» » Адҳам Икромов: спортни ривожлантиришда ҳалоллик ва адолат тамойилларига суяниш лозим

Адҳам Икромов: спортни ривожлантиришда ҳалоллик ва адолат тамойилларига суяниш лозим

07 март 2022 г 1 051 Комментарии: 0

Фаолият бошлаганига кўп бўлмаган Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирлиги мутасаддилари қисқа фурсатда мамлакатимизнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Фарғона водийси вилоятларининг бир қатор ҳудудларида бўлиб, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиб чиқишди.

Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитасида олимпия спорт турлари бошқарувидаги федерация ва ассоциациялар масъуллари билан ўтказилган йиғилишда спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икромов маълум қилди.

Келгуси олимпия ўйинларига тайёргарлик масалаларига бағишланган йиғилишда Ўзбекистон спорти тизимида қилиниши керак бўлган ишлар, вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

– Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон спортини янада ривожлантириш ва уни янги босқичга олиб чиқиш йўлида қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлаш, белгиланган вазифаларни амалга ошириш борасида муҳим қарорларни қабул қилмоғимиз лозим. Ҳақиқатан, спорт тизимида кейинги йилларда ечимини кутаётган бир қатор масалаларни ҳал этиш, кейинги йилларда бизни кутиб турган Париж-2024 ва Лос-Анджелес-2028 ўйинларига ҳозирдан тайёргарлик кўришдек вазифалар юклатилган. Албатта, вақт жуда тиғиз. Аммо, катта спортдаги ҳар қандай муваффақиятга оммавий спортни ривожлантириш, иқтидорли спортчиларни саралаш тадбирларини тизимли ва халқчил олиб бориш орқали эришилади. Шу маънода, оммавий спортни ривожлантириш, кучли селекцияни йўлга қўйиш, олий спорт ютуқлари нуфузини ошириш каби муҳим йўналишлар бўйича аниқ дастурлар асосида иш олиб бормоғимиз керак, – дея эътироф этди Адҳам Икромов.

Шунингдек, Спортни ривожлантириш вазири спорт ташкилотлари ҳамда федерация мутасадди ва мутахассисларига ишда ҳалоллик ва адолат тамойилларига суяниш ва шу асосда фаолият кўрсатиш муҳим омил эканлигини таъкидлади.

Муҳокамалар давомида юртимизда фаолият кўрсатаётган жисмоний тарбия ўқитувчилари, жойлардаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, республика олимпия заҳиралари коллежлари ҳамда Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт университети тизимида профессионал спорт натижадорлигига эришиш йўлидаги ишлар, ҳар бир бўғиннинг боғлиқлик жиҳати, орлиқдаги узилишлар, эътиборсиз қолдирилаётган жабҳалар хусусида тўхталиб ўтилди.

Айниқса, бу жараёнларда спорт федерацияларнинг ҳудудий бўлимларидаги ишлар самарали ташкил этилмагани танқид қилинди. Ҳар бир йўналишдаги мутасаддиларга аниқ вазифалар бириктирилди.

Бундан ташқари, спорт мутахассисларининг малакасини ошириш тизимида, уларни аттестациядан ўтказишда ўз ечимини кутаётган масалалар борлиги, спорт мактаблари, клубларда ишлаётган тренерларнинг кунлик иш дастури, жойлардаги мавжуд спорт инвентарларидан фойдаланиш, ҳудудий, минтақавий ички мусобақалар каби бир қатор мавзулар юзасидан фикрлар билдирилди.

Жорий йил Хитойда ўтадиган ёзги Осиё ўйинлари борасида спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икромов алоҳида тўхталиб, 2024 ҳамда 2028 йилги олимпия ўйинларининг муҳим “бекати” бўлган мазкур мусобақаларда муносиб иштирок этиш лозимлиги, Рио Олимпиадасида “тунни-тонгларга улаганлар”нинг ҳаракати билан тарихий ютуққа эришилганлиги, бугун ўтган 5-6 йилликдан ҳам кўра янада яхши шарт-шароитлар, имкониятлар, қўлайликлар барча олимпия спорт турлари учун яратилганлигини қайд этди.

Таклиф ва таҳлилларга бой, очиқ мулоқот тарзда ўтган йиғинда Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, Ўзбекистон футбол ассоциацияси раисининг биринчи ўрибосари Равшан Эрматов, спортни ривожлантириш вазири ўринбосари Шахрулла Маҳмудов, Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Шерзод Тошматов ва бошқалар ўз фикр ва таклифлари билан иштирок этди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!