» » “Ўзмиллийбанк” АЖ кўмагида иш бошлаган клиник санаторий аҳоли хизматида

“Ўзмиллийбанк” АЖ кўмагида иш бошлаган клиник санаторий аҳоли хизматида

24 сентябрь 2021 г 614 Комментарии: 0

Ғаллаорол тумани марказидан унча олис бўлмаган “Болғали” қишлоғидаги “New life medical center” хусусий клиник санаторийси доимо мижозлар билан гавжум.

 Бир вақтлар хўжалик идораси бўлган ушбу икки қаватли бино ва унинг боғи қаровсиз аҳволга келиб қолган эди. Ғаллаороллик тадбиркор Жамшид Ҳасанов шу жойни ноль қийматда сотиб олиб обод қилди. 

Президентимизнинг жорий йил 11 майдаги “Хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси ижроси доирасида лойиҳа қийматига 2 миллиард сўм бўлган ушбу икки қаватли объектни тиклаш учун “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти Жиззах вилояти филиали томонидан 1 миллиард 200 миллион сўмлик кредит ажратилди. Қолган маблағ тадбиркор ҳисобидан сарфланди.  

Бино капитал таъмирдан чиқарилиб, бутунлай қайта реконструкция қилинди. Қуриб қолган дарахтлар кесилиб, янги манзарали дарахт, турли анвоий гул кўчатлари экилиб, ажойиб боғ ўз кўркини қайта тиклади. Клиника ҳовлисига кириш йўлакларига плита ётқазилиб, тунги ёритгичлар ўрнатилди. Гуллар ва ям-яшил тусдаги “Канада грун” бўзини дархтлар соясига ўрнатилган ўриндиқларда ўтириб томоша қилган кишининг баҳри-дилини очилади. Бинода даволанувчилар учун 11 та хона ажратилиб, у 31 ўринга мўлжалланган. Барча хоналар энг замонавий усулда жиҳозланган.

– Шифо муассасамизга саломатлигини тиклаш учун келган дам олувчиларнинг хонасига 3 маҳал иссиқ овқатни қатъиян аниқ вақтда етказиб берамиз, – дейди клиник санаторий ошпазларидан бири Моҳичеҳра Хонимқулова. – Таомнома шифокорнинг тавсиясига кўра тузилиб, шу рацион асосида тайёрланади. Клиника иш бошлагандан бери шу ерда ишлаётган бўлсам, минглаб кишилар келиб даволаниб кетди.

– Фаолиятимизни бошлаганимизга салкам бир йил бўлди, – дейди “New life medical center” хусусий клиник санаторийси раҳбари Жамшид Ҳасанов. – “Ўзмиллийбанк” АЖ дан олган кредит ҳисобига хориждан олиб келтирилган замонавий тиббий жиҳозлар иш самарадорлиги яъни аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имконини янада оширди. Муассасамизда 5 нафар малакали шифокор, 5 нафар ҳамшира, 1 нафар лаборант, 3 нафар кичик тиббий ходим, 3 нафар ошпаз, боғбон, қоровул, ҳисобчи-ғазначи ва маъмурият билан қўшилиб жами 22 нафар киши меҳнат қилади. Даволанувчилар муассасамизда кардиология, нервология, урология, генекология, массаж, электромассаж, парафин, УЗИ, ЭКГ, умуртқани тортиш йўли билан даволаш ва бошқа шу каби бир қатор касалликлардан холи бўлиб, бу ерда саломатликларини реаблитация қилиб олишлари мумкин.  

– Бу ерга келишимдан аввал жуда асабий бўлиб, сал нарсага жаҳлим чиқиб, ловвиллаб кетардим, – дейди дам олувчилардан бири ғаллаороллик Ойсапар Абирқулова. – Худога шукур, ушбу санаториядаги ширинсўз шифокорлар, қўли енгил ҳамшираларнинг муолажаларидан кейин ўзимни жуда енгил ҳис қиляпман.

– Мен зўр шароитга эга кўплаб санаторийларда бўлганман,. – дейди Арнасой туманида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Даврон Зулпанов. – “New life medical center” хусусий клиник санаторийси ўшалардан ортиқ бўлса борки, кам жойи йўқ. Қишлоқнинг қоқ ўртасида ана шундай шифо масканини барпо этган тадбиркор Жамшиджонга ҳам, уни молиявий қўллаб-қувватлаган “Ўзмиллийбанк” маъмуриятига ҳам каттадан-катта раҳмат.    

Умумий майдони 0,76 гектарни ташкил этган “New life medical center” клиник санаторийсида қўшимча қурилиш ишлари олиб борилмоқда.  

“Ўзмиллийбанк”АЖ вилоят филиалининг доимий мижозларидан бўлган клиникада қўшимча бино барпо этиб ўринлар сонини кўпайтириш, даволаш сифатини янада яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган.    

 

А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат)

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!