» » ЭГИЗБУЛОҚ МАҲСУЛОТЛАРИ ЭКСПОРТГА ЮБОРИЛАДИ

ЭГИЗБУЛОҚ МАҲСУЛОТЛАРИ ЭКСПОРТГА ЮБОРИЛАДИ

15 сентябрь 2020 г 1 304 Комментарии: 0

Фориш туманида 2020 – 2022 йилларга мўлжалланган умумий қиймати 5 триллион 672 миллиард 535 миллион сўмлик 64 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. Лойиҳаларнинг асосий қисми саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги йўналишларида бўлиб, дастур ҳаётга тўлиқ татбиқ этилгач, 1340 та янги иш ўрни яратилади.
Эгизбулоқ ҳудудида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар бугун бўй кўрсатмоқда. «MEGA INVEST INDUSTRIAL» МЧЖ Ўзбекистон – Буюк Британия қўшма корхонаси 2015 йилда ташкил этилган эди. Корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган базальт толаси ва бошқа қурилиш материаллари аллақачон ўз харидорини топган. Умумий лойиҳа қиймати 55,9 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи корхонада 4000 тонна базальт толасидан 4-24 диаметргача бўлган ўлчамдаги арматуралар, сетка, фибра каби қурилишбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Ўтган йили Чехияга 22 минг 500 АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинди.

Бу йил қўшма корхона Европа мамлакатларига 1000 тонна маҳсулот экспорт қилишни режалаштирган. Корхонада базальт толасидан янги турдаги композит қувурлар ва гесоетка маҳулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилгач, қўшимча 250 нафар ёшнинг бандлиги таъминланади.
Ҳудудда «BASALT WOOL», «GEOBASALT PRODUST», «BASALT THERMO» МЧЖ Ўзбекистон – БАА каби турдош қўшма корхоналарда бетон плиталар, қувур ва профиллар, маҳаллийлаштириш дастури асосида базальт толасидан экспортбоп қурилиш материаллари ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳам амалга оширилмоқда.

Шунингдек, Эгизбулоқ саноат зонасида оҳак ва цемент ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар сафи ҳам кенгайиб бормоқда. «ECO CEMENT» МЧЖ Ўзбекистон – Чехия қўшма корхонаси «Жиззахцемент», «Энтер цемент», «TOWER INVESTMENT» МЧЖлари ана шундай заводлардан саналади. Лойиҳа қиймати 145 миллион АҚШ долларини ташкил қилувчи «ECO CEMENT» қўшма корхонасида йилига 1 миллион тонна экспортбоп портланд цементи ишлаб чиқарилади. Маҳсулотнинг 30 фоизи экспортга, қолган қиcми ички бозорга чиқарилади. Завод ишга тушгач 150 та янги иш ўрни яратилади.
Суткасига 500 тонна оқ цемент ишлаб чиқариш қувватига эга «TOWER INVESTMENT» МЧЖга қарашли карьер ҳудудида қурилиш ишлари жадаллик билан олиб бориляпти. Эгизбулоқ этакларида ястаниб ётган тоғлардан 80 фоиз хом ашё қазиб олинаётир. Темир моддасига бой тоғ жинсларидан сифатли, рақобатбардош цемент ишлаб чиқарилади. Цемент таркибига қўшиладиган кўмир кули, сланец, гипс каби қурилиш хом ашёлари Ангрен, Олмалиқ ва Фарғонадан келтирилади. Завод қурилишида иш тўрт сменада ташкил этилган бўлиб, 40 нафар қурувчи бунёдкорлик ишларига жалб қилинган. Муҳандис /иёсиддин Мирзаакбаров, эксковаторчи Аброр Мелиев, пайвандчи Элдор Исмоилов, бетон қурилмаси бошқарувчиси Мақсад Жуманазаров, ишлаб чиқариш цехи оператори Атҳам Юлдошевлар меҳнати таҳсинга лойиқ.
– Маҳсулотимиз Навоий, Бекобод, Оҳангарон, Қувасойда ишлаб чиқарилаётган цементлардан юқори сифатлилиги билан ажралиб туради, – дейди қурилиш объекти муҳандиси Мусажон Умрзоқов. – Хитойнинг «GONGY CITY FENGYUAN HEAVY MACHINERYCO» LTD компаниясидан тош майдалагич дастгоҳлари, фильтрлар, кўтаргич элеваторлар келтирилди.
«TIANSHAN INDUSTRIES» МЧЖ қўшма корхонасида лойиҳа қиймати 25 миллиард 200 миллион сўмлик замонавий энергияни тежовчи оҳак ишлаб чиқариш корхонасининг қурилиши ниҳоясига етай деб қолди. Йилига 100 минг тонна маҳсулот тайёрлаш қувватига эга заводда сўнгги пардозлаш ишлари кетаяпти. Хитойнинг «CHINT» компанияси технологияси асосида бунёд этилган 2 та оҳак пиширувчи қозонхона 1800 тонна сиғимга эга.
Шу ерда хитойлик мутахассисларни суҳбатга тортдик.
– Аввало, бутун халқингизни миллий байрамингиз мустақилик куни билан табриклайман. Бағри очиқ, меҳмондўст халқингизга, юртингизга фаровонлик ва ривож тилайман, – дейди Лу Жун Йи.
– Ўзбекистон – Хитой муносабатлари ривожланган сари юртингизга Чин ўлкасидан сармоядорлар, инвесторлар, сайёҳлар оқими кўпайди. Биз ҳам мутахассис сифатида билимга, меҳнатга чанқоқ ўзбек ёшларига янги технологияларни ўргатаётганимиздан бошимиз кўкка етади. Алоқаларимиз бунданда бардавом бўлишини истайман, – дейди Жан Вей.
– Ўтган йилга нисбатан туманнинг экспорт имкониятлари уч ярим баробарга ошиб, йил якунига қадар 7 миллион 570 минг АҚШ долларига етиши прогноз қилиняпти, – дейди туман инвестиция ва ташқи савдо бўлими бош мутахассиси Беҳзод Эркинов.
Туманда туристик жозибадорликни ошириш имкониятлари мавжуд.
– «Учқулоч» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида «SHIFO BAXSH JIZZAX DENGIZI» масъулияти чекланган жамияти ташаббуси билан туристик комплекс барпо этиш истиқболли лойиҳаларимиздан бири, – дейди туман ҳокимлигининг етакчи мутахассиси Шаҳзод Балхиев. – Лойиҳа қиймати 245 миллиард сўмни ташкил этувчи 63 гектарлик комплекс фойдаланишга топширилгач, йил бўйи 36000 нафар сайёҳ қабул қилинади. 100 нафар маҳаллий ёшнинг бандлиги таъминланади. Комплекс атрофида экобоғ барпо этилади.

Вилоятимизнинг ер майдони жиҳатдан энг катта тумани саналган Форишга бугун хорижлик инвесторларнинг қизиқиши ортмоқда. Ҳудуднинг асрлар давомида ўз бағрида яшириниб ётган табиий маъданлари, бойликлар юзага чиқмоқда. Қизилқум, Нурота, Айдаркўл хазинаси ҳали кўплаб сайёҳлар, сармоядорларни ўзига мафтун этиши шубҳасиз.

Зоир ЭРГАШЕВ

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!