Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Арнасой туманида қишлоқ хўжалиги экинларини томчилатиб суғориш бўйича амалий семинар ўтказилди
01 февраль 2021 г 1 366 Комментарии: 0
Экспертларнинг таъкидлашича, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдор-лигининг пасайиши, баъзи ҳолларда эса бой берилиши сув тақчиллиги муаммоси билан боғлиқ.
Бу вазиятни юмшатиш учун суғориш тизимида тежамкор технологияларни жорий этиш, томчиси тиллога тенг оби-ҳаётни беҳуда исроф бўлишининг олдини олиш талаб этилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 11 декабрдаги ПҚ-4919-сонли қарори ижроси юзасидан Арнасой туманида кўргазмали амалий семинар бўлиб ўтди. Ушбу кўргазмали семинар 3 та йўналиш харитаси асосида мутахасислар жойларга бориб тақдимотлар ўтказишди.
Дастлаб, Арнасой тумани 2-сектор масъуллигида Б.Файзиев СИУдаги “Нурли янгибўстон” фермер хўжалиги даласида бўлишди. У ерда “POLIMER IMEX SOLUTION” МЧЖ раҳбари А.Арипов туман фермер хўжалиги раҳбарилари ҳамда Пахтакор ва Зафаробод туманларидан келган миришкор деҳқонларга томчилатиб суғориш натижасида сувнинг иқтисод қилиниши борасида тушинчаларини бериб ўтди.
Иккинчи йўналиш тумандаги 1-сектор масъуллигида Оқ булоқ СИУ худудидаги “Янгибўстон сардорлари” фермер хўжалиги даласида бўлиб, унда “AGRO NEW DRIP” МЧЖ раҳбари М.Хасанов Арнасой, Ш.Рашидов ҳамда Зарбдор туманлари вакилларига томчилатиб суғориш технологиялари билан таништирди.
Шунингдек учинчи йўналиш 4-сектор масъуллигида А.Сойибназаров СИУ худудидаги “Бўстонлиқ Муҳаммад даласи” фермер хўжалигида “AGRO NEW DRIP” МЧЖ раҳбари М.Хасанов Арнасой ва Мирзачўл туман вакилларига томчилатиб суғориш технологияларининг сир-асрорлари билан яқиндан таништирди.
Шундан сўнг “Арнасой пахта ғалла кластери” биносида ўтказилган семинарда ҳам айнан томчилатиб суғориш технологияларининг самарадорлиги борасида сўз борди.
Кўргазмали семинарда Жиззах вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ойбек Ашурматов, "Ўзагросервис" АЖ маркетинг, механизация ва сервис хизматлари бўйича директор ўринбосари Ўктам Мингбоев, Арнасой туман ҳокими Хуршид Алимарданов, “Арнасой пахта ғалла кластери” МЧЖ, “POLIMER IMEX SOLUTION” МЧЖ, “AGRO NEW DRIP” МЧЖ раҳбарлари ва тумандаги СИУ ва фермер хўжалиги раҳбарлари иштирок этишди.
Қайд этиш лозим ўтган 2020 йилда Арнасой туманида ўтган йили 180 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилгани натижасида 144 минг метр куб сувни иқтисод қилишга эришилди.
Томчилатиб суғоришни самарадорлиги шундаки, 1 гектар майдонга кетадиган сувнинг қарийб 40-50 фоизи тежалади. Бу эса замонавий суғориш технологиялари орқали сувни иқтисод қилишга муҳим омил бўлади. Шу боис жорий йилда туманда 325 та фермер хўжалиги 5200 гектар ер майдони томчилатиб суғориш тизими жорий этиладиган бўлди.
Томчилатиб суғориш технологиясини ишлаб чиқарувчи “AGRO NEW DRIP” МЧЖ, “Fayz agro systen” МЧЖ, “Жиззах махсус сув пудрат” ва “Пахтакор ДУК” ҳамда “POLIMER IMEX SOLUTION” МЧЖ каби корхоналар билан шартномалар имзоланмоқда.
Шунингдек жорий йил “Арнасой пахта ғалла кластер” МЧЖ томонидан 28 та чопиқ тракторлари, 4 та култиваторлар, 8 та пиневматик чигит экиш сеялкалари, 23 та ғалла ўриш комбайнлари, 8 та пуркагичлар, 13 та ғаллага минерал ўғит сепгичлар, 1 та лазерни ер текислагич, 5 та Чизеллар, 150 та тишли бороналар олиб келиш эришилди.
Олиб келинган техникалар ва агрегатлар билан қўшиб ҳисобланганда бу кўрсатгич туманда жами 1789 тани ташкил қилиб, шундан 213 та Чопиқ тракторлари, 166 та култиваторлар, 57 та пиневматик чигит экиш сеялкалари, 32 та ғалла ўриш комбайнлари, 42 та пуркагичлар, 47 та ғаллага минерал ўғит сепгичлар, 23 та ер текислагичлар, 39 та чизеллар, 1375 та тишли бороналарни ташкил қилмоқда.
Деҳқон ва фермерларимиз томчилатиб суғоришнинг афзал жиҳатларини аллақачон англаб етганлиги боис бу усул тобора оммалашиб, нафақат интенсив боғларда, балки пахтачилик, сабзавотчилик ва полизчилик тармоқларида, шунингдек, иссиқхоналарда ҳам кенг жорий этилмоқда. Пировардида, табиий ва моддий ресурслар тежалиши билан бирга, ҳосилдорлик муттасил ошиб бораётир. Бу мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини узлуксиз ва арзон нархларда етказиб беришга имконият яратаётгани билан янада аҳамиятлидир.
Арнасой туман ҳокимлиги Ахборот хизмати
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!