Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда журналистлар солиқ идораси тадбиркорга қандай кўмакчи бўлаётгани ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдилар
27 октябрь 2020 г 967 Комментарии: 0
Жиззах вилояти Давлат солиқ бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 августда қабул қилинган “Қўшилган қиймат солиғи ҳамда чет эл юридик шахслари билан боғлиқ солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарори ижроси натижаларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.
Коронавирус пандемияси сабабли кузатилаётган мураккаб иқтисодий шароитда юртимизда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Давлат солиқ қўмитаси томонидан товарлар экспортига қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС)нинг ноль ставкасини қўллаш натижасида ҳосил бўлган солиқ суммасини тадбиркорлик субъектларига қайтаришнинг тезкор амалиёти йўлга қўйилган эди.
Ҳужжатларни тақдим этиш ва қўшилган қиймат солиғини қайтариш жараёнлари сезиларли даражада соддалаштирилди. Эндиликда солиқ тўловчи ҚҚСни қайтариш учун шахсий кабинети орқали электрон шаклда мурожаат юбориши кифоя.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 августда қабул қилинган “Қўшилган қиймат солиғи ҳамда чет эл юридик шахслари билан боғлиқ солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш тўғрисида”ги 489-сонли қарорига мувофиқ ҚҚС суммаси ўрнини қоплашнинг янги шартлари ва тартиби белгиланди.
Ҳужжат билан “Қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш тартиби тўғрисида Низом” тасдиқланди. ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш масаласи солиқ тўловчи ҳисобга олинган жойдаги давлат солиқ бошқармаси томонидан, йирик солиқ тўловчилар эса Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси томонидан кўриб чиқилади ва қарор қабул қилинади.
Ҳисоботида номувофиқликлар аниқланган тадбиркорлик субъектлари хатоларини тузатиб, ҚҚС суммасини қайтариш учун қайта ариза юборишга ҳақли.
Жиззах вилоят ДСБга жорий йилнинг 17 август кунидан бугунги кунга қадар хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ҚҚСдан бўлган салбий фарқ суммасини қайтариш бўйича 167 та ариза келиб тушган бўлиб, шундан 117 та субъектларнинг аризалари кўриб чиқилди. Вазирлар Маҳкамасининг 489-сонли қарорига асосан, 68 та субъектга 76.106.233.0 минг сўм ҚҚСдан бўлган салбий фарқ суммаси ҳисоб рақамига қайтарилди. 49 та субъектларнинг аризаси ҚҚС ҳисоботи ва аризага илова қилинган маълумотларда хато ва камчиликлар аниқланганлиги сабабли қайтарилган. Қолган 50 та субъектнинг аризаси кўриб чиқилмоқда.
Оммавий ахборот воситалари орқали ҚҚСнинг манфий суммасини қайтариш мавзусида 56 марта чиқишлар қилинди ҳамда доимий равишда тушунтириш-тарғибот ишлари давом этмоқда.
Брифингда, шунингдек, Жиззах вилоят Давлат солиқ бошқармаси фаолиятининг 9 ойлик якунларига ҳам қисқача тўхталиб ўтилди.
Жиззах вилояти ДСБ Ахборот хизмати
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!