Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Муносиблар танлаб олинди
05 октябрь 2020 г 1 473 Комментарии: 0
Яқиндагина шаҳар ҳокимлиги расмий сайти ҳамда бошқа ижтимоий тармоқлар орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Жиззах вилоят филиали Жиззах шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда белгиланган вакант лавозимларни малакали ва энг муносиб номзодлар билан тўлдириш мақсадида очиқ мустақил танлов эълон қилган эди.
Танлов 4 босқичда ўтказилиши белгиланди. Биринчи босқичда, танловнинг очиқ, шаффоф ва адолатли бўлишини таъминлаш мақсадида вакант ўринлар тўғрисидаги маълумотлар, лавозимлар учун малака талаблари Агентликнинг давлат фуқаролик хизматчиларининг ягона очиқ портали (vacancy.argos.uz) га жойлаштирилди. Агентлик ва ҳокимликнинг расмий веб-сайтларида, ижтимоий тармоқларда танлов тўғрисида эълонлар берилди.
2020 йилнинг 4 сентябрь кунидан танловга хужжат қабул қилиш бошланди ҳамда 18 сентябрь куни якунланди.
Хужжатлар онлайн кўринишда портал орқали қабул қилинди. Танловда иштирок этиш истагини билдириб 53 нафар номзодлар хужжат топширди.
Қабул қилинган хужжатлар асосида номзодларни вакант ўринлар учун малака талабларига мослигини ўрганиш танловнинг иккинчи босқичини ташкил этди. Унда номзоларнинг маълумоти ва мутахассислиги, охирги иш фаолияти давомида бошқарув лавозимларида ёки мазкур лавозимга тенглаштирилган лавозимларда ишлаганлиги ва бошқа жиҳатлари ўрганиб чиқилди, саралаш босқичидан 15 нафар номзодлар танловнинг учинчи суҳбат босқичига ўтказилди.
Жорий йилнинг 2 октябрь куни Жиззах шаҳар ҳокимлиги кичик мажлислар залида шаҳар ҳокими Акбар Шукуров бошчилигида ушбу танловнинг суҳбат босқичи ўтказилди. Унда Жиззах шаҳар ҳокимлиги томонидан тузилган комиссия аъзолари, Агентлик филиалининг вакиллари ва ОАВ ходимлари ҳамда 15 нафар танлов иштирокчилари иштирок этди.
Суҳбат босқичида номзодларнинг намунавий шахсий фазилатларга-интеллект, мустақил қарор қабул қилиш ва иш тутиш, қатъий ҳаракат қилиш, муассаса стратегик мақсадларига эришишни таъминлаш хусусиятларига эга бўлиш, стратегик ва таҳлилий фикр юрита олиш, қарорларни тез қабул қила олиш ҳамда юклатилган вазифаларни сифатли ва самарали бажара олиш қобилиятлари баҳоланди. Комиссия аъзолари томонидан ҳар бир номзодга
5 тагача савол берилди ҳамда “дастлабки синов муддати билан меҳнат шартномаси тузиш тавсия этилади” ёки “меҳнат шартномаси тузиш тавсия этилмайди” каби хулосалар берилди.
Танлов комиссияси аъзоларининг энг кўп ижобий тавсиялари билан “Жиззах шаҳар ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш давлат тили тўғрисидаги қонун хужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси” лавозимига Шерқўзиева Сурайё Абдуғаффор қизи, Девонхона (умумий бўлим) етакчи мутахассиси лавозимига эса Ягдарова Мафтуна Абдусатторовна номзодлари танлов ғолиби деб эълон қилинди. Натижалар билан номзодлар шу куннинг ўзида таништирилди ҳамда расмий баённома тузилди.
Тўртинчи босқичда танлов ғолиблари билан меҳнат шартномалари тузилди.
Бу каби очиқ мустақил танловларнинг ўтказилиши давлат фуқаролик хизматига киришда барча фуқароларнинг тенг имкониятлардан фойдаланишига, давлат органлари ва ташкилотларидаги мавжуд вакант ўринларни малакали мутахассислар билан етарли даражада таъминлашга, кадрлар малакасининг юклатилган вазифалар ва замонавий эҳтиёжларга мувофиқ бўлишини таъминлашга, давлат фуқаролик хизмат ходимлари томонидан қабул қилинаётган қарорлар сифатининг юқори бўлишига олиб келади.
Келгусида давлат фуқаролик хизмати соҳасида амалга оширалётган ишларнинг ўз самарасини бериши баробарида, очиқ мустақил танлов орқали давлат фуқаролик хизматига жалб этилаётган кадрларнинг ўз соҳаларида катта ютуқларга эришиб, соҳа ривожланишига муносиб ҳисса қўшишларига ишонамиз. Зеро, меритократия тамойилига асосланган очиқ мустақил танловлар келажакда мамлакатимиз ривожи учун хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги
Жиззах вилояти филиали бош инспектори
Орифхўжа Мелиев
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!