Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » «Берсанг ейман, урсанг ўламан» қабилида яшайдиган замон ўтди
04 август 2018 г 2 991 Комментарии: 0
Маҳалла идораси ҳовлисидамиз.
Дарахтлар соясига қўйилган ўриндиқлар асосан ёш-яланг йигитлар билан гавжум. 25 – 35 ёшлардаги тоғни урса талқонқиладиган йигитлар маҳалла раиси олдига фарзандларига нафақа тайинлатиш масаласида келишганини айтишди. Аслида фарзанд туққан ҳам, уни туну-кун ардоқлаб вояга етказаётган ҳам аёллар эмасми. Тоғни урса талқон қилгудек бу йигитларнинг ҳаётдан нолиб, яшаш қийин бўлиб кетганлигини важ қилиб, ўзини бечораҳол кўрсатиб, турмуш ўртоғининг, фарзандларининг нафақасига кўз тикиб маҳалла идораси олдида сарғайиб туриши ҳарқандай кишида ташвиш уйғотади. Бирор жойда ишлашса бўлмайдими, деган хаёл кўнглингиздан ўтади.
Ёки бўлмаса бирор касб-кор ёки ҳунарнинг этагидан тутиб, келажак сари дадил қадам ташлаши керак бўлган йигитларнинг арзимаган даромад орқасидан ўғирлик, талончилик, босқинчилик каби қилмишларни содир этаётгани дўппини ерга қўйиб, жиддий ўйлаб кўрилиши шарт бўлган муаммолар мавжудлигидан далолат. Шунинг учун ҳам ривожланишнинг янги босқичига ўтган мамлакатимизда фуқароларни боқимандалик руҳиятидан холос қилиш, унга муносиб шарт-шароитлар яратиш орқали ташаббускорлик, ишбилармонлик кўникмаларини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда ва бу борада жиддий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Жумладан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 7 июндаги «Ҳар бир оила – тадбиркор дастурини амалга ошириш тўғрисида»ги қарори имкониятлар кўламини кенгайтириб, юртдошларимизни янада фидойилик билан меҳнат қилишга, изланишга ундайди.
Рўзғорга қут-барака, хонадонга файз, фаровонлик ўз-ўзидан келмайди. «Олма пиш, оғзимга туш» ёки «Берсанг ейман, урсанг ўламан» қабилида яшашга ўрганган одамларни боқибеғамлик, боқимандалик каби ғафлат уйқусидан уйғотиш, аввало ўша инсоннинг ўзига, оиласига, ўз навбатида, мамлакат равнақига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Президентимизнинг юқорида баён этилган қарорига кўра, ҳар бир оиланинг тадбиркорлик билан шуғуланиши ва барқорор даромад манбаига эга бўлиши учун етарли шарт-шароитлар яратиш мақсадида мамлакатимизнинг ҳар бир туман ва шаҳрида, энг аввало олис ва табиий иқлим шароити оғир ҳудудларда аҳолининг моддий шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш тарзи сифати ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришлар таъминлашга қаратилган. «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури амалга оширилади. Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган аҳолининг ишбилармонлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёзли кредитлар ажратиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга оширишнинг ҳар бир босқичида мутасадди идоралар томонидан тизимли амалий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш, тадбиркорлик ва даромад келтирадиган меҳнат фаолияти билан шуғулланмаган аҳолига тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш ва тегишли фаолият турини ташкил қилишга амалий ёрдам кўрсатиш, касаначилик ва кичик ҳажмда ишлаб чиқарувчи субъектларни (микрофирмаларни) ташкил этиш учун молиявий ёрдам бериш орқали аҳолига қўшимча даромад ишлаб топиш имкониятини яратиш, қишлоқ ва маҳаллаларнинг ихтисослашувини (ҳунармандчилик, тикувчилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг айрим турларини етиштириш, ихчам иссиқхоналар ташкил қилиш ва бошқалар) ҳисобга олган ҳолда, мазкур соҳада ижобий натижаларга эришган ишбилармонлик тажрибасига эга тадбиркорларни маҳаллаларда янги бизнес фаолияти билан шуғуланишни бошлаган оилаларга бириктириш каби долзарб масалалар дастурнинг асосий йўналишлари этиб белгиланган.
Тадбиркорлик бевосита сармоя билан боғлиқ фаолият ҳисоблангани боис, дастурда тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар ажратиш тартиби ҳам белгилаб берилди. Масалан, сиз оилавий тадбиркорликни ривожлантирмоқчисиз дейлик. Бунинг учун маҳалла фуқаролар йиғинлари ва ҳудудингиздаги сектор раҳбарларининг тавсияномаси билан ҳеч қандай таъминотсиз энг кам иш ҳақининг 150 бараваригача миқдорда тижорат банкларидан кредит олишингиз мумкин.
Хўш, кредит қандай мақсадларда берилади? Низомга мувофиқ, дастур доирасида имтиёзли кредитлар қарз олувчиларга тадбиркорликни йўлга қўйиш ёки ривожлантириш мақсадлари учун ажратилади. Кредитлар тадбикорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган жисмоний шахслар, кичик тадбиркорлик субъектлари ҳисобланган якка тартибдаги тадбиркорлар, микрофирмалар, кичик корхоналар, деҳқон ва фермер хўжаликлари ҳамда оилавий тадбиркорларга энг кам иш ҳақининг 150 бараваридан 1000 бараваригача миқдорда берилади. Кредитларнинг фоиз ставкаси йиллик 7 фоиз миқдорида белгиланган бўлиб, бунда кредит линияси 3 фоизни банк маржаси 4 фоизни ташкил этади.
Микрокредитлар 6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга ажратилади. Кредитлар амалга ошириладиган лойиҳанинг бизнес режасига мувофиқ, ўзини ўзи қоплаш жиҳатларидан келиб чиқиб, 2 йилгача имтиёзли давр билан 5 йил муддатгача ажратилиши мумкин. Бунда берилаётган имтиёзли кредитни қайтариш муддати батафсил асослантирилиши керак.
Агар сизга кўпроқ маблағ керак бўладиган бўлса, бу жиҳатлар ҳам эътиборга олинган. Туман ва шаҳарлар самарадорлиги юқори ва барқарор иш ўринлари яратиш имконияти мавжуд лойиҳаларга дастур доирасидаги ресурслар ҳисобидан энг кам иш ҳақининг 1000 бараваридан ортиқ миқдорда йиллик 7 фоиз ставкада имтиёзли кредит ажратилиши мумкин. Бунда самарали лойиҳалар тегишли ҳудудий ишчи гуруҳлар томонидан танлаб олинади ва ушбу лойиҳанинг ҳақиқатда мазкур ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги аҳамияти қайд этилган ҳолда имтиёзли кредитлашга хулоса тайёрланади ва хулоса ишчи гуруҳларнинг барча аъзолари томонидан имзоланади.
Шу ўринда низом билан қандай мақсадларга кредитлар ажратилмаслги ҳам белгилаб қўйилганлигини айтиб ўтиш лозим.
Кредитлар;
- илгари олинган кредитларни ёки ҳар қандай бошқа қарзларни қайтариш;
- алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш;
- савдо-воситачиликни амалга ошириш;
- умумий овқатланиш ташкилотларининг айланма маблағларини шакллантириш;
- ишлаб чиқариш мақсадлари учун ишлатилмайдиган шахсий мулкни сотиб олиш;
- маъмурий харажатларни тўлаш, жумладан, хизмат автомобиллари таъминоти;
- мебел, уяли телефон сотиб олиш, шунингдек, алоқа хизматларига тўлаш мақсадлари учун ажратилмайди.
«Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида кредит билан боғлиқ масалалар қаттиқ назоратга олинади. Молия суғурта ташкилотлари билан биргаликда тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитларнинг қайтмаслик хатари суғурталанганда, суғурта тўловини 1,5 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда белгилаш ҳамда суғурталаш шартларини енгиллаштириш чораларини кўриш вазифаси юклатилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси дастур доирасида тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган кредитларга устувор равишда кафилликлар ва фоиз харажатларини қоплаш учун компенсациялар ажратилиши ҳам белгилаб қўйилди.
Ҳа, давлатимиз фуқароларимиз қўлига даромад калитини тутқазмоқда. Энди боқимандалик кайфиятига берилиб, «Берсанг ейман, урсанг ўламан» дейдиган давр ўтиб кетди. Изланган, интилган, ҳаракат қилган кам бўлмайди.
Рашид КАРИМОВ
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!