» » Зарбдорлик “Эналар” – “Ўрмак солди”, “Ойпари” эса “Қаллиқ ўйини”да

Зарбдорлик “Эналар” – “Ўрмак солди”, “Ойпари” эса “Қаллиқ ўйини”да

15 февраль 2022 г 996 Комментарии: 0

Жиззах вилоятининг қадимда қалъа деб аталган, бугунги Бахмал, Зомин, Фориш, Ғаллаорол туманлари ўзининг кўп минг йиллик тарихига эга, ўзига хос удум ва анъаналари, халқ фольклори, термалари ва уларнинг гўзал ижрочилик санъати, қадим-қадимдан бугунги кунгача етиб келган, ҳар бири ўзига хос тайёрлаш услубига эга миллий таомлари билан ажралиб туради.

Туманларга хизмат сафаримиз давомида миллий урф-одатлар, анъаналар, удум, қадимий қўшиқлар бўйича тажрибага эга фольклоршунос олим Раҳматилла Саримсоқов ҳамроҳлик қилди.

– Қадимий лапар қўшиқлар, термалар, анъана, урф одатлар, миллий халқ ўйинлари, ҳунармандчилик авлоддан-авлодга ўтиб, сақлаб келинмоқда, – дейди Раҳматилла Саримсоқов. – Халқ термалари, удумлари ҳатто шеваси бир-биридан фарқ қилиши билан бирга бир-бирини тўлдириб ҳам боради.

Номоддий маданий мерослар обеъкларини бугунги кунгача етиб келишида шу туманлардаги фольклор этнографик халқ ансамблларининг ўрни беқиёс.

Зарбдор туман маданият марказида бизга кўп йиллардан буён фаолият кўрсатиб келаётган “Ойпари” фольклор этнографик халқ ансамбли ҳаваскор санъаткорлари фақат зарбдорликларга хос бўлган, Сурхондарёдагидан тубдан фарқ қилган ҳолда саҳналаштирилган “Қаллиқ ўйини” миллий халқ удумини намойиш этди.

Сўнг, нафақадаги онахонлардан ташкил топган “Эналар” фольклор этнографик халқ ансамбли аъзолари қадимги халқ термаларидан намуналар ижро этиб берди.

Бундан ташқари, ушбу ансамбллар томонидан “Сурпа очди”, “Сабзи тўғрар”, “Ҳовли тўйи”, “Қизлар гилам солди”, “Бўғжама солар”, “Ўрмак солди” ва яна бошқа миллий анъана, удумларимиз саҳналаштирилган.

– Зарбдордаги “Ойпари” фольклор этнографик халқ ансамбли 1993 йилда туман маданият уйи қошида тузилган, – дейди ансамбль бадиий раҳбари Хўшмурод Рустамов. – Бугунги кунда ансамбль аъзолари сони 34 нафарни ташкил этади. Вилоятимизда ўтказилган “Баҳор тароналари” кўрик-танловида, Навоий шаҳрида ўтган “Нурли наволар” бутунжаҳон фестивалида “Энг яхши саҳна кўриниши” номинацияси бўйича, Термизда ўтган “Бутун дунё бахшичилик фестивали”да эса “Энг яхши халқ фольклори тарғиботчиси” номинациясини қўлга киритганмиз.

Хизмат сафари чоғида “Ойпари” ансамблининг баъзи муаммолари борлиги маълум бўлди. Жумладан, фольклор этнографик халқ ансабллари учун бор йўғи 3 та штат бирлиги ажратилган.

– Бизга биринчи навбатда профессионал мусиқачи керак, – дейди Хўшмурод Рустамов. – У эса шунчаки, ҳеч қандай манфаатсиз танловма-танлов юрмайди. Қолаверса, у миллий ва замонавий чолғу асбобларини бирдек чалиши лозим. Бу эса фақат профессионал мутахассиснинг қўлидан келади. Бизга миллий мусиқа асбоблари ҳам керак.

Ансамбль иштирокчиларининг бир қисми нафақадаги санъат шайдолари бўлса, қолган қисми бошқа иш билан банд бўлган ҳаваскорлардан ташкил топган.

“Эналар” фольклор этнографик халқ ансамбли онахонлари момоларимиздан бизгача етиб келган, қадимги даврларнинг ўзига хос ихтироси бўлган ўрмак – махсус ускуналар ёрдамида “Жулбарақ”, “Алача”, “Гилам”, “Кигиз” каби қадимий услубдаги миллий ҳунармандчилик билан ҳам шуғулланади.

Бундан ташқари, миллий чопон, белбоғ, сўзана, бўғча, жойнамоз каби маҳсулотларга қўй жуни ёки пахтадан калава йигириб, турли рангларга бўяб, кейин тўқишади.

Номоддий маданий меросни асраш, бир кишининг иши эмас. Бу учун ҳамма – миллатнинг катта-ю кичиги масъул.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат)

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!