» » ЖИЗЗАХ ВОҲАСИНИНГ ТОШЛАР БИЛАН БОҒЛИҚ ҚАДАМЖОЛАРИ ВА УРФ-ОДАТЛАРИ

ЖИЗЗАХ ВОҲАСИНИНГ ТОШЛАР БИЛАН БОҒЛИҚ ҚАДАМЖОЛАРИ ВА УРФ-ОДАТЛАРИ

19 сентябрь 2018 г 5 396 Комментарии: 0

Юртимизда бугунги кунда халқимизнингқадимий тарихивабой маданий меросини тиклаш ҳамда уни дунё жамоатчилигига етказиш борасида кўплаб муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистоннинг бошқа тарихий-этнографик минтақалари кабиЖиззах воҳаси ҳам ўзига хос,муҳим аҳамиятга эгабўлиб, воҳани минг йиллар мобайнида қулайгеографик ўрни ва Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашганлиги сабаблиғоят хилма-хил маданиятлар ва анъаналар туташган, ўзаро уйғунлашганҳолда шаклланган макон сифатида қайд этиш мумкин. Шу боисдан ҳам ҳозирда Жиззах воҳаси зиёратгоҳларини анъанавий халқмаданиятининг феномени тарзида тадқиқ қилиш долзарб аҳамият касб этмоқда.

Инсоният борки, у эътиқод қилади, сиғинади, руҳан ва маънавий жиҳатдан покланишга ҳаракатқилиб, илоҳий қувватга эга бўлган муқаддас жойларни зиёрат қилишни хоҳлайди, чунки зиёратқилиш кишилар руҳиятига катта таъсир кўрсатади ва руҳини поклайди.

Муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар тўғрисидаги халқона қарашлар замирида исломдан олдинги табиат культи, оила, деҳқончилик ва ҳосилдорлик ҳомийлари саналган маҳаллий культлар билан боғлиқ қарашлар шунингдек, ибтидоий диний тасаввурлар таркибига кирувчи тотемезим, анимизм ва фетишизмга оид қарашлар ҳам сақланиб қолинган. Шу сабабданэлшунос олим Г.П.Снесаревнинг қадимги культлар ўрнини исломий авлиёлар эгаллаб, авлиёларнинг зиёратгоҳлари пайдо бўлганлиги тўғрисидаги фикрлари илмий асосга эга. Олим И.Гольдцигер "Муқаддас культларга сиғиниш ислом динига бошқа дин ва эътиқодларнинг қолдиқлари кириб келишига дарча бўлиб хизмат қилган, яъни ислом дини ичида қадимги диний эътиқодларнинг қолдиқлари сақланиши ва ривожланиши учун қобиқ бўлиб хизмат қилди ва яшаш учун муҳит яратган”, деган фикр тўғри эканлигига амин бўлди. Бундан кўринадики, азиз-авлиёлар культининг тарихий илдизларида икки манбадан, дин тарихининг икки босқичи– аждодлар культи ҳамда Ўрта Осиё цивилизацияси шароитида юзага келган маҳаллий культлардан келиб чиқади. Ҳубби ва Анбар она мисолида бунга амин бўлиш мумкин.Муқаддас культларда Ўрта Осиё қадимий эътиқодларининг турмуш тарзи ва ҳўжалик ҳаёти билан боғлиқ элементлари асрлар оша шаклланган(Снесарев Г.1969, с.279 ).

Ўзбек этнографи И.Жабборов ўз асарларида авлиёлар культини тадқиқ қилар экан, жумладан шундай дейди: "Ўтган аждодлар арвоҳга сажда қилиш, уларни хотирлаш, табиат кучларига сиғиниш натижасида жуда кўп муқаддас жойлар ва авлиёлар вужудга келган”(Жабборов И. 1992, 236 б). Яъни, энг қадимий даврларга оид табиат кучларига сиғиниш билан боғлиқ ашёлар (ғалати шаклдаги тошлар, ерга қадалган таёқёки мато бўлаклари осилган якка дарахтлар) ҳозиргача кўп жойларда учрайди.

Этносоциологик тадқиқотлар давомида аниқланишича, маҳаллий халқларнинг анъанавий дунёқарашига кўра, қадамжоларнинг шаклланишида ўз даврининг авлиёлик кароматлари билан боғлиқ ҳолда тошга айланганликлари ёки тешик тошга кириб ғойиб бўлганликлари, қурбонлик ўтказиш объекти бўлганлиги ва айрим ноёб хусусиятига, шакл ва рангига эга бўлган тошлар ҳақидаги ривоятлар мавжуд бўлган. Бундай сиру-синоатлар эса қадимдан воҳа халқлари дунёқарашида ушбу жойлар илоҳий ва муқаддас саналганидан далолат беради. Аждодларимиз тоғнинг юқори қисмида эзгулик, остида ёвузлик руҳлари яшашларига ишонганлар. Туркий халқлар асотирларида тоғ ва ғорлар ибодат жойлари сифатида талқин этилиши бежиз эмас (Жирмунский В.М, 1974, с 25.Жирмунский В.М,1947, с 303. Имомов Ква бош. 1990, 229 б).

Ғайритабиий шаклдаги ғорлар, тошлар ва қоялар, шифобахш булоқлар ва кекса дарахтлар ҳам зиёратгоҳларга айланган(Жабборов И. 1992, 236 б). Айнан бундай ҳолатларнинг исботи тарзида вилоятнингЯнгиобод туманидаги "Кўк тўнли ота” (зиёратгоҳасосини кўк тош ташкил этади), Бўтатош вали, Тешиктош зиёратгоҳлари, Зомин туманидаги Парпиойим (4-расм), Оқтош ота, Хўроз ота ва Сўгалтош зиёрат масканлари, Ш.Рашидов туманидаги Парпи ота(3-расм), Қулписар ота зиёратгоҳ (2-расм)лари ва Учқиз қадамжоси (5-расм), Фориш туманидаги Тешиктош чиллахонаси (6-расм) ва Қизучганқояси, Ғаллаорол туманидаги Сайфин ота зиёратгоҳини асосини ташкил қилувчи қабр тошлар ва Соврук ота зиёратгоҳи (1-расм) ҳудудидаги тешик тошни муқаддас билиб унга сиғинишни келтиришмумкин.

Марказий Осиё ҳудудларида Бешиктош, Одам тош, Омбир тош, Қўйтош, Сирли момотош, Куёвтош, Қизтош номли тошлар билан боғлиқ афсона ва ривоятлар мавжуд(Баҳриддинов Б, Саидов А. 1988, 100 б).

Шу ўринда Жиззах воҳаси ҳудудида жойлашган тошлар билан боғлиқ айрим муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар, уларнинг вужудга келиши билан боғлиқ ривоятларга тўхталамиз; Янгиобод тумани Пасткисармичқишлоғида Тешиктошбобо қадамжоси жойлашган бўлиб,қадамжода 2 дона нисбатан катта ва 1дона кичик кўринишдаги тешиктош мавжуд (Дала тадқиқотлари. Янгиобод тумани, Пасткисармич қишлоғи, 2014).

Маҳаллий аҳоли ўртасида ушбу муқаддас қадамжо билан боғлиқ қуйидагича ривоят сақланиб қолинган. Ислом дини тарғиботчиларидан бири бўлган номалум авлиё душманларидан қочиш мақсадида ушбу Тешиктош жойлашган ҳудудга келиб, тошлар орасига кириб ғойиб бўлган кейин душманлари келиб қараса тошларда тешик пайдо бўлган. Шу-шу маҳаллий аҳоли ушбу тошларни муқаддас билиб зиёратгоҳга айлантирган (Ахборотчи. Бегимқулов Шойимқул 77 ёш. Янгиобод тумани, Юқорисармич қишлоғи, 2014).

Тумандаги яна бир тош билан боғлиқ зиёратгоҳ Юқорисармич қишлоғида жойлашган бўлиб унда бўталоқни эслатувчи маҳаллий аҳоли ўртасида муқаддас саналган тош мавжуд (Дала тадқиқотлари. Янгиобод тумани, Юқорисармич қишлоғи, 2014).

Маҳаллий аҳоли вакилларининг таъкидлашларича, Тожикистон Республикаси Шаҳристон тумани Холдорқипчоқ қишлоғида Туятоши вали зиёратгоҳи бўлиб бу ерда жойлашган Бўтатош вали зиёратгоҳи шу билан боғлиқ бўлиб, Туятош ва Бўтатошлар авлиё ёки авлиёларнинг туяси деган қараш мавжуд. Зиёратгоҳни вужудга келиши тўғрисида қуйидагича ривоят сақланиб қолган;

Туятош кўринишидаги авлиё болалари билан динни тарғиб қилиб юрган пайтда душманлар уни ўлдириш мақсадида таъқиб қилишади. Шунда ТуятошАллоҳга илтижо қилиб, душманлар унга зарар етказа олмаслиги мақсадида фарзандигақарата "Тош бўл” дейди ва фарзанди бўталоқ кўринишидаги тошга айланиб қолади(Ахборотчи.Поччаев Саидхўжа 54 ёш. Янгиобод тумани Юқорисармич қишлоғи, 2014).

Туманнинг Муғол қишлоғига кираверишдаги тепалик устида жойлашган Кўк тўнли ота зиёратгоҳи ҳудудидаги кўк тошга асосан болаларда учрайдиган кўк йўтални даволаш учун зиёратчилар ташриф буюради. Бу ерда учрайдиган маросимларнинг ўзига хос хусусияти шундаки зиёратчилар боланинг бўйига мос келадиган кўк матодан қўғирчоқ ясаб келишиб кўк тош билан боғлиқ удумлар бажарилгандан сўнг пастдаги сойликка олиб бориб ёқиб юборишади(Дала тадқиқотлари. Янгиобод тумани, Муғол қишлоғи, 2014).

Юқорида таъкидланганидек, қадимги даврда диний тафаккур табиатга сиғиниш йўли билан ривожланган ва табиатдаги баъзи бир унсурлар қизлар, аёллар сифатида тушинилиб, айрим руҳлар аёллар номи билан аталган.

Худди шундай муқаддас саналган манзиллардан бириЗомин туманининг Увол қишлоғи ҳудудида жойлашган Парпиойим зиёратгоҳи(Дала тадқиқотлари. Зомин тумани Увол қишлоғи, 2016)дир.

Зиёратгоҳ тўғрисида маҳаллий аҳоли ўртасида жуда кўплаб ривоятлар сақланиб қолган бўлиб, бу ривоятлар илмийлик нуқтаи-назаридан таҳлилга мухтож. Мисол учун Парпи ойим, Ш.Рашидов тумани Равот ҚФЙ ҳудудидаги Парпи ота зиёратгоҳига номи берилган авлиёнинг синглиси деган қараш мавжуд. Бу икки зиёратгоҳни умумий жиҳатлари сифатида иккаласини номланиши, тешик тошнинг мавжудлиги ва ёш болаларда учрайдиган "парпи” (тиббиёт тилида кахекция) касаллигини даволаш учун зиёратчиларни келишини айтиб ўтиш мумкин.

Араб тилида "парфи” – "оқ” деган маънони англатишини инобатга олсак ислом дини кириб келгандан кейин маҳаллий аҳоли бу муқаддас саналган жойларга "Парпи ота” – "оқ ота”, "оқ кийимли ота”, "оқ ниятли ота” ёки оқ рангли тешиктошга нисбат берилиб "оқ тош ота” каби номлар билан атаб келинган (Оға Бургутли. 2008, 34), Парпи ойим эса "Парпи она”- "Оқ она”, "Пок ва бегуноҳ она” бўлиши эҳтимолга яқинроқ.

Ахборотчиларни берган маълумотларига таянадиган бўлсак, ушбу зиёратгоҳга асосан кўп йиллардан буён хомиладор бўлмаган, икки –уч нафар фарзандлари бир ёшга кирмасдан вафот этган аёллар зиёратга келишади ва дуолари ижобат бўлиб фарзандли бўлишгандан сўнг бу ердан олиб кетган тошларини қайтариб олиб келиб маросим ўтказиб кетишади(Ахборотчи. Умирзоқов Абдужаббор 62 ёш. Зомин тумани Увол қишлоғи, 2016).

Тарихий маълумотларга қараганда, худди шундай анъаналардан бири Турк хоқонлиги даврида ҳам бўлиб, оналик сифатларга эга аёл илоҳаларнинг бири Умай ҳисобланган.Махмуд Кошғарий "Умай” сўзининг мазмунига тўхтаб, уни "йулдош” деган лексик маънода келтиради. Умайни ёш, туққан аёллар қорнидан чиқувчи нарса деб, болани қорнидаги йўлдоши эканлигини баён қилади. Қадимги турк халқларида "Умайга сиғинса ўғил бўлур” деган мақолнинг кенг тарқалгани, кимда-ким (аёл кишидан) Умай руҳига сидқидилдан хизмат қилса, у ўғил туғади деган ирим ўрин олганлигини ёзади.Ҳақиқатан ҳам аёллар ўғилли бўлиш учун Умай руҳига сиғиниб, ишонч билан умид қилганлар. Айниқса она ва ёш болани ёмон рухлардан, ёвуз кучлардан, жин-ажиналардан сақловчи, яхшилик келтирувчи деб тушинишган (Жумабеков А., Алиқулов Р. 1999).

Бундан кўринадики қадимга турк халқларида Умай-Она бир тарафдан ботир-қаҳрамонларнинг урушда ўз онасига сиғингандай сиғиниш манбаи деб тушунилса, иккинчи томондан эса кенг кўламда ёш болаларнинг тарбияланиб чиқишидагиғамхўри, боланинг она қорнидаги ва бола туғилгандан кейинги даврдаги уни турли ёмон руҳлардан сақлаб юрувчи йўлдоши деб ҳисобланган.

Зомин тумани Пешағор қишлоғига қарашли, Пешағор қабристони ичида мўъжазгина Зиёратгоҳ мавжуд бўлиб, маҳаллий аҳоли уни Оқтош ота зиёратгоҳи деб аташади. Зиёрат хоноқохи ичида рамзий қабр, иккита йирикроқ оқ тошлар мавжуд (Дала тадқиқотлари. Зомин тумани Пешоғор қишлоғи, 2017).

Ахборатчиларнинг берган маълумотларига қараганда, Зиёратгоҳдаги тупроқ хосиятли бўлиб, турли-хил тери касалликлари хусусан, оқ доғлар, турли яра ва тошмаларга даво бўлади. Зиёратгоҳга бугунги кунда шу қишлоқда истиқомат қилувчи қирқ уруғи вакилларидан ташқари, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларининг кўплаб туманларидан ташриф буюрувчиларнинг қадами узулмайди(Ахборотчи. Эргашев Сафар 54 ёш. Зомин тумани Пешоғор қишлоғи, 2017).

"Парпи ота” зиёратгоҳи Ш.Рашидов туманининг Парпи ота ва Ялпоқбош қишлоқлари ҳудуди туташган масканда жойлашган бўлиб маҳаллий аҳоли томонидан минглаб йиллардан буён азиз маскан сифатида эъзозлаб келинади. Зиёратгоҳга асосан фарзанд кўриш ва қутирган ит қопган кишилар шифо топиш мақсадида ташриф қиладилар. Зиёратгоҳда сирли-синоатли деб топилган тешиктош бўлиб, ахборотчиларни таъкидлашича "гуноҳи борларни поклар эмиш..." Тешиктошга туташтириб хонақоҳ, айвон, алоҳида масжид биноси қурилган. Баъзи манбаларда зиёратгоҳга ХII асрда яшаб ўтган машҳур шарқ муҳаддислик илмининг буюк билимдони, сўфийлик тариқати сардорларидан бири Ал-Аҳмад ибн Абдуҳамид Ғаззолийнинг (вафоти тах.1122 йил) қадами етган деб тахмин қилинади.

"Қулписар ота” зиёратгоҳи Ш.Рашидов туманининг Шароф Рашидов ҚФЙ ҳудудида жойлашган бўлиб, зиёратгоҳ ҳудудида хонақоҳ, масжид, археологик ёдгорликлар ўрни, қалъалар қолдиқлари ва кўҳна қабристон мавжуд (Оға Бургутли.2008, 37б).

"Қулписар ота” зиёратгоҳи ўлкамиздаги тарихчи ва археологлар томонидан ўз йўналишлари нуқтаи-назаридан ўрганилган. Жумладан, 1956 йилда ЎзР ФА Тарих ва археология институтининг Я.Ғ.Ғуломов бошлиқ Мохандарё экцпедицияси Жиззах воҳаси археологик ёдгорликларини ўрганиш жараёнида Жиззах шаҳридан 30 км шимол томонда, яъни зиёратгоҳ ҳудудида жойлашганқадимда кўчманчилар дашти билан чегарада қурилган IX-X асрларга оид Қулписар рабоди ва илк қурилиш даври милодий I-II асрларга оид Дунётепа қалъасини очиб ўрганган (Гулямов Я.Г. 1961 Вып 2,с. 92-93; Пардаев М.Х. 1995, с.11).

Шунингдек, ушбу объектни ўрганиш мобайнида Дунётепадан 100-120 м шарқ томонда жойлашган "Қулписар ота” зиёратгоҳининг асосий сиғиниш ва қурбонлик учун жонлиқ сўйиладиган, ўлчами 180 см х 150 см ва баландлиги 120 см бўлган бир нечта тош бўлакларидан тикланган ва усти тош плита билан ёпилган, қон излари сақланиб қолган тош иншооти ҳам ўрганилган. Я.Ғ.Ғуломовнинг фикрича, "Қулписар ота” ёдгорлиги муқаддас ҳисобланиб, бу ерга келган шифо ёки мадад талаблар дольмен ва узун сағанага сиғинишган. Қурбонлик учун олиб келинган жонлиқлар шу ерда сўйилган. Бу ерга келганлар иншоотнинг юқорисидаги туйнукдан ўтишган. Бундай дольменлар дафн иншооти сифатида бронза давридан то ислом дини оммалашгунча кенг ёйилган” (Гулямов Я.Г. 1961 Вып 2,с. 92-93; Пардаев М.Х. 1995, с. 94-96).

Ш.Рашидов туманидаги Учқиз қишлоғида Учқиз қадамжоси жойлашган бўлиб (Дала тадқиқотлари. Жиззах тумани Учқиз қишлоғи. 2015),маҳаллий аҳоли ўртасида ушбу зиёратгоҳни пайдо бўлиши тўғрисида қуйидагича ривоят сақланиб қолган. Қадим замонда ушбу қишлоққа ёв бостириб келганда бир авлиё кишини уч нафар қизи бўлади. Қизлар душмандан қочиб кетаётган вақтда уларнинг тароғи тушиб қолиб тут дарахтига, ойнаси тушиб қолиб ойнатошга айланади ва қизларга душман яқин келган вақтда улар Аллоҳга душманни қўлига тушгандан кўра тошга айлантир бизни деб илтижо қилади ва учала қиз тош бўлиб устма-уст қотади(Ахборотчи. Наханбоев Эшқул 63 ёш. Жиззах тумани Учқиз қишлоғи, 2015).

Фориш туманининг Сайёд қишлоғидаги қояда Қизучган табиат ёдгорлиги жойлашган (Дала тадқиқотлари. Фориш тумани Сайёд қишлоғи, 2017) бўлиб, уни пайдо бўлиши тўғрисида маҳаллий аҳоли орасида қуйидагича ривоят сақланиб қолган. Қадимда ушбу ҳудудда яшаган бир қиз ва йигит бир-бирларига кўнгил қўйишади. Қиз бадавлат оиладан йигит эса бечораҳол бўлганлиги сабабли қизнинг оила аъзолари уларнинг оила қуришига қаттиқ қаршилик кўрсатиб,қизни ҳаттоки кўчага чиқишини ҳам таъқиқлаб қўйишади. Бир-бирига кўнгил қўйган аммо бирга бўлаолмасликларини билган ёшлар ушбу қоя олдига келиб пастга сакрашади ва қоядан йигитнинг қони оқ, қизнинг қони қизил рангда бўлиб,қояда сақланиб қолади. Ушбу воқеа сабаб қоянинг номи ҳам Қиз учган қояси деб аталади (Ахборотчи. Исмоилов Самандар 35 ёш. Фориш тумани Сайёд қишлоғи, 2017).

Юқорида келтирилган ривоятлар воҳа аҳолиси орасида тошларни муқаддас билганлигидан далолат бериб, бундай тошлар инсоният бошига бирон бир мушкуллик пайдо бўлган кезларда ҳалоскорлик вазифасини ҳам ўташи ҳақида сўз юритилади. Маҳмуд Қошғарийнинг ёзишича, туркий халқлардаги "Яда" номли тош қурғоқчилик вақтида ёмғир ёғдирувчи восита бўлиб хизмат қилган (Маҳмуд Қошғарий. 1963). Тошларда қудратли куч мавжудлигига ишониш қадимги халқларни тошларга доим ёвуз кучлардан асровчи, мусибатлардан халос этувчи, муқадас ашё сифатида эъзозланиб келишга олиб келган (Вадецкая.Э.Б. 1967,с.9).

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки бугунги кунда зиёратгоҳ ва қадамжоларда амал қилинаётган урф-одатларнинг баъзилари исломгача бўлган эътиқодларга бориб тақалади. Муқаддас жойлар инсонлар учун нафақат аждодлар руҳига бўлган эътиқод, балки руҳий таскин топиш, авлиёдан мадад олиш ва касаллигига даво излаш каби мақсадларни ўзида мужасамлаштирган ўзаро мулоқот марказига айланган.Шу сабабдан бугунги кунда муқаддас жойлар этнографлар, фольклоршунос, руҳшунос, социолог ватиббиёт ходимлари учун тадқиқот марказига айланмоқда. Шунингдек, зиёратгоҳлар кишилар тасаввурида инсонийлик, меҳр-оқибатли, инсоф-диёнатли бўлиш каби хайрли ишларга чорловчи маскан вазифасини ҳам ўтайди. Шулар билан бир қаторда, бугунги кунда бутун дунёда экология соҳасидаги муаммолар етакчилик қилган бир даврда воҳа зиёратгоҳларининг табиатни асрашдаги муҳим вазифасини, яъни экологик қўриқхона сифатидаги аҳамиятини ҳам таъкидлаб ўтиш зарур.

Акчаев Фаррух Шавкатович

Жиззах ДПИ тарих ўқитиш

методикаси кафедраси катта ўқитувчиси.

скачать dle 12.0

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!