Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда юридик хизмат кўрсатиш фаолияти янада ошади
28 сентябрь 2021 г 716 Комментарии: 0
2021 йил 29 июнь куни «Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинган.
Мазкур Қарорда Республиканинг барча туман (шаҳар)ларида юридик хизмат кўрсатиш марказларини (Марказлар) ташкил этиш белгиланган.
Шунга кўра, юридик хизмат кўрсатиш марказлари жорий йилнинг 1 октябридан иш бошлайди. Ҳозирда Жиззах вилоятида марказлар фаолияти бўйича амалий ишлар амалга оширилмоқда.
Шу ўринда, марказларнинг асосий вазифаси давлат идораларининг қуйи бўғинида қонунийлик ва қонун устуворлигини таъминлаш орқали фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳисобланади.
Куни кеча Адлия вазирлиги ишчи гуруҳи ҳамда вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Шокир Саидов Мирзачўл, Дўстлик, Арнасой ҳамда Зафаробод туманларида бўлиб юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолияти билан танишди. Марказларлар томонидан сифатли хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш юзасидан ишчи гуруҳ вакиллари ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди. Семинарлар давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари билан эркин мулоқот шаклида бўлиб ўтди.
Қайд этиш керак, Адлия вазирлиги томонидан давлат органлари томонидан қабул қилинадиган барча юридик ҳужжатларни ишлаб чиқиш, ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва қабул қилишни тўлиқ электрон шаклга ўтказувчи “E-huquqshunos” электрон тизими ишга туширилди.
Давлат органлари томонидан қабул қилинадиган буйруқ, шартнома ва бошқа юридик тусдаги барча ҳужжатлар таҳлил қилиниб, уларнинг юздан ортиқ намунавий лойиҳалари ишлаб чиқилди ва “E-huquqshunos” электрон тизимига киритилди. Семинарда ишчи гуруҳ томонидан мазкур тизимдан қай тартибда фойдаланиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шу ўринда, юридик кўрсатиш марказлари бизга нима беради? Семинар давомидаги иштирокчиларни қизиқтирган саволлардан бири шундай бўлди.
Адлия вазирлиги масъул ходими Исломбек Жўраев: -"Энг аввало, айтиб ўтишим керак, юридик хизматлар кўрсатиш марказлари ташкил этилганлиги давлат бошқаруви органларида бюджет маблағлари иқтисод қилинади. Шу пайтгача эса юридик хизматларнинг қонунийлик ва қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги фаолияти юристконсультларнинг мустақил эмаслиги, раҳбар ходимларнинг уларга бевосита ёки билвосита таъсири остида етарлича самара бермаётгани ҳам ҳақиқат. Эндиликда эса юридик хизматлар кўрсатиш марказлари эса давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларига бўйсунмайди, уларнинг таъсир доирасида бўлмайди, яъни улар тўла мустақил фаолият олиб боради. Бунинг натижасида давлат органлари ва ташкилотларида қонунийлик ва қонун устуворлигини таъминлаш сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилади".
Семинарлар қизғин саволларга жавоблар билан якунланди. Эслатиб ўтамиз, вилоят бўйлаб, Адлия вазирлиги ишчи гуруҳи сафари давом этмоқда. Кейинги манзил Жиззах шаҳар юридик хизмат кўрсатиш маркази.
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!