкил этилди. Шароитлари жуда яхши. Бу борада имтиёзлар ҳам яхши берилмоқда. Бу кўрсаткични 195тага етказишни режа қилганмиз.
Э.Салиев Жиззах вилоятида спорт йўналиши бўйича нималар қилингани ва режада қандай ишлар борлиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
- Ўтган йил жиззахлик ёш спортчилардан 50 нафардан ортиғи халқаро турнирлар ғолибларига айланишди. Ўзбекистон спорти тарихида илк марта жиззахлик қиз мартда ўтадиган қишки паралимпия ўйинларида иштирок этади. Тўғрисини айтсам, Республика Олимпия қўмитасига, Республика бокс федерациясига кўп эътироз билдирганман. Негаки, айрим спорт мусобақаларида ютқизиб қўйишяпти. Бизда, Жиззах вилоятида бокс бўйича 81 кг вазнда Жалолиддин Ўктамов, деган спортчи бор. У иккита муҳим жангни муваффақият билан якунлади. У ҳозир ҳомийлар ёрдамида учинчи жангини ўтказиш учун Москва шаҳрига жўнаб кетди. Лекин уни терма жамоа таркибига чақиришмайди.
- Жиззах вилоятида туризм имкониятлари 5 фоизга ҳам ишлатилмаяпти, - дейди Э.Салиев вилоятда туризмни ривожлантириш масалаларига тўхталиб ўтар экан. - Мисол учун, вилоятга эътибор берадиган бўлсак, у Ўзбекистоннинг қоқ марказида жойлашган вилоятлардан бири. Мен Жиззахни кичик Ўзбекистон, деб биламан. Чунки бу ерда тоғ бор, кўл бор, ўрмон ҳам, чўл ҳам бор. Туризм учун имкониятларимиз етарли.
Яқинда Қатарга делегациямиз борди. Мен Фориш ва Зоминдан махсус лавҳалар олдириб, дискларда бериб юбордим. Мақсад у ердаги бойларни вилоятимизга сафар уюштиришларига қизиқтириш. Туризмнинг йўналишлари кўп, аммо Ўзбекистонда спорт туризми деган йўналиш жуда кам ишлатиляпти, унга аҳамият сустроқдик.
Масалан, Зомин денгиз сатҳидан 2500 метр баландликда жойлашган. Машғулот олиб бораётган спортчи учун бу оптимал шароит ҳисобланади. Бунинг учун чет элликлар ва ўзимизнинг Спорт вазирлиги билан ҳамкорликда у ерда база ташкил этиб, керак бўлса, машҳур спортчи ва жамоаларни ундан фойдаланишларига имкон яратиб берилса, бу республикага валюта тушумининг ошишига сабаб бўлади. Бу базалардан маҳаллий спортчилар ҳам ихтиёрий фойдаланишлари мумкин бўлади.
Youtube`да кўриш
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!