Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Ўзбекистон Президенти БМТ Контртеррор бошқармаси раҳбари билан учрашув ўтказди
03 март 2022 г 509 Комментарии: 0
Учрашув аввалида Владимир Воронков Ўзбекистон Президентига Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди. Эртага пойтахтимизда иш бошлайдиган икки кунлик нуфузли халқаро конференцияни ўтказиш ташаббуси ва унинг ташкил этилгани учун алоҳида миннатдорлик билдирилди.
Мамлакатимизнинг БМТ институт ва тузилмалари, шу жумладан Контртеррор бошқармаси билан амалий ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари сермаҳсул ҳамкорликнинг бугунги даражасини мамнуният билан қайд этди. Хусусан, Ўзбекистон бошқарманинг террорчиликка қарши курашиш борасидаги 15 та лойиҳасини амалга оширишда фаол иштирок этмоқда.
Марказий Осиё минтақаси давлатларининг янгиланган Қўшма ҳаракат режасини амалга ошириш ва лойиҳалар сонини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси доирасида кўп томонлама тадбирлар ўтказиш, ёшларни экстремизм ва терроризмнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш, “қайноқ нуқталар”дан қайтарилган шахсларни реабилитация ва реинтеграция қилиш соҳасида тажриба алмашиш ҳамда кадрлар тайёрлаш йўналишида ҳамкорлик қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Минтақа кун тартибидаги масалалар, шу жумладан Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши, афғон халқига кўмаклашиш ва ёрдам кўрсатиш чораларини кўриш юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва БМТ Контртеррор бошқармаси ўртасидаги амалий шерикликни кенгайтириш бўйича қўшма “йўл харитаси”ни тайёрлаш тўғрисида келишувга эришилди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!