» » Айдар-Арнасой кўллар тизимидан фойдаланишда қатор муаммоли масалалар сақланиб қолмоқда

Айдар-Арнасой кўллар тизимидан фойдаланишда қатор муаммоли масалалар сақланиб қолмоқда

17 декабрь 2021 г 643 Комментарии: 0

Йигирма иккинчи ялпи мажлисда Айдар-Арнасой кўллар тизимида юзага келаётган муаммоларнинг экология ҳамда аҳоли саломатлигига таъсири юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласи кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, сўнгги йилларда Айдар-Арнасой кўллар тизимининг экологик ва биологик муҳитини яхшилаш, ундан фойдаланиш самарадорлигини ошириш билан боғлиқ муайян ишлар амалга оширилган.

Хусусан, “Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси” ДУК ташкил этилиб, кўллар тизимининг қирғоқ бўйи минтақаларида балиқ етиштириш парваришхоналари, инкубация цехлари ҳамда балиқ ўстириш ҳавзаларини қуриш ишлари амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, Айдар-Арнасой кўллар тизимидан фойдаланишда қатор муаммоли масалалар сақланиб қолаётгани таъкидланди.

Хусусан, кўллар тизимининг сув ҳажми 1994–2000 йилларда
44,1 млрд м3 бўлган бўлса, “Чордара” сув омборидан 2013-2021 йилларда кўллар тизимига сув ташланмаганлиги боис сув ҳажми 37,4 млрд мгача пасайган.

Сув сатҳининг пасайиши ва сув таркибининг шўрланиши натижасида айрим қирғоқ бўйлари 15-50 метрга ортга чекиниб, 15–20 см гача туз қатлами ҳосил бўлган. Бу эса кучли шамол вақтида тузли чангларга сабаб бўлмоқда, қишлоқ хўжалиги ерлари экин майдонлари ва инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Қайд этилганидек, кўллар тизимида балиқчилик соҳасини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар етарли даражада ташкил этилмаган.

Балиқ захираларини сақлаб қолиш ва ҳимоя қилиш бўйича назорат тизими тўғри йўлга қўйилмаганлиги оқибатида ноқонуний балиқ овлаш ҳолатлари учрамоқда.

Кўллар тизими ҳудудида белгиланган меъёрлар асосида балиқлантириш, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш, экотуризмни ривожлантириш, сувнинг шўрланиш даражасини юмшатиш ишлари тизимли ташкил этилмаган.

Балиқ овлаш контурларини ижарага бериш, ижара ҳақини ундириш, балиқ захираларини муҳофаза этиш, овлаш қоидаларига риоя қилишни назоратга олиш, балиқ овлашда фойдаланадиган техникаларни рўйхатга олиш ва уларнинг назоратини юритиш ишлари турли давлат органларига юклатилган ва уларнинг фаолияти мувофиқлаштирилмаган.

Кўллар тизимидан фойдаланиш бўйича қабул қилинган ҳужжатларда номувофиқлик ҳолатлари мавжуд. Шунингдек, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича туман (шаҳар) инспекцияларига Айдар-Арнасой кўллар тизимини муҳофаза қилиш бўйича штат бирликлари ажратилмаган.

Муҳокама якунида ушбу масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш юзасидан Олий Мажлис Сенатининг қарори қабул қилинди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!