Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » "Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” тамойили юртимизда инсон қадри улуғлигининг ёрқин намунасидир
05 февраль 2022 г 2 459 Комментарии: 0
Қадимги аждодларимиз макон қилган Устуршона давлати Сангзор дарёси бўйида жойлашган бўлиб, аҳолиси деҳқончилик, чорвачилик билан кун кечирган. Жиззах дастлаб Сангзор дарёси бўйидаги кичикроқ шаҳар бўлган ва кейинчалик савдо карвонлари йўлининг чорраҳасида бўлганлиги туфайли ривожланиб, кенгайиб борган. Қадимги манбааларга кўра шаҳарнинг тўртта дарвозаси бўлган ва уларнинг биридан Самарқандга, иккинчисидан Бухорога, учинчисидан Фарғонага, тўртинчиси орқали Тошкентга бораётган карвонлар йўлга чиққан.
Таниқли олим Бўрибой Аҳмедовнинг тарихий далиллар асосида битилган "Амир Темур" романида ўндан ошиқ жойида Жиззахнинг номи (Дизак шаклида) тилга олинган. Унда ёзилишича Ҳазрат соҳибқирон қўшини билан Эронзамин устига қилган зафарли юришидан кейин Самарқандга қайтиш вақтида Жиззахда бир неча кун тўхтаб, ҳордиқ чиқарган, унинг табиатига, бағрикенг, меҳнаткаш ва меҳмондўст халқига мафтун бўлган.
Дарҳақиқат, Жиззах музофотининг йирик шаҳарлари бўлган Зоминнинг ширин-шакар мевалари, мусаффо тоғҳавоси, Жиззахда ишлаб чиқарилган ҳунармандчилик маҳсулотлари — кулолчилик, темирчилик ашёлари қадрланган, жувозларда чиқарилган зиғир ва пахта чигитидан олинган ёғлар тозалиги билан машҳур бўлган.
Мен мақолани бежиз вилоятимиз тарихидан бошламадим. Чунки бу жаннатмонанд заминда ҳамон ўша омилкор ҳунармандлар, миришкор боғбон ва деҳқонларнинг авлодлари яшамоқда, ўз ота-боболари анъаналарига содиққолиб, юртимизнинг шонли тарихини яратмоқда.
Мустақиллик туфайли Жиззах воҳаси янада гуллаб-яшнамоқда. Шаҳар ва қишлоқларимиз мисли кўрилмаган даражада тараққий этиб, замонавий кўринишга эга бўлаётгани халқимиз томонидан эътироф этилмоқда. Кейинги олти йил мобайнида Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ишлаб чиққан ва ҳаётга кенг татбиқ этилаётган мамлакатни дунёда ривожланган давлатга айлантириш йўлидаги дастур ва лойиҳалар Жиззахда ҳам амалга оширилаётган эзгу ишларга қанот бўлди.
Айниқса, "Ҳаракатлар стратегиясидан — Тараққиёт стратегияси сари" тамойили ислоҳотларнинг навбатдаги босқичини бошлаб берди. Мамлакатимизда бўлгани каби Жиззах вилояти аҳли ҳам кейинги 2022- 2026 йилларни ўз ичига олган муҳим режа ва амалга оширилиши лозим бўлган лойиҳаларни белгилаб олди.
Чиндан ҳам юртдошларимиз учун мамлакатнинг хоҳлаган ҳудудида эмин-эркин яшаш, уй-жой ва кўчмас мулк сотиб олиш, фуқароликка эга бўлиш, эркин ва мустақил билим олиш, меҳнат қилиш, тадбиркорлик билан шуғулланиб, даромад топиш, турли давлат хизматларидан фойдаланишга оид кенг имкониятлар яратилгани, хайрли ва буюк мақсад йўлида дадил қадам ташланаётгани ҳар бир куннинг мазмун ва маънога тўлиқлигининг ифодасидир. Энг муҳими, бундай ўзгаришларни ҳар бир инсон кундалик ҳаётида кўрмоқда, ҳис этмоқда.
Шу пайтгача вилоятимизда амалга оширилган "Обод маҳалла", "Обод қишлоқ" дастурлари 2022 йилда ҳам узвий давом этади. Ижтимоий муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш мақсадида жорий этилган "Темир дафтар", "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари", "маҳаллабай" ва "хонадонбай" ишлаш тизимлари жорий этилганлигидан минглаб юртдошларимиз давлатимиз раҳбаридан мамнун бўлишмоқда.
Маҳаллаларга тайинланган 298 нафар ҳоким ёрдамчилари ва Ёшлар ишлари агентлигининг вакиллари иштирокида бу дастур янги мазмун ва маънога эга бўлади, албатта. Чунки дастур ижросида маҳаллаларда янгидан ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари ҳам фаол иштирок этиб, барпо этилаётган ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш бино ва иншоотлар замонавий архитектура асосида қад кўтариб, маҳалла жамолига чирой қўшади, аҳолига доимий иш ўринлари яратиш манбасига айланади.
Маҳаллада тадбиркорликка асос солинар экан, бу саъй-ҳаракатлар шунчаки рўзғор тебратиш воситасига айланиб қолиши керак эмас, деган фикрга келдик. Маҳалла тадбиркори нафақат ўз оиласи учун, балки халқ хизматига камарбаста бўла оладиган, ишлаб чиқарган маҳсулотлари ички бозор билан бир қаторда экспортбоп бўлишини таъминлай оладиган билимли, ташаббускор, ишбилармон инсон бўлиши зарур. Шу мақсадда вилоятимиздаги тадбиркорларни тайёрлаш ўқув марказлари, "IT PARK"лар, "Ишга марҳамат" Мономарказлар фаолиятлари шунга қаратилмоқда. Қачонки, маҳалла тадбиркори, томорқа эгасининг банкдаги ҳисоб рақамида камида 100 миллион сўмдан ортиқ маблағ айланиб турса, дастлабки мақсадга эришдик, дея ишонч билан айтишимиз мумкин. Бунинг учун инновация нафақат йирик ишлаб чиқариш корхоналарига, балки маҳаллаларда чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик, балиқчилик, мевасабзавот маҳсулотлари, қўзиқорин етиштиришга ҳам татбиқ этилиши зарур.
Ҳозирги пайтда вилоятимизда жадаллик билан ташкил этилаётган "Томорқа хизмати" ташкилотлари бевосита маҳалла тадбиркорларига кластер усулида хизмат кўрсатиш билан бирга инновацион ғоялар ишлаб чиқиб, тадбиркорлар ёрдамида татбиқ этувчи марказга ҳам айланади.
Агар ҳар қандай янгилик ва ўзгаришларнинг халққа фойдаси тегмаса, у кераксиз амалга айланади. Ҳурматли Юртбошимиз сайловолди тадбирларида Жиззахга келиб, халқ билан учрашганларида, мамлакатни ривожлантириш дастурини баён этганди. Дастур халқимиз таклифлари билан янада мукаммаллашди ва кейинги беш йил учун "Тараққиёт стратегияси"га айланди. Ана шу дастурнинг еттита устувор йўналиши бўйича, "Инсон қадри учун — 100 та мақсад"ни белгилаб олинганлиги, ҳар бир юртдошимиз қалбида ҳам эзгу ниятларни уйғотиб юборди. Шунинг учун жиззахликлар уни "100 та эзгу мақсад" дея улуғлар экан, бу мақсадларда халқ фаровонлиги, юрт ободлиги, инсон ҳақ-ҳуқуқларига бўлган эътибор мужассам эканлигини чин дилдан ҳис этдилар.
Ҳа, биз инсон қадри энг улуғ бўлган давлатни барпо этмоқдамиз. Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан эълон қилинган "Инсон қадри учун — 100 та мақсад" ҳам буни яққол кўрсатиб турибди. Жорий йилнинг ўзида умумий қиймати 55 триллион сўм ва 11,7 миллиард долларлик 398 та чора-тадбирни амалга ошириш кўзда тутилганлиги бундай тараққиёт ҳали Ўзбекистон тарихида бўлмаганлигини нафақат халқимиз, балки хориждаги дўстларимиз ҳам эътироф этаётганидан англаб олиш қийин эмас.
Ана шу эзгу мақсадлар вилоятимиз ривожи, аҳолисини турмуш шароитини янада яхшилашга бевосита тааллуқли эканлигини англаганҳолда биз ҳам зарур чора-тадбирларни белгилаб олдик.
Юқорида таъкидлаб ўтганимдай асосий эътиборни маҳаллаларни ривожлантиришга қаратамиз. Шу мақсадда маҳаллаларда "Иш марказлари"ни ташкил этиб, маҳаллада ҳокимлар, сектор раҳбарларининг доимий онлайн қабули ташкил этилади. Давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этган фуқаролар меҳнати, саъй-ҳаракатларини рағбатлантириш йўлга қўйилади. Ҳар бир маҳалланинг ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиб, унинг бажарилишини вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари, халқ депутатлари вилоят (шаҳар ва туман) Кенгашлари даражасида назорат қилиб борилади. Амалга оширилган ишлар, ислоҳотлар самараси аҳоли ўртасида социологик сўровномалар ўтказиш орқали ўрганиб бориш йўлга қўйилади.
Ёшларга таълим-тарбия бериш, аҳоли саломатлигини таъминлаш доимий эътиборимизда бўлади. Узоқҳудуддаги мактабларга автобус қатновлари йўлга қўйилади. Қишлоқ ва маҳаллалардаги оилавий поликлиникалар босқичма-босқич транспорт воситаси билан таъминланади.
Тараққиёт стратегиясидаги 7 та устувор йўналиш бўйича Жиззах вилоятида тўғридан-тўғри тегишли 10 та банд бўйича чора-тадбирлар амалга оширилиши кўзда тутилган. Жумладан, 2023 йилда Ғаллаорол туманида 200,0 млн. долларлик қуёш фотоэлектр станцияси қурилиши битказилиб, фаолияти йўлга қўйилади. Мамлакатимиз ҳудудларидаги ва хорижий давлатлар бизнес вакиллари билан ўзаро ташқи иқтисодий алоқаларни ўрнатиш, хусусан, вилоятимиз ва Ҳиндистон билан инвестиция ҳамда ташқи савдо алоқаларини ривожлантириш режалари белгилаб олинди.
Ҳозирги пайтда аграр соҳани ва томорқаларни ривожлантириш ишлари кенг кўламда амалга оширилар экан, соҳани яхши биладиган мутахассислар етишмовчилиги сезилаётганлиги сир эмас. Шунинг учун ершунос ва ўсимликшуносларни бевосита вилоятимизда тайёрлаб, ишлаб чиқаришга йўналтириш учун Аграр университет филиалини Жиззахда очиб, фаолиятини йўлга қўйишга қарор қилдик. Илм-фан ва инновацияга асосланган агро-хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, вилоятимизда агрохизматлар марказларини ташкил этиш долзарб вазифамиз бўлиб қолади.
Қишлоқ хўжалигида чорвачилик етакчи соҳалардан бири ҳисобланади. Чорва маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш учун вилоятимизда тез етилувчан қорамолларнинг янги зотларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратамиз. Замонавий молшунослик, ветеринария хизматлари йўлга қўйилади.
Тошкент шаҳрида барпо этилган "INN0" инновацион ўқув-ишлаб чиқариш технопарки филиали Жиззах шаҳрида ташкил этилади, 2023-2026 йилларда босқичма-босқич замонавий инфратузилмага эга технопарк сифатида фаолият кўрсатади.
Жиззах вилоятининг табиий шароитидан келиб чиқиб, сув таъминоти қувурлари, суғориш тизимини доимий таъмирлаш, тозалаб туриш талаб этилади. Тоза чучук сув захираларидан самарали фойдаланиш, сув исрофгарчилигига йўл қўймаслик мақсадида сув таъминоти қувурларидаги сув сирқиш нуқталарини сунъий йўлдошлар орқали масофадан зондлаб аниқлаш ва таъмирлашга замонавий технологияларни жорий этиш йўлга қўйилади. Сув йўқотиш даражаси юқори бўлган Жиззах шаҳрида сунъий йўлдош орқали йўл қопламаларини бузмасдан ҳамда йўл инфратузилмаларига зарар етказмасдан сув сирқиш нуқталарини аниқлаш ва ҳар йили исроф бўлаётган ичимлик сувини тежашга эришилади.
Вилоятимизга фаол инвестициялар, йирик хорижий компаниялар ҳамда халқаро ҳамжамият эътиборини жалб қилиш йўлида жиддий изланишлар олиб борилмоқда. Шу мақсадда Жиззах шаҳрида инвесторларга кўмак марказини ташкил қилиш ҳамда Ҳиндистон давлатидан зарур мутахассисларни жалб қилган ҳолда "Жиззахда ишлаб чиқаринг" саноат дастури ишлаб чиқилмоқда.
Жиззах вилояти табиий жойлашуви, қадамжолари ва тарихий иншоотлари билан кўплаб сайёҳлар эътиборини тортиб келади. Айниқса, вилоятда эко туризмни ривожлантириш имкониятлари кенгайиб бормоқда. Шу сабабли Айдар-Арнасой кўллар атрофида Халқаро индустриал Форум ўтказишни режалаштирмоқдамиз. Форум доирасида янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича меморандумлар имзолаш кўзда тутилган.
Шунингдек, Зомин, Фориш, Бахмал туманлари ва Айдар — Арнасой кўллар тизимида қўшимча туристик зоналар ва дам олиш масканларини барпо этиш, 300 млн. АҚШ доллари миқдоридаги йирик лойиҳаларни ишга тушириш ва лойиҳалар доирасида 25 мингта янги иш ўринларини яратиш устида иш олиб борилмоқда. Лойиҳалар ишга туширилса, инфратузилмалар вужудга келади, хизмат кўрсатиш соҳалари тараққий этиб, коммуникация тизимлари яхшиланади. Жумладан, Жиззах шаҳридаги темир йўл вокзалидан ҳудудлардаги туристик мажмуаларга тезюрар автобуслар қатнови йўлга қўйилади.
Аҳоли хонадонларида "Оилавий меҳмон уйлари" фаолияти хорижий илғор тажрибалар асосида йўлга қўйилади. Бу борада ҳам аниқ дастур ишлаб чиқилмоқда. Зомин, Бахмал ва Фориш туманларида туризмни ривожлантириш ҳамда соҳада тадбиркорлик субъектлари сафини кенгайтириш мақсадида махсус солиқ режимини татбиқ этиш муҳим чоралардан биридир. Бунда, уч йил давомида айланмадан олинадиган солиқ ва ижтимоий солиқни 1 фоиз ставкада, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқларини ҳисобланган суммадан 1 фоиз миқдорида тўлаш тизимини жорий қилиш тажрибасини қўллаш лозим деб ҳисоблаймиз.
Туризмни ривожлантириш ҳисобига йўл бўйларида савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш объектлари қурилади.
Айдар-Арнасой кўллар тизимидан оқилона фойдаланиш, биологик хилма-хилликни сақлаш, балиқчилик ва бошқа денгиз маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, шунингдек, табиий сув ҳавзаларида балиқларни кўпайтириш чора-тадбирларини амалга ошириш билан бирга уй шароитида интенсив балиқ етиштиришга ҳам катта эътибор берилаяпти. Шу мақсадда "GOLD FISH AGRO" МЧЖ қошида ўқув маркази ташкил этилди. Ўқув марказида ҳовузларда ва кичик сунъий сув ҳавзаларида балиқларнинг камёб турларини етиштириш технологиялари ўргатилади.
Инновацион ҳудудга айлантирилаётган туманларда мавжуд аналоглардан 50 фоизгача арзонлаштирилган ва сифатли, хом ашё нархига нисбатан 2-3 баравар юқори қўшилган қиймат яратадиган инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқариш технологиялари ўзлаштирилади. Янтоқ ва қамишдан фойдаланиб ҳамда гидропоника усулида тайёрланадиган маҳсулот асосида чорвачилик, балиқчилик учун озуқа — ем маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Лойиҳа самарадорлигига қараб, вилоятимизнинг Мирзачўл туманининг чўл ҳудудларида буни босқичма-босқич кенгайтириб бориш чоралари кўрилади.
Вилоятимизда санъат ва маданият соҳаларини ривожлантириш, музейлар фаолиятини давр талаби даражасига кўтариш етишиб келаётган ёш авлодни миллий қадриятларимиз анъаналари руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Шу мақсадда маданият муассасалари жойлашган бинолар ҳолати яхшиланиб, уларни зарур ашёлар билан таъминлаш, компьютер технологияси, мультимедиа техникаси билан жиҳозлаш ишлари давом эттирилади. Жорий йилда Жиззах шаҳрида халқ ҳофизи Орифхон Ҳотамов номидаги мақом санъати ва мумтоз қўшиқчилик республика танловини ўтказишга тайёргарлик бошлаб юборилди.
Албатта, 2022-2026 йилларга мўлжалланган “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” ва уни 2022 йил — "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили"да амалга оширишга оид давлат дастури ижросини ташкил этиш борасида ҳам вилоят миқёсида бир қатор чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Инсон қадр-қиммати, ҳуқуқи ва эркинликлари мезони унга бўлган эътибор, ғамхўрлик, инсонпарварлик муносабатлари каби фазилатлар билан ўлчанади. Шу ўринда ўтган беш йилликда тўпланган тажриба ва анъаналардан келиб чиқиб, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, улар муаммоларини ҳал этиш биринчи галдаги вазифамиз бўлиб қолаверади.
Давлатимиз раҳбари ўзи шахсий намуна кўрсатиб, қайси вилоят, туман ёки маҳаллага бормасин биринчи галда одамлар билан юзма-юз мулоқот қилиб, уларнинг қувончу ташвишлари билан бевосита танишаяпти. Бундай эзгу ишлардан руҳий ва маънавий қувват олиб, вилоятимиз фаоллари ҳам таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий муҳофаза, банк, солиқ, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари иштирокида ишчи гуруҳлар ташкил этиб, Президентимиз таъбири билан айтганда, уйма-уй юриб одамларнинг муаммо ва талабларини ўрганмоқда, масалаларни жойида ҳал этиш чоралари кўрилаяпти. Бундай очиқ мулоқот ва учрашувлар халқимизнинг кайфиятини кўтармоқда, уларнинг жамият ҳаётига, Ватан тақдирига дахлдорлигини оширмоқда.
Ҳа, Конституциямизда белгилаб қўйилганидек, инсон қадри, унинг ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинлиги олий қадрият. Юртдошларимизнинг осуда осмон остида тинч ва хотиржам яшаши, ҳар бир юртдошимиз учун фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш бизнинг энг эзгу мақсадимиздир. Зеро, меҳнаткаш, хокисор халқимиз шундай яшашга ва эътиборга муносибдир.
Эргаш Салиев,
Жиззах вилояти ҳокими,
Олий Мажлис Сенати аъзоси
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!