Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » 2021 йилда Жиззах вилоятида 1 670 та уй-жой топширилади
04 март 2021 г 2 613 Комментарии: 0
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 3 март куни уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Аҳоли сони ўсиши билан уй-жойга эҳтиёж ҳам ошиши табиий. Шавкат Мирзиёев Президент вазифасига киришган илк паллаларданоқ бу долзарб масалани алоҳида эътиборга олиб, одамларни уй билан таъминлаш чораларини кўрди. Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 21 октябрдаги қарорига кўра, қишлоқларда, 22 ноябрдаги қарори билан эса шаҳарларда арзон уй-жойлар қуриш бўйича дастурлар қабул қилинди. Улар асосида, ўтган тўрт йилда 140 мингта уй-жой барпо этилди. Йилига қурилган уйларнинг ўртача сони таққосланганда, бу аввалги даврдаги кўрсаткичдан 4-5 баравар кўпдир.
Лекин, шу билан чекланиб қолинмайди. Уйга эҳтиёжи бор оилалар ҳали ҳам кўп. Бу бўйича халқдан мурожаатлар бўлмоқда. Яна минглаб уй-жойлар барпо этиш, лойиҳа ва қурилиш сифатини ошириш, малакали мутахассислар тайёрлашни ҳаётнинг ўзи талаб қилмоқда.
Видеоселектор йиғилишида шу борадаги вазифалар муҳокама қилинди.
Президент аҳолининг барча қатламларини уй-жой билан таъминлаш, бу борада танлаш имкониятини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.
Шу мақсадда жорий йилда 54 минг оилани уй-жой билан таъминлаш мўлжалланмоқда. Жумладан, давлат ипотека дастури доирасида жами 45 мингта уй қурилади.
Шундан “Қишлоқ қурилиш инвест” ва “Ўзшаҳар қурилиш инвест” инжиниринг компаниялари томонидан 12 мингта уй, Молия вазирлиги тижорат банкларига жойлаштирадиган ресурслар ҳисобига 26 минг 500 та квартира, хусусий тадбиркорлар томонидан қурилаётган 8 мингта хонадон фойдаланишга топширилади. Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда якка тартибдаги уй-жой қуриш учун 500 тагача, жами 6,5 мингта оилага кредит берилади. Бундан ташқари, оғир турмуш шароитига тушиб, бошпанасиз қолган мингта оила, айниқса, аёлларга ижара асосида ижтимоий уй-жойлар ажратилади.
Ҳудудлар миқёсида айтганда, Қорақалпоғистонда 2290 та, Андижонда 4665 та, Бухорода 3220 та, Жиззахда 1670 та, Қашқадарёда 3710 та, Навоийда 1836 та, Наманганда 4025 та, Самарқандда 4479 та, Сурхондарёда 3989 та, Сирдарёда 1414 та, Тошкент вилоятида 4046 та, Фарғонада 4530 та, Хоразмда 3016 та ва Тошкент шаҳрида 7556 та уй-жой қуриб битказилади.
– Бугунги кунгача бундай ҳажмдаги қурилиш дастурини амалга оширмаганмиз. Шунинг учун, ҳар бир вилоят ҳокими уй-жой масаласи билан чуқур шуғулланиб, аниқ ҳисоб-китобга эга бўлиши керак. Энг катта масала – бу уй-жойларнинг нархини адолатли шакллантириш. Бугунги нарх-наводан одамларимиз рози эмас, – деди Шавкат Мирзиёев.
Шунинг учун вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига қурилиш материалларини арзонроқ ва яқинроқдан олиб, бир квадрат метр уй нархини 4 миллион сўмдан оширмаслик чораларни кўриш вазифаси қўйилди.
Масалан, газобетон блокларини жойларда ишлаб чиқариш орқали таннархни камайтириш мумкин. Шу боис “Ўзстандарт” агентлигига ҳар бир ҳудудда газобетон ишлаб чиқарувчиларни стандартларга ўргатиб, маҳсулотларини сертификатлаш бўйича топшириқ берилди.
Йиғилишда қурилиш ишларининг молиявий манбалари ҳам кўриб чиқилди. Жорий йилда аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури доирасида 11 триллион 500 миллиард сўм маблағ ажратилиши таъкидланди.
– Бу йилдан бошлаб, ипотека кредити бўйича молиявий ресурслардан етишмовчилик ва чекловлар бўлмайди, ҳудудлар қўшимча таклиф билан чиқса, ижобий ҳал қилинади, – деди давлатимиз раҳбари.
Фуқароларга якка тартибда уй қуриш ва реконструкция қилиш учун ҳам кредит ажратилиши белгиланди. Бундай кредитлар 20 йилга ажратилади, эҳтиёжманд аҳоли учун фоизнинг бир қисми субсидия сифатида тўлаб берилади. Молия вазирлигига ушбу йўналиш учун 1,5 триллион сўм ресурс ажратиш, вилоят ҳокимларига қайси туманда қанча оилага кўмак бериш масаласини ҳал этиш вазифаси қўйилди.
Уй-жойлар қурилиши учун давлат томонидан ҳам аҳолига, ҳам қурувчиларга катта имтиёзлар берилмоқда. Жумладан, жорий йилда ипотека кредити бўйича 6 ойлик имтиёзли давр киритилади. Шаҳарларда дастлабки бадал миқдори 20 фоиздан 15 фоизга туширилади.
Паст даромадли, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларга 15 фоизлик дастлабки бадалнинг 10 фоизи субсидия сифатида тўлаб берилади. Яъни, аҳоли уй олиш учун дастлабки бадалнинг 5 фоизини тўлайди, холос.
Кредит олган аҳоли учун фоиз тўловларининг Тошкент шаҳрида 12 фоизи, бошқа ҳудудларда 10 фоизидан юқори қисмига субсидия берилади.
Шунингдек, қурувчи ташкилотларга пандемия даврида берилган имтиёзлар жорий йил якунигача узайтирилиши маълум қилинди. Жумладан, Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан қурувчи ташкилотларга уй-жой қуриш учун жалб қилган кредитлар бўйича 20 миллиард сўмгача кафиллик ҳамда Марказий банк асосий ставкасидан ошган қисмига компенсация берилади.
Йиғилишда оғир турмуш шароитидаги оилаларни ижтимоий ижара асосида уй билан таъминлаш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Бунинг учун ҳудудларга мингта квартира сотиб олиш учун маблағ ажратилиши қайд этилди.
Лекин, шу билан чекланиб қолмай, ижтимоий ижарани кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. Мисол учун, хусусий уйлар ижара ҳақининг бир қисмига субсидия бериш ёки фойданилмаётган ётоқхоналарни таъмирлаб, ижтимоий ижарага ажратиш мумкин.
Мутасаддиларга бу борадаги тартибни ишлаб чиқиш ва энг муҳтож оилалар руйхатини шакллантириш бўйича топшириқ берилди.
– Энг муҳим масала, берилаётган имтиёзларни ҳалол-пок қўллаш бўйича адолатли тизим яратиш, бу борада одамларимизнинг хабардорлигини ошириш зарур, – деди Президент.
Шу мақсадда маҳаллий кенгаш депутатлари, жамоат фаоллари иштирокида “халқпарвар комиссия” ташкил этиш таклифи билдирилди. Улар қурувчига ернинг адолатли ажратилиши, имтиёзга мос эҳтиёжманд оилалар рўйхатининг шаклланиши ва қурилишлар сифати устидан жамоатчилик назоратини ўрнатади. Янги тизим асосида, соҳада яратилаётган имкониятлар маҳаллаларда кенг аҳолига етказилади.
Молия вазирлигига 1 июнга қадар субсидия тўланадиган фуқароларни ижтимоий мезонлар асосида танлаш ва субсидия тўлаш жараёнларини автоматлаштириш вазифаси юклатилди. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига 1 майгача кредит бериш ва субсидия олиш тартиблари, уй-жойлар ҳамда қурувчилар ҳақидаги маълумотларни қамраб олувчи ипотека веб-порталини ишга тушириш бўйича топшириқ берилди.
Давлатимиз раҳбари қурилиш сифати масаласига алоҳида эътибор қаратди. Ҳар бир лойиҳа ипотека веб-порталига жойлаштирилиши ва барча учун очиқ эълон қилиниши, уйларнинг бўлажак эгаси сифатни назорат қилиш имконига эга бўлиши кераклиги таъкидланди.
Уйлар қурилишига салоҳиятли мутахассислар, замонавий моддий-техник базага эга, молиявий барқарор пудрат ташкилотларини рейтинг тизими асосида жалб қилиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди. Янги тартиб асосида қуриладиган уйлар бўйича техник назоратни амалга ошириш ҳудудлардаги Ягона буюртмачи хизматига юклатилди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан соҳа ва ҳудудлар раҳбарлари ахборот берди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!