» » Дастурлар ижросини маҳаллаларда амалга ошириш вазифа қилиб қўйилди

Дастурлар ижросини маҳаллаларда амалга ошириш вазифа қилиб қўйилди

16 ноябрь 2021 г 665 Комментарии: 0

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 15 ноябрь куни аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Бугун иқтисодиётдаги барча саъй-ҳаракатлар аҳоли учун даромад манбаи яратиш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган. Бу жуда кенг қамровли вазифа бўлиб, ижтимоий нафақа ёки уй бериш билан ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмайди. Бу иқтисодий инфратузилма билан бирга инвестиция йўналтириш, энергия таъминотини яхшилаш, таълимни ривожлантириш каби комплекс чораларни талаб этади.

Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди учрашувларида жойлардаги эҳтиёж ва аҳоли талабидан келиб чиқиб, ҳудудий дастурлар белгиланган эди. Улар учун келгуси йилда қарийб 75 триллион сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган. Эндиги муҳим вазифа бу дастурларни маҳаллагача тушириб, ижросини таъминлашдир.

Йиғилишда шу борадаги чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Хусусан, келгуси йилда оилавий тадбиркорлик дастурлари, ишсиз аҳоли ва ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, хизмат кўрсатиш соҳаларидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун 13 триллион сўм ажратилиши кўзда тутилган.

– Янги Ўзбекистон дегани, аввало, янгича ишлаш керак дегани. Айниқса, ҳокимлар ўзгариши керак. Ҳамма саъй-ҳаракатлар, ажратилаётган маблағлар маҳаллада ўз ифодасини топмаса, натижа бўлмайди. Бунда иш ўринлари яратиш ва камбағалликни қисқартириш – асосий мезон, – деди давлатимиз раҳбари.

Бандликни таъминлашда энг катта соҳалардан бири – қишлоқ хўжалиги. Келгуси йилда пахта ва ғалладан бўшайдиган 80 минг гектар майдон аҳолига ажратилиши белгиланган. Мева-сабзавотчилик кластерларига 2 триллион сўм, шу соҳадаги лойиҳаларга 100 миллион доллар, томорқаларда маҳсулот етиштириш учун яна 100 миллион доллар йўналтирилади. Аҳоли томорқасида деҳқончиликни йўлга қўйиш учун банклар томонидан 7 фоиз ставкада имтиёзли кредитлар берилади.

Келгуси йилда давлат инвестиция дастури доирасида жами 18 триллион сўмликдан зиёд 1 минг 700 га яқин лойиҳа, тармоқ ва ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида 22 миллиард долларлик 9 мингта лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. Уларнинг натижасида, мос равишда, 135 минг ва 305 мингта иш ўрни ташкил этиш мақсад қилинган.

Президент бундан буён дастурлар вазирликда эмас, маҳаллада шаклланишини, уларни ҳокимларнинг ёрдамчилари ўзи “маҳаллабай” тамойили асосида ишлаб чиқиши зарурлигини таъкидлади.

Келаси йил халқаро молия ташкилотларидан жалб этилган 2 миллиард 200 минг доллар маблағни ўзлаштириш ҳисобига 109 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Бунинг самарасида 28 минг аҳоли бандлиги таъминланади.

Давлатимиз раҳбари халқаро молия ташкилотларидан жалб қилинадиган маблағларни ҳам маҳаллага боғлаш муҳимлигини қайд этди.

Йиғилишда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини самарали ташкил этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!