» » » Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Э.А.Салиевнинг  Наврўз муносабати билан байрам ТАБРИГИ

Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Э.А.Салиевнинг  Наврўз муносабати билан байрам ТАБРИГИ

19 март 2018 г 4 674 Комментарии: 0

Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!

Қадрли дўстлар!

Аввало, сиз азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун Жиззах аҳлини юртимизга қутлуғ қадамлар билан кириб келаётган баҳор, яшариш ва янгиланиш рамзи, шарқона янги йил дебочаси бўлмиш Наврўзи олам билан вилоятимиз жамоатчилиги ва фаоллари номидан самимий муборакбод этаман.

Она табиатни севиш ва ардоқлаш, ҳаёт гултожи бўлмиш инсонни қадрлаш, Ватанга муҳаббат ва садоқат каби эзгу ғояларни ўзида мужассам этган Наврўз халқимизнинг энг қадимий, асл миллий байрамидир.

 Асрлар давомида эл-юртимизнинг олижаноб орзу-интилишларини ифода этиб келаётган Наврўз мустақиллик йилларида янгича маъно-мазмунга эга бўлиб, том маънода умумхалқ байрамига айланди. 

 Биз ҳар йили Наврўз айёмини ўзгача орзиқиш ва интизорлик билан кутиб оламиз. Чунки Наврўз энг қадимий ва асл миллий байрам бўлиб, уни ардоқлаб нишонлашимизда ўзига хос чуқур маъно ва мазмун бор. Зеро, Наврўз ғояларида минг йиллар давомида безавол сақланиб келаётган халқимизнинг қадимий урф-одат ва анъаналари мужассам.

Мустақиллигимизнинг илк йиллариданоқ қайта тикланган Наврўз байрами Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан Халқаро Наврўз байрами сифатида тан олингани миллий қадриятларимизнинг инсоният тамаддуни ривожига қўшаётган улкан ҳиссасининг яна бир бор эътироф этилишидир.

Азиз дўстлар!

Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2018 йил 23 февралдаги “2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан бу йилги Наврўз айёми юртимизда “Азиз ватандошлар, ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!” шиори остида ўтказилмоқда. Мазкур қарор республикамизда, хусусан, вилоятимизда байрамни ҳар қачонгидан кўра кўтаринки руҳда, муносиб кутиб олишимизга хизмат қилаётир.

Зеро, Наврўзи олам азал-азалдан ўзи билан баҳорий илиқликни, яшариш ва янгиланишни олиб келиши билан ҳаммамиз учун қадрли, шунингдек, Наврўз юртимизда барча миллат ва элатлар томонидан бирликда шоду-ҳуррамлик ила нишонланиши билан аҳамиятлидир. Бу байрам кунлари низо ва адоватлар унутилади. Кексалар, беморлар, муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилади.

 Жумладан, айни кунларда вилоятимизнинг шаҳар ва қишлоқларида, ташкилот ҳамда корхоналарида байрам тадбирлари уюштирилиб, эҳтиёжмандларга кўмак кўрсатилмоқда. Шунингдек, байрам анъанасига мувофиқ, янги қурилган иншоотлар ва корхоналар фойдаланишга топширилаяпти. Жумладан, бундан бир неча кун олдин “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида ойна ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик “Ming Yuan Sily Industry” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона иш бошлади. Мазкур зонада фаолият кўрсатаётган “Жиззах Тоштепа текстиль” корхонасида эса 37 миллиард сўмлик лойиҳа амалга оширилиб, йилига 3 миллион дона тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Мазкур лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш учун 3 миллион АҚШ доллари қийматида хориж инвестицияси жалб этилган. 

Шунингдек, Жиззах шаҳрида “Элите ярин”, Ғаллаорол туманида “Азиз агро имкон саноат” ва Шароф Рашидов туманида “Grean Dream” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан  ҳар бирининг қиймати 6 миллиард сўм бўлган гидропоника усулида ишловчи 3 та иссиқхона ишга туширилди. 

Бундан ташқари Наврўз кунлари Жиззах шаҳридаги “Заргарлик” маҳалласида хавфсиз шаҳар концепцияси асосида 2-сонли ички ишлар бўлинмасининг янги биноси ишга туширилади. Вилоятимизнинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам шу каби бир қатор иқтисодий, ижтимоий, маданий-маиший иншоотлар фойдаланишга топширилмоқда.     

Қадрли юртдошлар!

Наврўз ўз хосиятига кўра, йил бошида янги режалар тузиб олиб, келажак ишларимизнинг бароридан келиши учун эзгу ниятлар қилинадиган, халқнинг дуоси билан белни маҳкам боғлаб, келажакка қадам қўйиладиган муборак кундир. Шу маънода, сиз азизларга вилоятимиз аҳолисининг турмуш даражасини янада яхшилаш, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини бунданда юксалтириш борасида режалаштирилган тадбирларимиз ҳақида айтиб ўтишим мақсадга мувофиқдир.

Чунончи, 2018-2020 йилларда вилоятимизда умумий қиймати 28 триллион сўмлик 750 та  истиқболли лойиҳалар амалга оширилади. Жумладан, жорий — Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида, лойиҳа киймати 133,3 млн евро бўлган “Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive” автомобиль заводи ва лойиха киймати 2,2 млярд АКШ доллари булган нефтни қайта ишлаш заводи қурилиши жадаллик билан амалга оширилмоқда. Шу ўринда Фориш туманидаги “Караман” сув омбори ҳамда ярим металл руда ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Учқулоч” кони тўғрисида тўхталмасдан илож йўқ. Хусусан, бугунда барпо этилаётган 130 миллион метр куб сув сиғимига эга сув омбори 20 минг гектар ерни ўзлаштириш имконини беради.

Учқулоч конини ишга тушириш учун 186 миллиард 300 миллион сўм ҳамда 45 миллион АҚШ доллари миқдорида хориж инвестицияси жалб этилади. Бу корхона йилига 500 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Умуман олганда, вилоятимизда бу каби ўнлаб йирик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаяпти. Булар ҳаммаси мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз турмуш даражасининг ортиши, Президентимиз таъбири билан айтганда, одамлар розилиги учун хизмат қилади.

  Азиз дўстлар!

Мамлакатимиз Президенти Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг  яна бир ташаббуси билан амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” дастури элимиз учун ҳаётбахш аҳамиятга эга. Чунончи, ушбу дастур доирасида Дўстлик туманидаги “Манас” қишлоқ фуқаролар йиғинида кишини ҳайратлантирадиган кўлам ва суръатда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бажарилмоқда.

Бу дастур 6 минг 400 нафардан ошиқ манасликларнинг ичимлик суви, электр ва газга бўлган эҳтиёжини давр талаби даражасида қондиришга омил бўлади. Ҳудуддаги кўп қаватли уйлар ва ҳовлилар тўлиқ таъмирдан чиқарилди, 2 та мактаб, 2 та мактабгача таълим муассасаси, маданият саройи, қишлоқ врачлик пункти, маҳалла фуқаролар йиғини каби бир қатор бино ва иншоотлар капитал таъмирланиб, замонавий кўриниш касб этади.

Дастурдан аҳолининг бандлигини таъминлаш масалалари ҳам жой олган.  Жумладан, бундан бир неча кун илгари ҳудудда жами 216 та иш ўрнига эга иккита тикувчилик корхонаси фаолияти йўлга қўйилди. Бироз муддатдан сўнг ушбу корхоналар қошида касаначилик асосида яна 200 та иш ўрни яратилади. Эътиборлиси, ушбу йирик ижтимоий-иқтисодий лойиҳа мамлакатимизда биринчи бўлиб вилоятимизда — Манасда амалга оширилаяпти ва бу дастур юртимизнинг барча ҳудудларида ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Чунончи, вилоятимизнинг Арнасой туманида “Чўлқувар”, Бахмал туманида “Оқтош”, Ғаллаорол туманида “Хонимқўрғон”, Шароф Рашидов туманида “Куёвбоши”, Зомин туманида “Навбаҳор”, Зарбдор туманида “Тошкесган”, Зафаробод туманида “Лолазор”, Мирзачўл туманида “Ғалаба”, Пахтакор туманида “Мингчинор”, Фориш туманида “Оқтом” ҳамда Янгиобод туманида “Ҳавотоғ” қишлоқлари “Обод қишлоқ” дастури доирасида таъмирдан чиқарилиб, замонавий кўринишга келтирилади.    

Шунингдек, Президентимизнинг 2016 йил 29 декабрдаги  “2017 — 2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдикланган  инвестиция дастурига асосан бу йил вилоятимизда 3 та янги мактабгача таълим муассасаси қурилади, 12 таси реконструкция қилиниб, 8 таси ялпи таъмирдан чиқарилади. Бундан ташқари Мухтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиеёвнинг 2017 йил 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан 2018 йил давомида вилоятимизда нодавлат ва давлат хусусий шерикчилик асосида 135 та янги мактабгача таълим муассасаси қурилиб ишга туширилади.

Юртимизда амалга оширилаётган бу каби ислоҳотлар муҳтарам Президентимизнинг “Халқимиз ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун кўриши керак”, деган сўзларининг ҳаётдаги амалий ифодаси, сўз билан иш бирлигининг ёрқин намунаси бўлди.

Қадрли юртдошлар!   

Бугунги кенг кўламли бунёдкорлик ишларини, халқимизнинг келажакка бўлган ишончини кўриб, осуда ҳаётимизнинг қадрига етишимиз, шукроналик ҳисси билан яшаш кераклигини яна бир бор англаймиз. Юртимизда рўй бераётган ўзгаришу янгиликлар Кўклам, Наврўз каби ҳаётимизга, кўнглимизга илиқлик бахш этмоқда. Азиз ватандошлар, ҳар кунимиз ана шундай тафтли, ютуқ ва эзгу ниятлар рўёбига уйғун бўлсин!

Мен фурсатдан фойдаланиб, вилоятимизнинг барча фаоллари номидан Сиз, азиз юртдошларимизни яна бир бор Наврўзи олам билан қутлаб, табаррук отахон ва оналаримизнинг умрлари узоқ бўлсин, ака-укаларимиз, опа-сингилларимизнинг кўнглидаги пок ниятлари ижобат бўлсин, дейман!

Хонадонларимиздан меҳр-оқибат, файзу барака аримасин!

Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!