Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда ЎзМТДПнинг X Мажлиси бўлиб ўтди
07 август 2018 г 3 175 Комментарии: 0
Ўзбекистон "Миллий тикланиш” демократик партияси Жиззах вилоят Кенгашининг навбатдаги X Мажлиси бўлиб ўтди.
Унда ЎзМТДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, Жиззах вилоят, туман (шаҳар) Кенгаши ходимлари, партиядан сайланган депутатлар, партия фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этди.
Мажлисда Ўзбекистон "Миллий тикланиш” демократик партияси Жиззах вилоят Кенгаши томонидан 2017 йил 12 июлдаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида ҳамда парламентга Мурожаатномасида белгиланган вазифалар ижроси тўғрисида сўз юритилди. Давлатимиз раҳбарининг мазкур маърузаларидан келиб чиқиб, белгиланган партиянинг чора-тадбирлар Дастурининг 2018 йил биринчи ярим йилликдаги ижроси юзасиданЎзМТДП Жиззах вилоят Кенгаши фаолияти муҳокама этилди.
Сарвар Назарқосимов, ЎзМТДП Жиззах вилоят Кенгаши раиси:
- Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 июлдаги маърузасидан сўнг ЎзМТДП Жиззах вилоят Кенгаши фаолиятида туб ўзгаришлар амалга оширилди, партиявий ишлар танқидий-таҳлилий қайта кўриб чиқилиб, янги мезонлар асосида йўлга қўйилди.
Партия сайловолди Платформасининг маънавий-маърифий, иқтисодий йўналишларидаги дастурий мақсад-вазифалари ижросига алоҳида эътибор қаратилди. Мамлакатимизда маънавий ислоҳотларни амалга ошириш, миллийқадриятларимизни асраб-авайлаш, миллий иқтисодиётда туризмнинг ўрнини ошириш масалаларида партия ташаббуслар билан чиқмоқда. Натижада Жиззах вилоятида аҳолининг партияга бўлган ишончи ортиб, 307 та бошланғич партия ташкилотларига 13 820 нафар аъзолар бирлашди.
Партия фаолиятидаҳамкор ташкилотлар билан тизимли иш олиб бориш муҳим аҳамият касб этади. Биз ҳам айнан шу мезонга таянган ҳолда 2018 йилнинг ўтган даври мобайнида Жиззах вилоят Маданият бошқармаси билан ҳамкорликда иш олиб бордик. Ушбу ҳамкор ташкилот билан биргаликда вилоятдаги маданий мерос объектлари ҳолатини ўрганиб чиқдик. Натижада, 200 дан ортиқ маданий мерос объектлари (монументал ёдгорликлар, зиёратгоҳлар ва тепаликлар) га доир маълумотларни тўплашга муваффақбўлдик. Шунингдек, вилоятдаги музейлар ва фуқароларнинг хонадонларида сақланаётган 80 дан ортиқ гиламларнинг сақланиш ҳолати ўрганилди. Аммо, ушбу ўрганишларда бир мунча муаммолар ҳам туғилди. Яъни, вилоят Маданият бошқармаси билан имзоланган Меморандум ва чора тадбирлар имзоланган бўлишига қарамасдан - Маданият бошқармасининг партия билан ҳамкорликда иш олиб боришда "ўзларини четга олиш” ҳолатлари ҳам учради.
Ўтган давр мобайнида партиямизнинг "Ёшлар қаноти” фаолияти янада такомиллаштирилди. Биргина "Хизмат - беминнат” лойиҳасини оладиган бўлсак – ушбу лойиҳа доирасида Жиззах вилояти бўйича 18 та ўқув курслари ташкил қилинди ва мазкур курсларда 113 нафар ёшларга қўшимча бепул таълим берилди. "Уйма-уй” лойиҳасида ўтган 6 ой давомида вилоят бўйича жами 109 нафар ёшлар ишга жойлаштирилганлиги билан аҳамиятли бўлган бўлса, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирган ёшларга 289млн. сўм имтиёзли кредит олинишига амалий ёрдам кўрсатилганлиги электоратнинг "бизга” бўлган ишончи янада ортишига сабаб бўлади.
Бахром Мамажонов, халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашидаги ЎзМТДП депутатлик гуруҳи раҳбари
Халқ депутаталари Жиззах вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон "Миллий тикланиш” демократик партиясидепутатлик гуруҳининг 2018 йил биринчи ярим йилликдаги фаолияти якунлари тўғрисида...
- Айни кунда Жиззах вилоятида Ўзбекистон "Миллий тикланиш” демократик партиясидан ҳудудий ва маҳаллий вакиллик органларига сайланган 71 нафар депутат фаолият кўрсатмоқда.
Президентимиз бошчилигида мамлакатимизни янада тараққий эттириш, аҳолини ҳаётдан рози қилиш, инсон ҳуқуқларини олий қадрият билиб, манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Албатта, ушбу жараёнларда барча даражадаги партия ташкилотлари ва депутатлар фаол иштирок этиши зарур. Аммо, депутатлик корпуслари томонидан белгилаган вазифалар ўз вақтида бажарилмоқдами? - деган ҳақли савол туғилади. Тўғри, кўпчилик халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилиш, ижро этувчи хокимият органлари фаолияти устидан депутатлик назоратини олиб бориш, жойларда қонунлар, Ҳукумат қарорлари ижроси устидан самарали депутатлик назоратини амалга оширишда фаол иштирок этмоқдалар. Буни маҳаллий Кенгаш сессиялари кун тартибига партия Сайловолди Платформасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, электорат манфаатларини ҳимоя қилишга доир 18та масала киритилиб, Кенгашларнинг тегишли қарорлари қабул қилинганлиги, партия гуруҳларининг жойларда қонунлар ва ҳукумат қарорлари ижроси устидан депутатлик назоратини амалга ошириш борасида 210та депутатлик сўровлари амалга оширилганлиги, фуқароларнинг мурожаатлари асосида эса жами 144 та депутатлик сўровлари чиқарилганлигида кўришимиз мумкин. Шу билан бирга, депутатлар томонидан қонун ва ҳукумат қарорлари ижроси ҳамда фуқароларнинг мурожаатлари бўйича мутасадди раҳбарларга юборилган жами 201 та депутатлик сўровларидан 181 таси (90%) ижобий ҳал этилган. Қолган 20 та(10%) депутат сўровини ижобий ҳал қилиш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда. 69нафар мансабдор шахснинг ҳисоботи тингланди. Доимий комиссиялар йиғилишларида 39 та масала муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилди.
Аммо, халқ депутатлари Ш.Рашидов ва Ғаллаорол туман Кенгаши депутатлари томонидан (туман) Кенгаш сессияси кун тартибига битта ҳам масала киритилмаган. Ушбу туман Кенгашларининг олти ой давомида бир марота ҳам сессияга масала киритмаганлигини қандай изоҳлаш мумкин?... Халқ депутатлари Зомин туман Кенгаши депутати Ғоибназаров Мухаммадали ва Мирзачўл туман Кенгаши депутати Шербоев Камолиддиннинг депутатлик фаолияти қониқарли даражада эмас. Юқорида номлари зикр этилган депутатлар партия билан алоқасини узганлиги, улар билан ишлаш самара келтирмаётганлигини инобатга олиб - бу икки депутатнинг фаолиятини танқидий кўриб чиқиш таклиф этилди. Шу билан бирга бугунги мажлисда бир нечта нофаол ва партия билан ҳамкорликда иш бормаётган депутатларга муддат бериш масаласини ҳам илгари сурдик.
Зулайхо Раззоқова, халқ депутатлари Ш.Рашидов тумани Кенгаши депутати:
- Маълумки, партиямизнинг дастурий мақсад ва вазифаларини руёбга чиқариш, электорат манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда маҳаллий вакиллик органларига партиядан сайланган депутатларимизнинг фаолияти ва уларнинг ташаббускорлиги асосий ўрин тутади. Партиядан сайланган ҳар бир депутат электорат манфаатларини ҳимоя қилиш ва сайловчилар ишончини оқлашни – ўз олдига олий мақсадқилиб қўйиши зарур. 2018 йил давомида Давлат дастурида қайд этилган устувор вазифаларнинг ижросини таъминлаш ва муаммоларни ҳал қилиш мақсадида халқ депутатлари Ш.Рашидов туман Кенгаши депутатлари томонидан қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2018 йил бошида партия Сайловолди платформасида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, халқ депутатлари Ш.Рашидов туман Кенгаши партия гуруҳи ташаббуси билан доимий комиссиялар йиғилишга 2 та масала киритилди. Аммо, туман Кенгаши сессияларига бирорта ҳам масала киритилмади. Бу шуни кўрсатадики Ш.Рашидов туман Кенгаши депутатлик гуруҳи томонидан муаммоларни аниқлаш ва мазкур муаммоларни Кенгаш сессияси кун тартибига олиб чиқишда камчиликка йўл қўйилган. Биз бугунги кунда фақатгина тарғиботга боғланиб қоляпмиз. Партия мақсад вазифаларидан келиб чиққан ҳолда мавжуд муаммоларни ўрганиб, тегишли қонунларга ўзгартиришлар киритиш, қонунлар ижроси ва йўл қўйилган камчиликлар юзасидан мансабдор шахсларнинг эшитувини ташкил қилишда ҳамон суст фаолият олиб бормоқдамиз. Ваҳоланки, сиёсий ислоҳотлар биринчи навбатда сиёсий кучдан, яъни биз депутатлардан - бу ўзгаришларга нисбатан партия позициясини очиқ - ойдин билдириб боришни талаб этади.
Депутат хулосаси. Биз депутатлар фаолиятимизни тўғри йўлга қўйишимиз лозимлиги бугунги куннинг ўзи кўрсатмоқда. Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партия вакиллари билан учрашувдаги "Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” номли маърузасида белгиланган устувор йўналишларни амалга ошириш юзасидан қабул қилган чора-тадбирлар Дастури ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Парламентга Мурожаатномасидан келиб чиқиб барча даражадаги партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари олдида долзарб вазифалар турибди. Депутат ким? Депутат халқ ўз ичидан сайлаган вакил! Мамлакатимиз раҳбари "Депутатга беписандлик – халққа беписандлик”, - деб халқ вакилларига ишонч билдирди. Албатта бу бизга катта куч бағишлайди. Шахсан юртбошимизнинг ўзи биз депутатларни қўллаётган бир вақтда нима учун биз ишламаслигимиз керак!? Мамлакатимизда инсон ва унинг қадр-қиммати биринчи ўринга қўйилган бир пайтда Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган депутатларнинг ҳар ойда ҳудудлардаги муаммоларни ўрганиш борасидаги янги тизим халқ дардини эшитиш, жамиятда илдиз отган кўплаб муаммоларга самарали ечим топишга хизмат қилганлигини таъкидлаб ўтиш жоиз. Тан олиш керак, биз халқ билан мулоқот давомида кўплаб масалаларни жойида ҳал этиш мумкинлигига ўзимиз гувоҳ бўлдик, сайловчи ва электоратимизга берган ваъдаларимизни виждонан яна бир бор сарҳисоб қилиб кўрдик, халқдан бир қадар узоқлашиб қолганимизни англадик.
Олдимизда 2019 йил. Келгуси йилда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади. Демак бизда вақт кам қолмоқда. Билдирилган танқидий фикрлардан тўғри хулоса чиқариб, биз депутатлар партия билан яқиндан ҳамкорлик қилган ҳолда қўйилган вазифаларни ситқидилдан бажариб, келгусидаги иш фаолиятимизни янги босқичга кўтарамиз.
Шунингдек, мажлисда ЎзМТДП Жиззах вилоят Кенгаши ИҚ девони раҳбари в.в.б. Орифхўжа Мелиев Кенгаш аъзолари таркибига ўзгартиш киритиш тўғрисида, партия Жиззах вилоят Кенгашининг 2018 йил учун умумлаштирилган сметасининг биринчи ярим йилликдаги ижроси ва аъзолик бадалларининг тушуми тўғрисидаКенгаши ИҚ девони бош ҳисобчиси Алқар Мансуров сўз юритди.
Сўз олган Ўзбекистон "Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Фируза Мухамеджанова партия Жиззах вилоят Кенгаши фаолияти юзасидан танқидий-таҳлилий фикр юритди.
Мажлисда ЎзМТДП Жиззах вилоят Кенгашининг 2018 йил иккинчи ярим йилликдаги фаолиятининг асосий йўналишлари белгилаб олинди. Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. Якунда фаол депутатлар рағбатлантирилди, партия сафига янги қабул қилинган фуқароларга эса аъзолик гувоҳномалари топширилди.
Улуғбек Мустафаев,
ЎзМТДП вилоят Кенгаши матбуот котиби
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!