» » Жиззахда газ таъминоти янада яхшиланади

Жиззахда газ таъминоти янада яхшиланади

17 январь 2022 г 1 485 Комментарии: 0

Мамлакатимизда газ таъминотини яхшилаш – аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.  Шу жумладан, Жиззах вилоятида ҳам саноат ишлаб чиқариш корхоналари, тадбиркорлик субъектлари, ижтимоий соха объектлари ва аҳоли хонадонларини табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш борасида ўтган 5 йил давомида салмоқли ишлар амалга оширилди.

Жиззах вилояти табиий географик жойлашуви ва аҳоли сони жиҳатидан бошқа вилоятлардан фарқ қилади. Узоқ йиллар давомида бу тизимда яхлит бир дастур бўлмаганлиги сабаб кўплаб муаммолар йиғилиб қолган эди. Уларнинг энг асосийларидан бири жойларга газ қувурлари тортиб борилган бўлишига қарамай, қорли-қировли қиш кунларида хонадонларга газ етиб бориши кескин камайиб кетиши ва бундан аҳолининг норози бўлиш ҳолатлари тез-тез учраб тураётгани эди.

Аҳоли ва ишлаб чиқариш корхоналарини қийнаётган муаммоларни бартараф этиш мақсадида, аввало, истеъмолчиларни табиий ва суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш мавжуд газ қувурларини мунтазам равишда  босим остида текширувдан ўтказиб боришга эришилди.

Тармоқларнинг гидравлик режимини яхшилаш, қўшимча газ тақсимлаш қурилмаларини ўрнатиш ҳамда суюлтирилган газ таъминоти тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилди. Синаш жараёнида аниқланган газ қувурларининг яроқсиз қисмлари алмаштирилиб, таъмирланди. Бундан ташқари, табиий газ сарфи ҳисоблагичлари ишончлилиги, ишлар ва хизматлар сифатини ошириш юзасидан махсус талабларни белгилаш, аҳолининг зичлиги ва ҳудуднинг саноатлашув кўрсаткичлари инобатга олинган ҳолда уларни табиий ва суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш бўйича манзилли дастурлар ишлаб чиқилди.

Ўтган йиллар давомида ходимларни меҳнат шароитини яхшилаш мақсадида “Hududgaz Jizzax” газ таъминоти филиалининг Ғаллаорол, Янгиобод, Бахмал ва Шароф Рашидов тумангаз бўлимларининг бинолари янгидан қуриб фойдаланишга топширилди. Ушбу бинолар замонавий техник воситалар билан жиҳозланган бўлиб, меҳнат қилаётган ходимлар ва идорага келувчи истеъмолчилар учун барча шароитлар яратилган.  

Вилоятда ўтган 5 йил давомида аҳоли сонининг кўпайиши натижасида табиий ва шу жумладан суюлтирилган газга бўлган талаб кескин ошди. Бу эса ўз навбатида истеъмолчиларга талаб қилинадиган табиий ва суюлтирилган газ етказиб бериш учун янги газ узатиш тармоқлари қуришга эҳтиёж пайдо бўлди. Айни пайтда, Жиззах вилоятидаги мавжуд 295 та қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинидаги 136 минг 875 та хонадон табиий газ билан таъминланган. Бугунги кунгача 268,8 километр узунликдаги, жумладан, 2017 йилда 56,7 километр, 2018 йилда 53,1, 2019 йилда 100, 2020 йилда 14,6 ва 2021 йилда 35,1 километр узнликдаги газ тармоқлари тортилди. Бунинг натижасида 25 минг 598 та хонадонда табиий газ таъминоти яхшиланди. 

Жиззах вилояти ҳудудида наъмунали лойиҳалар асосида қурилган уй жойларни табиий газ билан таъминлаш учун  21 километр  узунликдаги, кўп қаватли уй жойларни табиий газ билан таъминлаш учун 1,6 километр газ тармоқлари тортилди. Вилоят бўйича фойдаланишда бўлган 63,7 километр газ қувурлари бўялди. Ўтган йиллар мобайнида газ таъминоти филиалининг моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида 1 та автокран, 7 та “Газель” русумли автотранспорт воситаси, 1 та компрессор агрегати, 2 та электр пайвандлаш ускунаси ва 50 та ацетилен генераторлари ҳарид қилинди. 

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 ноябрдаги “2017-2019 йилларда Жиззах вилоятининг Зарбдор, Зомин ҳамда Янгиобод туманларини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида” ги 902- ва 903-сонли қарорларига асосан Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллиги ҳамда “Нефт ва газ саноати ходимлари куни” касб байрами муносабати билан “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти томонидан “Ҳудудгаз Жиззах” газ таъминоти филиалининг Зарбдор, Зомин ва Янгиобод туманлари бўлимларига хизмат автомобиллари топширилди. “Махсус авария хизмати учун” 1 донадан “Дамас” автомашинаси берилди.

1 минг 425 дона – жумладан, 2017 йилда 20 та, 2018 йилда 428 та, 2019 йилда 536 та, 2020 йилда 203 та ва 2021 йилда 227 та газ тақсимлаш пунклари қайта модернизация ва реконструкция қилинди. Илгари кўпгина хонадонларда газ ҳисоблагичлар бўлмасди, ҳозир деярли уларнинг ҳаммаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш” лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорига асосан бугунги кунгача жами 110 минг 961 дона замонавий газ ҳисоблаш ускуналари ўрнатилди. 

Бу билан табиий газ таъминотидаги ҳисоб-китобларни тўғри олиб бориш, газнинг беҳуда йўқотилишининг олдини олиш, истеъмолчилар томонидан табиий газни тежамли сарфлаш ва ноқонуний ¬уланишларга чек қўйиш мақсадида назорат ишлари кучайтирилганини ҳам шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

Жиззах вилоятида ҳам газ таъминотини яхшилаш бўйича янги тизим жорий этилди. Эндиликда истеъмолчиларга табиий газ аввалгидек уч босқичда эмас, балки икки босқичли тизим орқали етказиб берилади. Яъни, паст босимли газ қувурлари тармоқдан олиниб, табиий газ юқори ва ўрта босимли қувурлар орқали тўғридан-тўғри истеъмолчига бир поғона юқори босимда етказиб берилади. Бу эса қишин-ёзин барча хонадонларда бир хил босимдаги газ таъминотига шароит яратилиб, қиш пайтида ҳам хонадонларда газ босими пасайиб кетишига йўл қўйилмайди. Бундан ташқари, бу билан биз таъминотчи ва истеъмолчи ўртасидаги ҳисоб-китобларни янада яхшилаш имкониятларига эга бўламиз.

   Бугунги кунда Жиззах вилоятида 100 минг 229 та аҳоли хонадонлари суюлтирилган углеводород гази билан бир меъёрда таъминланиб келмоқда. Ўтган 5 йил мобайнида “Hududgaz Jizzax” газ таъминоти филиали томонидан жами 57 минг 204 тонна суюлтирилган углеводород гази етказиб берилган.   Газ балонларини белгиланган жадвал асосида аҳолига ўз вақтида етказиб беришни ташкил этиш мақсадида – 27 та “ISUZU” ва 2 “MAN” русумли юк автомашиналари жалб этилган. Фуқароларнинг ўзлари газ балонларини суюлтирилган газ билан тўлдириб олишлари учун 4 та газ тўлдириш шохобчалари ишлаб турибди. Бундан ташқари, вилоят ҳудудида 2 та маиший газ балонларини сақлаш сервис марказлари фаолият кўрсатмоқда. Яқин кунлар ичида “Зомин газ тўлдириш станцияси” қошида маиший газ балонларини таъмирлаш ва синаш сервис маркази ишга туширилади.

– Қишлоғимиз аҳолиси асосан суюлтирилган газ балонларидан фойдаланади, – дейди  Шароф Рашидов тумани “Оқтош” маҳалласида яшовчи Бувҳожар Холмирзаева. – 1 дона газ балонимиз 30-35 кунга етади. Бундан 5-6 йил аввал газ балонлар вақтида келмасди. Нақд пул тўламасак балон бермай кетарди. Мана 5 йиллардан бери газ балонлари вақтида олиб келиб, уйма-уй тарқатилмоқда. Тўлов ҳам жуда қулай бўлди, ID карталарда амалга оширамиз. Суюлтирилган газ таъминоти бўйича ҳеч қандай муаммо ва эътирозимиз йўқ. 

Аҳолининг газ балонларга бўлган эҳтиёжи доимий ўрганилмоқда. Жорий йил якунигача яна 9 мингта хонадон суюлтирилган газ билан таъминланиши режалаштирилган. Суюлтирилган газ фақатгина овқат тайёрлаш учун мўлжалланган бўлиб, 50 литрлик маиший газ балонларида етказиб берилаётган газ бир хонадонга 30-35 кунга етиши мумкин. Аҳоли томонидан истеъмол қилинадиган майиший газ балонларнинг тўловларини автоматлаштириш бўйича 2019 йил 1 ноябрь ҳолатига барча суюлтирилган газ балон истеъмолчилари хатловдан ўтказилиб бугунги кунгача 87 минг 820 та замонавий ID карталар етказиб берилган. 

– Туманимиз бўйича 27 та қишлоқ ва маҳалладаги 6 мингдан ортиқ аҳоли хонадонларига суюлтирилган газ балонлари етказиб берамиз, – дейди Шароф Рашидов “Тумангазтаъминот” бўлими суюлтирилган газ етказиб бериш бўйича етакчи мутахассис Фарҳод Рашидов. – Ўтган 4-5 йил давомида истеъмолчилар томонидан суюлтирилган газ балонлари етказиб берилиши бўйича норозилик мурожаати бўлгани йўқ. Яна бир қулайлик, ўтган 2019 йилдан буён суюлтирилган газ балонлари тўлови туманимизда тўлалигича ID карталарда амалга оширилади. Аҳоли бундан жуда миннатдор.

Жиззах вилоятида 2022-2026 йилларда табиий  газ  таъминотини яхшилаш бўйича манзилли чора тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Унга кўра 25 миллиард сўм маблағ эвазига 104,6 километр газ тармоқларида қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилади. 274 дона юқори босимли газ тақсимлаш пункларидаги телеметрия тизими жорий этилади. 61 минг 100 та аҳоли хонадонлари 2-босқичли газ таъминоти тизимига ўтказилади. Шунингдек, газ таъминоти филиали моддий техник базасини яхшилаш мақсадида 1 дона мобиль лаборатория, 4 дона “Radiodetection RD8100” ва 18 дона “Sewerin EX-TEC 680” русумли махсус ускуналар харид қилиниши белгиланган.

Бундан ташқари, 425 дона газ тақсимлаш пунктлари реконструкция ва модернизация қилинади, табиий газ сарфи ва ҳисобини аниқ юритиш мақсадида ҳудудлар бўлиниш чегараларига 21 та ҳисоблаш узеллари қурилиши, авария тиклаш хизмати моддий техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 8 дона “Газель” русумли махсус автотранспорт воситалари харид қилиниши, 5 минг 773 километр газ тармоқларининг электрон топографик хариталарини шакллантириш режалаштирилган. Бунинг натижасида – табиий газ билан таъминланиш даражаси  64,1 фоизга етади, 143 минг 800 аҳоли хонадонларига замонавий электрон газ ҳисоблагичлари ўрнатилиб, АСКУГ тизими тўлиқ жорий этилади ва 30 минг 800 дан ортиқ аҳоли хонадонларида табиий газ таъминоти яхшиланади. 

Қолаверса, кичик саноат зоналари, савдо, саноат ва қурилиш материаллари кластерларини  ҳамда бошқа турдаги объектларни табиий газ билан таъминлаш имкони янада яхшиланади.

А.ҚАЮМОВ

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!