» » Жиззах вилоятида вояга етмаганларнинг ҳақ-ҳуқуқлари қандай ҳимоя қилинмоқда?

Жиззах вилоятида вояга етмаганларнинг ҳақ-ҳуқуқлари қандай ҳимоя қилинмоқда?

27 июль 2021 г 962 Комментарии: 0

Жиззах вилояти прокуратураси томонидан жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида вояга етмаганлар тўғрисидаги қонунчилик ижроси юзасидан 213 та текшириш ўтказилиб, прокурор протестларига асосан, 57 та қонунга зид ҳужжат бекор қилинган бўлса, 692 таси қонунга мувофиқлаштирилган.

Вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида 2021 йилнинг 6 ойи мобайнида вилоят прокуратураси органлари томонидан қонунбузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан 234 та тақдимнома киритилиб, 19 шахс қонун бузилишига йўл қўймаслиги тўғрисида расман огоҳлантирилди.

Прокурор қарори ва тақдимномаларига асосан, 803 нафар интизомий, 229 нафар маъмурий ва 69 нафар шахс моддий жавобгарликка тортилди. Шу билан бирга, судларга жами 30 та даъво ариза киритилиб, 206 миллион сўмлик етказилган зарар ихтиёрий ундирилган. Қўпол қонун бузилиши ҳолатлари бўйича 6 та жиноят иши қўзғатилди.

Мазкур йўналиш бўйича ўтказилган текширишлар давомида жами 4 минг 19 нафар шахснинг, шундан 2 минг 924 нафар вояга етмаганларнинг бузилган ҳуқуқлари қайта тикланди.

Прокуратура органлари томонидан мактабгача таълим муассасалари моддий техник базасини янада мустаҳкамлаш, тарбияланувчиларга шарт-шароитлар яратиб бериш, боғча ёшдаги болаларни таълим муассасаларига тўлиқ қамраб олиш ишларини жадаллаштириш мақсадида доимий равишда таълим муассасаларига амалий ёрдам кўрсатилиб, уларнинг фаолияти таҳлил қилиб борилмоқда.

Бугунги кунда вилоят бўйича жами 1 минг 150 та мактабгача таълим ташкилоти (МТТ) фаолият юритиб келаётган бўлиб, уларда жами 85 минг 762 нафар бола тарбияланаётир. Вилоятда 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган болалар сони жами 120 минг нафардан ортиқ. Болаларни МТТларига жалб этиш қамрови 71,5 фоизни ташкил этади.

Шу ўринда болаларни МТТларга қамраб олиш кўрсаткичи 2-сектор ҳудудида 77 фоизни ташкил этмоқда. Вилоят ва ҳудудий прокуратура органлари ташаббуси ва амалий ёрдами билан жорий йилнинг ўтган даврида 2-сектор ҳудудларида жами 38 та нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилди.

Вилоят бўйича мавжуд 550 та умумтаълим мактабида 2020-2021 ўқув йили давомида жами 259 минг нафардан ортиқ ўқувчига таълим-тарбия берилди. Жорий ўқув йилида 18 минг 700 нафар ёш мактабни битирди. 14 минг 530 нафари олий ўқув юртларига ҳужжат топширган бўлса, 2 минг 834 нафар битирувчи касб-ҳунар техникумларида таҳсил олиш ниятида, 998 нафари эса тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқда.

Вилоятда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, вояга етмаганлар, ёшлар ўртасида жиноятчиликка қарши кураш юзасидан амалга оширилаётган ишлар танқидий кўриб чиқилиб, вилоят ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда жиноятчиликни барвақт аниқлаш, унга имкон бераётган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган.

Таҳлилларга кўра, 2021 йилнинг ўтган 6 ойи давомида вилоятда вояга етмаганлар ўртасида жами 11 та жиноят содир этилган бўлиб, 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 5 тага, жиноят содир этишда иштирок этган вояга етмаганлар 12 нафарни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 7 нафарга ошган.

Бунда ўз хизмат вазифасини лозим даражада бажармаган масъул шахсларга нисбатан 10 та хизмат текшируви ўтказилиб, айбдорларга нисбатан тегишли жазо чоралари қўлланилди. Жиноят содир этган ҳар бир вояга етмаганга таълим муассасалари ва маҳалла идораларидан мураббийлар бириктирилиши таъминланган.

Тунги рейдларнинг 11 та ҳолатида вояга етмаганларни кўнгил очиш масканларида бўлгани аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилди ва маъмурий жавобгарликка тортилди.

Жорий йилнинг 6 ойи давомида жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган жами 64 (ўтган йилнинг шу даврида 80) нафар вояга етмаганлар профилактик ҳисобга олинган бўлиб, олиб борилган тадбирлар натижасига кўра 78 (61) нафари ҳисобдан чиқарилган.

2021 йил 1 июль ҳолатига жами 206 (ўтган йилнинг шу даврида 266) нафар шахс профилактик ҳисобда турган бўлиб, улардан 108 (122) нафарини вояга етмаганлар, 97 (144) нафарини фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи ота-оналар ташкил қилади.

Вилоят прокуратураси органлари томонидан жорий йилнинг 6 ойи давомида ижтимоий ҳимоя тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан текшириш ўтказилиб, аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари бўйича 56 та тақдимнома, 679 та протест, 4 та даъво аризаси киритилган, 7 нафар шахс огоҳлантирилиб, 58 нафар шахс интизомий, 120 нафари маъмурий жавобгарликка тортилган ва 172 нафар шахснинг ҳуқуқи тикланган.

Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижроси бўйича 40 та текширишлар ўтказилиб, натижаларига кўра 21 та протест, 54 та тақдимнома, 7 та даъво ариза киритилган, 155 нафар шахс интизомий, 3 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари бўйича 1 та жиноят иши қўзғатилган.

Ўтган вақт давомида 15 нафар вояга етмаган ўртасида суицид ҳолатлари кузатилиб, 2020 йил шу даврига нисбатан 7 тага камайган.

Вояга етмаганларнинг суицидга мойиллигини барвақт аниқлаш ва уларни реабилитация қилиш мақсадида прокуратура ташаббуси билан шаҳар-туман халқ таълими бўлимлари ҳузурида “Психологик ёрдам марказлари” ташкил этилиб, уларга малакали психолог ходимлар жалб қилинган.

Ўз жонига қасд қилган вояга етмаганларнинг 8 (2020 йилда 12) нафарини қизлар ташкил қилади. Уларнинг барчаси умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари бўлган.

Вояга етмаганлар соғлиғини сақлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида кўрилган чоралар натижасида вилоят бўйича гўдаклар ўлими 109 тани ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 24 тага камайган. Оналар ўлими эса 3 нафарни ташкил қилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан барқарор қолган.

Оналар ва гўдаклар ўлимига бирламчи тиббиёт тизимида туғиш ёшидаги аёлларнинг патронаж ва профилактик тиббий кўриклар билан қамраб олиш сифати, хомиладорликни эрта муддатда аниқлаш ва тиббий хизмат кўрсатиш даражасининг пастлиги, туғруқ муассасаларида миллий стандартларга тўлиқ риоя этилмаслиги, оилада тиббий маданиятнинг етишмаслиги асосий сабаблардан бўлиб қолмоқда.

Бундан ташқари, вояга етмаганларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, улар ўртасида ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида 5 та муҳим ташаббус доирасида 11 минг 927 та тўгарак ва секциялар ташкил этилиб, уларга жами 224 минг 745 нафар ўқувчи жалб этилган ва ўқувчилар қамрови ўтган йилга нисбатан 87 фоизга кўпайган.

Жорий йилнинг ўтган даврида жами 210 нафар ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган боланинг 77 нафари фарзандликка, 85 нафари васийликка, 34 нафари ҳомийликка, 12 нафари “Меҳрибонлик уйи”га, 2 нафари гўдаклар уйига жойлаштирилган.

А.Қаюмов

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!