» » Республика ишчи гуруҳи Пахтакорда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш ҳолатини ўрганди

Республика ишчи гуруҳи Пахтакорда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш ҳолатини ўрганди

14 март 2022 г 711 Комментарии: 0

Давлатимиз раҳбарининг томорқа фаолиятини янада ривожлантириш, шу орқали аҳоли даромадларини ошириш юзасидан бераётган топшириқ ва вазифаларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакиллари жойларда ўрганишлар олиб бормоқда.

Ишчи гуруҳ вакиллари Пахтакор туманидаги мутасадди раҳбарлар билан биргаликда томорқа ер эгаларининг фаолияти билан яқиндан танишиб, уларни қийнаётган муаммоларини ўрганишяпти, ҳал қилиш чораларини кўрмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O'zLiDeP фракцияси раҳбари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Хаитов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Пахтакор туманида бўлиб, аҳолини томорқадан самарали фойдаланиш ҳолатини ўрганишди.

Бугунги кунда Пахтакор туманида 6036 та деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларида жами 702,2 гектар томорқа ер майдони мавжуд. Аҳоли вакилларининг ушбу томорқа ер майдонлари асосан пиёз ва саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида экиладиган экинларга ихтисослашган бўлиб, бу йил жами 167,3 гектар ер майдонида ушбу тўқсонбости экинлари ва қолган ер майдонларида сабзи, кўкатлар ва карам экинлари экилган.

Ишчи гуруҳ вакиллари тумандаги ўрганишлар давомида “Пахтакор” ҚФЙда бўлиб, аҳолининг томорқадан самарали фойдаланиш ҳолатларини ўрганишди, уларга керакли маслаҳатлар беришди. Бундан ташқари туманда ташкил қилинган томорқа хизматлари аҳоли томорқаларида экин экишга кўмаклашмоқда, уруғлар, кўчатлар етказиб беришда ҳам амалий кўмак кўрсатмоқда.

Айтиш жоизки, мазкур қишлоқ ҳудудида 833 та деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларида жами 102,0 гектар ер майдони мавжуд бўлиб, аҳоли томорқаларида пиёз, саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида экиладиган экинлар, сабзи, карам ва бошқа маҳсулотлар турлари экилган. Бу эса аҳоли хонадонларида қўшимча даромад олиб келмоқда.

Мутасаддилар ушбу ҚФЙдаги “Чаманзор” кўчасида яшовчи Якубов Шавкат хонадонида бўлиб, томорқасини кўздан кечиришди. Ушбу хонадон эгалари  ернинг ҳадисини олган омилкорлардан. Улар ерни яхши кўради, унинг ҳар бир қаричидан самарали фойдаланиб келмоқда. Шавкат ака ўз томорқасида пиёз, саримсоқпиёз, кўкат етиштириб, бир йилда 2-3 мартагача ҳосил оляпти, йилига 85-90 млн. сўмгача даромад кўрмоқда.

Актам Хаитов хонадон соҳиби билан суҳбат жараёнида томорқадан самарали фойдаланиб келаётганлиги учун ўз миннатдорчилигини билдирди, фаолиятини кенгайтириш ва иссиқхоналар ташкил қилиш учун имтиёзли кредитлар ажратиб берилишида кўмаклашишини айтди.

Ишчи гуруҳ вакиллари тумандаги ўрганишлар давомида “Ой булоқ” ҚФЙ ҳудудида ҳам бўлиб аҳоли томорқаларини кўздан кечирди. Ушбу қишлоқ аҳолиси ҳам томорқадан самарали фойдаланиб келмоқда. Аммо шунча имкониятлар бўлсада томорқасини қаровсиз ҳолга ташлаб қўйган хонадонлар ҳам борлиги аниқланди. Мутасадди раҳбарлар ушбу ҳудудда яшовчи фуқаро Ахмедов Бахром хонадонини кўздан кечирганда ўз томорқа ер майдонини қаровсиз ташлаб қўйганлиги, агар ўз вақтида томорқадан самарали фойдаланмаса қонуний чора кўрилиши тушунтириб ўтилди.

Ушбу ҳудудда шу каби бошқа ҳолатлар ҳам аниқланиб, уларга экин экишда кўмаклашилди, томорқа даромад манбаи эканлиги тарғиб қилинди.

Ишчи гуруҳ аъзоларининг ўрганишлари давом этмоқда.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!