» » Ҳудудларга «Тез ёрдам» учун Damas ўрнига Volkswagen Caddy автомобилларини етказиб бериш бошланди

Ҳудудларга «Тез ёрдам» учун Damas ўрнига Volkswagen Caddy автомобилларини етказиб бериш бошланди

27 сентябрь 2021 г 606 Комментарии: 0

Жиззах автомобил заводида ишлаб чиқарилган А тоифали Volkswagen Caddy тез ёрдам автомобилларининг биринчи партияси ҳудудий бошқармалар тасарруфидаги тез тиббий ёрдам хизматига етказиб берилмоқда. Бу ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

24 сентябрдан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Жиззах автомобил заводи ўртасида тез тиббий ёрдам машиналарини етказиб бериш бўйича шартномага мувофиқ Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган А тоифали Volkswagen Caddy тез тиббий ёрдам автомашиналарининг биринчи босқичини ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари тизимидаги тез тиббий ёрдам шохобчаларига етказиб бериш бошланди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдулла Азизов сўзга чиқиб, тез тиббий ёрдам хизматига топширилаётган ушбу автотранспорт воситалари тизим фаолиятини янада ривожлантириш, бу орқали аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имконини беришини айтиб ўтди.

2020 йилда Тошкент шаҳар «Тез ёрдам» станциясига 150 дона Ford русумли реанимацион тиббий аппаратлар билан жиҳозланган автомашиналар харид қилинганди.

ССВ таҳлилига кўра, бундан тўрт йил аввал ушбу тизимда реанимобиллар сони атиги 24 та эди. Бугун эса «Тез ёрдам» хизматидаги 435та реанимобиль халқимизга сифатли тиббий хизмат кўрсатиб, 13 минг нафар аҳолига битта автомашина тўғри келмоқда. Бу рақам бундан бир неча йил аввал 15 минг нафардан иборат бўлган.

«Соҳадаги муҳим ўзгаришлардан яна бири шуки, кейинги йилларда «Тез ёрдам» бригадалари дислокацияси қайта кўриб чиқилиб, аҳоли яшаш пунктларига янада яқинлаштирилди. Натижада ўтган тўрт йил давомида хизмат кўрсатиш радиуси 15-20 километрдан 9-12 километрга қисқарди.

Шу билан бирга, «Тез ёрдам»нинг кечикиши 10-12 фоиздан 1-2 фоизгача камайди.

«Тез ёрдам»га янги Volkswagen Caddy тез тиббий ёрдам машиналарининг топширилиши соҳадаги ижобий ўзгаришларнинг мантиқий давоми бўлиб, бу ўз навбатида тизимда кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини яхшилаш ва уни халққа янада яқинлаштиришга хизмат қилади.

Мазкур замонавий автомашиналар мамлакатимизнинг барча ҳудудларига тенг тақсимланади ва ушбу хизматнинг автотранспорт паркидаги эски Damas автомашиналарини алмаштиради.

Айтиш мумкинки, энг сўнгги ва замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган ушбу автотранспорт воситалари халқаро талабларга тўла мос келиб, унинг ички қисми бемор ва тиббий ходимларнинг қулай жойлашиши имконини беради. Қолаверса, амбуланс айнан қайси тиббий йўналишда фойдаланилишига қараб жиҳозланиши мумкин.

Шунингдек, мазкур автомашиналар шаҳар шароитида ҳаракатланиш бўйича юқори техник кўрсаткичларга эга бўлиб, ўтувчанлиги, ишончлилиги ҳамда тежамкорлиги билан алоҳида ажралиб туради. Энг муҳими, ушбу машиналарда ҳаракатни тўхтатмай туриб ҳам беморга зарур тиббий ёрдам кўрсатиш мумкин», дейилади хабарда.

Соғлиқни сақлаш вазири биринчи ўринбосари Амрилло Иноятовнинг маълум қилишича, айни пайтда бундай автомобиллардан 110 донаси етказиб берилган.

«Шартномада кўзда тутилган 1000тадан бугун 110таси етказиб берилди. Ушбу автомобиллар аҳоли сонидан келиб чиқиб ҳудудларга тақсимланмоқда, хусусан, Тошкент шаҳрига ҳам. Қолган Volkswagen’ларнинг ҳаммаси октябрь ойида етказиб берилади», дейди вазир ўринбосари.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!