» » Жиззахда “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони ўз эгаларига топширилди (фото+видео)

Жиззахда “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони ўз эгаларига топширилди (фото+видео)

03 август 2021 г 1 386 Комментарии: 0

Бугун Жиззах вилояти ҳокимлигида “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишонини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раисининг хорижий алоқалар ва ватандошлар билан ишлаш бўйича ўринбосари Валерий Тян ва вилоят ҳокими Эргаш Салиев иштирок этишди.

Ҳукуматнинг жорий йил 1 июндаги қарори билан «Халқлар дўстлиги» кўкрак нишони таъсис этилди. Қарорга кўра, кўкрак нишони билан Ўзбекистонда яшаётган барча миллат ва элатларнинг вакиллари ўртасида миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитининг мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшган, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолияти самарадорлигини ошириш борасида фидокорона меҳнат қилган маҳаллий ва хорижий давлат органлари ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари, ижтимоий соҳа ва ОАВ вакиллари ҳамда чет элдаги ватандошлар тақдирланишади.

Мазкур кўкрак нишон билан вилоятимиздан Шароф Рашидов тумани ИИБ жамоат тартибини сақлаш гуруҳи катта инспектори Фирдавс Рахманов, вилоят юқумли касалликлар шифохонаси бош ҳамшираси Гулчеҳра Каримова, Зомин тумани 44-сонли умумий ўрта таълим мактабининг физика фани ўқитувчиси Бердиёр Ўролов, вилоят қозоқ миллий маданий маркази раиси Утеп Сеидаманов,  вилоят “Идель” татар миллий маданий маркази раиси Ахат Гиззатулин, вилоят тожик миллий маданий маркази раиси Абдукарим Шарипов, Ўзбекистон қирғиз миллий маданий маркази вилоят ҳудудий бўлинмаси раиси Мамат Гулбаев, Янгиобод тумани “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Жавлон Кабулходжаев ва Бахмал тумани “Музбулоқ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Гулбой Содиқовлар тақдирланишди.

Тақдирлаш маросимидан сўнг, вилоят ҳокими Эргаш Салиев тадбир иштирокчилари ва меҳмонларга вилоят ҳокимлиги Анжуманлар саройи ва Жиззах IT Park филиали фаолияти билан яқиндан таништирди.

 

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!