Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » “Сўғдиёна” чорак финалга чиқди
21 август 2021 г 746 Комментарии: 0
Икки жамоа ўртасидаги футбол баҳси кескин ва муросасиз курашлар остида ўтди. Ҳисоб учрашувнинг 20-дақиқасида майдон эгалари – жиззахликлар томонидан очилди. “Сўғдиёна” футболчиси Жавоҳир Қаҳрамоновнинг узатмасидан сўнг Аюбхон Нўмонов “Локомотив” дарвозабони Абдумавлон Абдужалиловни доғда қолдирди, 1:0.
Биринчи бўлимнинг 43-дақиқасида тошкентликлар футболчиси Санжар Қодирқуловнинг ажойиб тўп узатишидан сўнг Диёр Туропов ўртадаги фарқни йўққа чиқарди – 1:1.
Ўйиннинг иккинчи бўлими янада шиддатли ўтди. Ҳар икки жамоа рақиб дарвозаси олдида кўплаб голли вазиятларни ташкил этсада, гол бўлмади.
Учрашувга ҳакамлар томонидан 4 дақиқа қўшиб берилди. Ўйинни бошқарган ҳакам Виктор Серазитдинов беллашувнинг сўнги қўшиб берилган дақиқаларида “Локомотив” дарвозаси томон жарима тўпи белгилади. Жаримани қойилмақом ижро этган Жавоҳир Қаҳрамонов учрашувнинг 90+3 дақиқасида гол киритиб, “Сўғдиёнани” 2:1 ҳисобдаги ғалабасини таъминлади.
Улуғбек Бақоев бошчилигидаги “Сўғдиёна” чорак финалда Қаршининг “Насаф” жамоасига қарши тўп суради. Шунингдек, Ўзбекистон кубогининг амалдаги сохиби – “Пахтакор”, Фарғона вилоятининг “Турон” жамоасидан 1:0 ҳисобида устун келиб, тошкентликлар ҳам кейинги босқичга йўлланма олди .
Пролиганинг икки вакили Самарқанднинг “Динамо” ҳамда Тошкентнинг “Олимпик” жамоалари ўртасидаги нимчорак баҳсининг асосий ва қўшимча вақтида 2:2 ҳисоби қайд этилди. Пенальтилар серясида эса 3:5 ҳисобида “Олимпик” ғалаба қозонди.
Coca Cola Ўзбекистон кубогининг 1/8 финалидан ўрин олган бошқа учрашувларда қуйидаги натижалар қайд этилди: “Бунёдкор” (Тошкент) – “Навбаҳор” (Наманган) 1:0, “Сурхон” (Термиз) – “Машъал” (Муборак) 1:0, “Шўртан” (Шўртан) – “Қизилқум” (Навоий) 1:2, АГМК (Олмалиқ) – “Нефтчи” (Фарғона) 6:1.
Энди чорак финалда “Сўғдиёна” ва “Насаф”дан ташқари, “Олимпик” – “Пахтакор”, “Бунёдкор” — “Сурхон”, АГМК — “Қизилқум” жамоалари ҳам кубок учун баҳс олиб боради.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!