Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда “Келажак лидерлари” клубига аъзолик учун 3-босқич саралаши ўтказилди
04 август 2021 г 1 287 Комментарии: 0
Вилоятдаги фаол ва ташаббускор ёшларни давлат фуқаролик хизматига қизиқтириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган ташкилий чораларни амалга ошириш, истиқболли кадрлар селекцияси орқали жойларда юқори малакали давлат фуқаролик хизматчилари қатлами ҳамда янги авлод кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида Жиззах вилоятида “Келажак лидерлари” клубини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида вилоят ҳокимининг қарори тасдиқланди.
Мазкур қарор асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 июлдаги “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-6260-сонли Фармон ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Жиззах вилояти филиали ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ташаббуси билан Жиззах вилоятида “Келажак лидерлари” клубини ташкил этиш ишлар олиб борилмоқда.
Жиззах вилоятида “Келажак лидерлари” клубига ёшларни кенг жалб қилиш мақсадида очиқ ва шаффоф тарзда ўтказиладиган танлов асосида клуб аъзоларини саралаб олиш ишлари бошланди.
Мазкур клубга аъзолик учун ташкил этилган танлов 4 босқичда амалга оширилиб, дастлабки босқичда номзодлар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар “Жиззах вилояти “Келажак лидерлари” клуби тўғрисида”ги Низом талаблари асосида сараланди.
Дастлабки босқичда жами 430 нафар хужжат тақдим этган номзодлар орасидан 178 нафари муносиб деб топилди ва кейинги, танловнинг
2-босқичига ўтказилди.
Танловнинг 2-босқичида, яъни тест босқичида 178 нафар номзодлар2 кун давомида (27 ва 28 июль кунлари) график асосида, карантин қоидаларига қатъий амал қилинган ҳолда, тест синовларидан ўтказилди.
Тест босқичида 56 ва ундан юқори фоиз тўплаган 89 нафар номзодлар танловнинг 3-босқичи (эссе ёзиш босқичи)га етиб келишди. 3-4 август кунлари Жиззах давлат педагогика институтида танловнинг 3-босқичи ўтказилиши белгиланган бўлиб, бугун – ушбу босқичнинг биринчи кунида 45 нафар иштирокчилар ўз эсселарини ёздилар.
“Табиий савол туғилади: Нима учун айнан эссе ёзиш танланган? Чунки, эссе ёзиш иштирокчидан ҳам ҳаётий, ҳам илмий ва ижодий фикрлашни талаб қилиш билан бирга, бирор мавзу юзасидан ўз нуқтаи-назарини, шахсий тажрибалари ва қарашларини қисқа, содда ва тушунарли кўринишда баён қилиш маҳоратини талаб этади. Бундай синовлар ҳақиқий лидер ёшларни саралаб олишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб, синовдан муваффақиятли ўтган ёшларни том маънода мустақил қарор қабул қила оладиган, ижодий фикрлай оладиган лидерлар дея олиш мумкин” – дейди Агентликнинг Жиззах вилояти филиал раҳбари ўринбосари Б.Яхшибаев.
Ҳудудий олий таълим муассасаларининг филолог мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи номзодларнинг ижодий ва фикрлаш салоҳиятини белгиланган мезон асосида баҳолайди.
Мазкур босқич якунига етганидан сўнг номзодлар 4-босқичда суҳбатдан ўтказилади.
Ҳар бир босқич жараёнларини очиқ, шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлаш ҳамда бу жараёнларнинг жамоатчилик назорати остида ўтишини таъминлаш мақсадида синов жараёнлари youtube видеохостинги орқали онлайн шаклда бевосита кузатиш имконияти яратилди.
Клубга аъзо бўлган ёшларнинг фаолияти кредит-балл тизимида тегишли баллар йил давомида тўпланиб, ушбу балларни клуб тамонидан тақдим этиладиган имкониятларга алмаштириш имконини беради.
Шунингдек, уларни рағбатлантириш мақсадида фаол аъзолар исталган давлат органлари ва ташкилотларида амалиёт ўташлари, жумладан ривожланган ҳорижий давлатларда ҳамда Давлат бошқарув академиясининг “Келажак лидерлари” махсус малака ошириш дастурларига юбориш мумкин.
Мазур клубнинг ташкил этишдан асосий кўзланган мақсад давлат хизмати учун янги авлод кадрларни шакллантириш, ёшларни давлат хизматига кенг жалб қилиш ҳамда ёш истиқболли кадрлардан раҳбарлик лавозимларига захира шакллантиришдан иборатдир.
Давлат хизматини риводлантириш агентлиги
Жиззах вилояти филиали Ахборот хизмати
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!