Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Зулфияхоним тарбиясини олган қиз бугун шоирнинг Жиззахдаги музейида ишлаяпти
01 март 2021 г 1 524 Комментарии: 0
Ўзбек адабиётининг забардаст вакилларидан бири, Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймоннинг қизи Юлдуз кўпчилик ижодкорлар, айниқса, Зулфияхонимни яқиндан биладиган кишилардан бири. Зулфияхоним Тўра Сулаймон ижодини юксак баҳолаш билан бирга уни ўз инисидек қадрлагани кўплаб адабий-тарихий манбалардан маълум. Халқимизнинг икки улуғ шоирининг туғишган опа-укалардек яқинликлари туфайли Сирдарёда яшаган Тўра аканинг қизи Юлдуз Тошкентда ўқиш даврида Зулфия опа оиласида туриб, буюк шоиранинг тарбиясини олган.
Бугун халқимизни адабиётимиз буюк дарғаларининг ҳаёти ва ижодий мероси билан таништиришдек эзгу мақсад йўлида хизмат қилаётган Жиззах вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи Ҳ.Олимжон ва Зулфия музейи филиали мудираси Юлдуз БЕГАЛИЕВА Зулфияхоним ҳақида шундай хотирлайди.
Зулфияхонимнинг садоқати
1984-86 йилларда Ўзбекистон халқ шоири, вафо ва садоқат маликаси Зулфияхоним билан бир уйда яшаш бахтига муяссар бўлган эдим. Учрашувлардан, ижодий кечалардан Зулфия аяжон бир қучоқ гулсиз қайтмас эди. Уйга келган шогирдлари, қариндошлари ёки Зулфияхонимни бир марта кўриб, унинг суҳбатини олиб кетаман деб ният қилган вилоятлардаги мухлислари ҳам гул билан ташриф буюрарди. Шунинг учун ҳам Зулфияхонимнинг уйидан гул аримасди. Ая билан иккимиз тез-тез Тошкент шаҳрининг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон санъат музейи ёнидаги хиёбонга — Ҳамид Олимжоннинг қабрига гул билан борар эдик.Соя-салқин дарахтлар билан қопланган хиёбонда узоғи билан ўн, ўн бешта қабр бор эди. Зулфия аяжон бир четдаги ўриндиқда узоқ хаёлга берилиб ўтирар эди. Уйдаги гулларнинг энг сараларини ҳамиша Ҳамид Олимжонга илинар эди. Бир кун келиб Жиззах шаҳридаги Ҳамид Олимжон ва Зулфия музейида ишлашимни билганимда, икки улуғ шоирнинг ҳаётларига оид кўп маълумотларни сўраб олган бўлармидим, дейман ўзимга...
Ўша кезларда кекса шоиранинг ҳамон ўчмаган муҳаббати тимсоли — гуллар Ҳамид Олимжон руҳи билан сирлашгани мени ўйга тортар эди. 35 йилгина умр кўрган Ҳамид Олимжон оз яшаган бўлсада, унинг ёзган шеърлари қўшиқ бўлиб ҳамон яшаб келмоқда, нафақат яшаб келмоқда, ҳатто ёшариб бормоқда.
2019 йилнинг ёз ойларида Жиззах вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи Ҳамид Олимжон ва Зулфия музейи филиалига таниқли ёзувчи, “Қатлнома” асарининг муаллифи Набижон Боқий туркиялик этнограф олим Мурод Эрхун билан ташриф буюрди. Ташриф давомида меҳмонлар икки шоирга тегишли ҳар бир экспонатни синчиклаб кўздан кечирди. Бехос, туркиялик меҳмон томоша залида Ҳ.Олимжон ва Зулфия суратида акс этган қуйидаги жумлаларга кўзи тушди:
Энг гуллаган ёшлик чоғимда
Сен очилдинг кўнгил боғимда.
Шунда кўрди кўзим баҳорни,
Шунда қалбим таниди ёрни...
Ҳайратини яширолмаган меҳмон “Ахир бу турк ёшларининг қўшиғи-ку. Туркиялик ёшлар бу қўшиқни куйлаб юришади”, деди. Шу заҳоти у Туркия билан боғланиб дўстларига бу шеър ўзбекларнинг Ҳамид Олимжон деган буюк шоирига тааллуқли эканлигини маълум қилди. Демак, яхши қўшиқ фақат бир миллатга тегишли эмас экан. Яхши қўшиқ ҳамманики, умуминсонники экан. Наим Каримовнинг Ҳамид Олимжон номли китобида ёзилишича, 1935 йили Ҳ.Олимжон ва Зулфиянинг никоҳ тўйлари бўлиб ўтади. Орадан бир йил ўтиб, 1936 йили шоир Қримга дам олгани санаторияга боради. Қораденгиз бўйларида дам олиб юрган шоир классик қўшиққа айланган “Хаёлимда бўлдинг узун кун” шеърини ёзади. Қораденгиз бўйларида севимли ёр ҳаёли билан яшаган бўлиши эҳтимол.
Хаёлимда бўлдим узун кун,
Сени излаб қирғоққа бордим.
Оч тўлқинлар пишқирган тунда,
Топиб бер деб ойга ёлвордим.
Ишон бунда, сени доимо
Эсга солар чиройли тунлар,
Шўх юлдузлар, салқин саҳарлар,
Эсга солур бахтиёр кунлар.
Зулфия ҳали ёшлигидаёқ онаси Хадича она қизига атаб ўртасида қуёш тасвири бор палак тикади. (Тошкентликларда қизининг сепига палак тикиш удуми ҳалигача бор.) Айтишларича, гўшангага биринчи марта кирган Ҳамид Олимжон Зулфияга: энди менинг уйимда икки қуёшим бор, бири сиз, иккинчиси мана бу деб, палакнинг ўртасига тикилган қуёш тасвирини кўрсатган экан. Ҳа, Зулфия Ҳамид Олимжон ҳаётига қуёш бўлиб кириб келди ва тўққиз йиллик бирга яшаган ҳаётида шоирнинг йўлларини қуёш бўлиб ёритди. Шоирнинг ўлимидан кейин бу қуёш ўтли муҳаббат каби яна 52 йил сўнмади. Ўша машҳур палак суръати ҳозирги кунда музейимизда сақланади. Музейга келган томошабинларга шу палак тарихини мароқ билан сўзлаб берамиз. Бугун Зулфияхоним асарлари нафақат Ўзбекистонда, балки туркий халқлар яшайдиган юртларда севиб ўқилмоқда, севиб куйланмоқда.
Тошқул Бекназаров тайёрлади
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!