» » 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан вилоят ҳокимининг байрам табриги

27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан вилоят ҳокимининг байрам табриги

27 июнь 2021 г 1 790 Комментарии: 0

Қадрли матбуот фахрийлари! Ҳурматли журналистлар ва соҳа фидойилари! Азиз ёшлар!

Аввало, барчангизни бугунги қутлуғ кун – мамлакатимизда жамиятнинг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида шаклланган, Сиз азиз журналистика соҳасининг фидойилари учун қадрли бўлган 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан барчангизни самимий қутлайман.

Бугунги замонамизда дунёқараши шаклланган инсон борки, ахборот оқимининг шиддатини яхши ҳис қилади. Ўз навбатида, холис ахборот эҳтиёжини тўсиб қўйишга ҳар қандай куч, ҳар қандай қудрат ожизлик қилишини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Бинобарин, тезкор ахборот ҳар қандай қалин деворлар, ғовлар, мустаҳкам чегараларни ёриб ўтишга қодир. Ахборот алмашинув жараёни эса бугунга келиб фақатгина бирон-бир воқеа-ҳодиса юзасидан маълумот етказиш, кишиларни янгилик ёки ўзгаришлардан воқиф этиш воситасига эмас, балки мақоми янада юксалиб, ҳаёт эҳтиёжига айланди. Ахборот ва коммуникация соҳаси моддий, маънавий, ижтимоий соҳаларнинг ривожига туртки берадиган, ҳатто ҳал қилувчи роль ўйнайдиган даражагача етди.

Ўзбекистон тарихида “Тараққий” газетаси илк бор дунё юзини кўрган кун – 27  июнь санаси «Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни» сифатида 1993 йилдан буён нишонланиб келинар экан, ўтган давр мобайнида оммавий ахборот воситалари сони ва сифати жуда тез тараққий этгани кўзга ташланади.

1991 йилда Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситаларининг умумий сони 395 тани ташкил этган бўлса, 2021 йилга келиб, бу кўрсаткич 1893 тага етди. Босма нашрлар, теле ва радиоканаллар билан бир қаторда, янгича ОАВ тури сифатида рўйхатдан ўтган 638 та веб-cайт ҳам фаолият олиб бормоқда. Яқин келажакда уларнинг сони янада ортиши кутилаяпти.

Узоққа бормайлик, мамлакатимизнинг стратегик жиҳатдан муҳим қисмида жойлашган Жиззах вилоятида фаол инвестиция муҳити, тадбиркорлик ташаббуслари, энг муҳими, одамлар турмуш тарзига кириб келаётган бунёдкор ўзгаришлар, фаровонлик, ўз навбатида, муайян  бир соҳа ёхуд соҳалар ўртасидаги фаол интеграция жараёнларига сунъий тўсиқ бўлаётган муаммолар ҳақида исталган мазмундаги ахборотни бир зумда топса бўлади. Демак, вақтли матбуот нашрлари, телевидение ва радио, интернет саҳифаларида чин маънода фаол ахборот алмашинуви вужудга келди. 

Бу жиҳат айниқса, кейинги беш йилда жамиятда оммавий ахборот воситаларининг амалда мустақил фаолият кўрсатиши ҳамда сўз эркинлигини таъминлаш борасида мустаҳкам қадамлар кўйилганидан  далолат беради.

Қадрли дўстлар!

Биз фаол ахборот алмашинуви замонида яшар эканмиз, давлатимиз раҳбари Ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёев таъкидлаганидек, дунё шиддат билан ўзгараётгани, барча соҳалар каби ахборот олиш ва уни етказиш, таъсирчан жамоатчилик фикрини шакллантириш борасида ҳам рақобат кескин тус олгани замиридаги ҳаётий ҳақиқатни ҳар биримиз чуқур англаб етишимиз зарур деб ҳисоблайман. Чунки бундай мураккаб шароитда ҳаёт янги-янги талаб ва вазифаларни олдимизга кундаланг қўяётганини кўриб-билиб турибмиз.

Шу маънода, Сиз – азиз журналистлар, матбуот соҳасининг фидойилари бўлган ижод аҳлининг касб тақозоси инсонларнинг тафаккуридаги яратувчанлик ғояларини уйғотиш, йиллар давомида юртдошларимиз қаддини буккан муаммоларни бартараф этишга қаратилгани билан ғоят қадрли эканини чуқур англаймиз.

Таъкидлаш керак, бугун ўз соҳасининг юксак профессионали, билимдони бўлган, бугунги ислоҳотлар мазмун-моҳиятини чуқур англаб етган журналистларимизнинг меҳнати ва мана шу машаққатли меҳнат самараси халқимизнинг самимий эътирофига лойиқ, десак адолатдан бўлади.

Айниқса, бу борада чекка қишлоқ аҳолисининг турмуш муаммоларини бартараф этиш ва тадбиркорликка кўмаклашиш, ерлардан оқилона фойдаланиш орқали оила даромадларини ўстириш, етакчи ижтимоий соҳалар, йўл ва коммуникация инфратузилмаси билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш борасида амалга оширилаётган Давлат дастурларини ҳаётга изчил татбиқ этишда “Жиззах ҳақиқати” – “Джизакская правда” газеталари, Жиззах шаҳар ва туманларда ҳокимлик нашрлари, Жиззах вилоят телерадиокомпанияси, “Жиззах” шаҳар телеканали каби етакчи ижодий жамоалар фаолияти, шунингдек, марказий телерадиоканаллар ва республика нашрларининг вилоят мухбирлари, давлат бошқаруви идораларининг Ахборот хизмати ходимлари, мустақил журналистлар ва блогерларнинг ўрни беқиёсдир.

Зотан, айни мана шу ўринда, бугун Сиз билан ҳамкадам, ҳамнафас, ҳаммаслак бўлиб фаолият кўрсатаётган “Содиқ хизматлари учун” медали соҳиби Васил Илёсов, “Шуҳрат” медали соҳиби Сайёра Бўронова, Тошқул Бекназаров, Турсунбой Камолов, шунингдек, Асад Мустафоев, Илҳом Носиров, Илҳом Холматов, Худойбери Каримов, Саид Донишев каби устоз журналистлар ҳар жиҳатдан ёшларга ўрнак бўлиб келишмоқда. Ўз навбатида, республика ва вилоят миқёсидаги қатор-кўрик танловлар ғолиблари –  Ўткирбек Холбеков, Дилмурод Абдураҳимов, Шаҳноза Йўлдошева, Севара Абдуллаева, Жамолиддин Нуриллаев, Ситора Акрамова, Нилуфар Азизова каби иқтидорли ижодкорларнинг фаолиятидан мамнунмиз. Шунингдек, мазкур йилда ўтказилган анъанавий XV – “Олтин қалам” Миллий мукофоти кўрик-танловида Жиззах вилоят телерадиокомпаниясининг мухбири Нафосат Турсунбоеванинг ғолиб бўлгани барчамизга катта мамнуният бағишлайди.

Шу ўринда яна бир қувончли хабар, куни кеча Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг фармонига кўра, бир гуруҳ журналистлар давлат мукофотлари билан тақдирланишди. Улар ичида «Жиззах» нодавлат телеканали бош муҳаррири Эргашев Набижон Мажид ўғли «Шуҳрат» медали билан мукофотланди. 

Муҳтарам журналистлар, азиз дўстлар!

Шу ўринда бугунги сананинг байрам қилинишидаги яна бир тарихий жиҳатга эътиборингизни қаратишни ўринли деб биламан. Ўзбек матбуотининг илк қалдирғочи «Тараққий» газетаси ўз даврида номига мос тараққийпарвар нашр сифатида ном қозонади. Бироқ у маҳаллий халқ манфаати ҳимояси йўлида фаолият юритгани учун ҳам 20-сонига етганда ўша пайтдаги мустабид ҳукумат томонидан мусодара қилиниб, чоп этиш тўхтатилади. Демак, 27 июнь санаси журналистларга миллатимизни тараққий эттириш, мустақилликни мустаҳкамлаш, халқимиз дардига дармон бўлишдек ижтимоий масъулиятни эслатиб турмоғи керак.

Бинобарин, бугунги глобал муҳит барчамизнинг тафаккуримизда огоҳлик ва ҳушёрлик хислати, юксак инсонпарварлик, она Ватанга муҳаббат, каттага ҳурмат ва кичикка иззат кўрсатишдек ноёб фазилатлар мудом яшаши зарурлигини тақозо этади. Зеро, халқ бирлиги, жипслиги, якдил фикр ва ягона мақсад сари интилиш ҳар қандай вайронкор ғояга қарши тура оладиган мустаҳкам қўрғондир.

Сиз азизларни бугунги касб байрамингиз билан яна бир бор муборакбод этиб, барчангизга мустаҳкам соғлик, ижодий баркамоллик тилайман. Кўнглингиздаги энг эзгу ниятлар, самимий истаклар доим амалга ошишига тилакдошман.

Эргаш САЛИЕВ,

Жиззах вилояти ҳокими

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!