» » Кучли ёғингарчилик оқибатида Жиззахда сел ва тошқинларнинг олдини олиш ва бартараф этишга доир ишлар бўйича маълумот берилди

Кучли ёғингарчилик оқибатида Жиззахда сел ва тошқинларнинг олдини олиш ва бартараф этишга доир ишлар бўйича маълумот берилди

18 март 2022 г 791 Комментарии: 0

Хабарингиз бор, об-ҳаводаги ўзгаришлар натижасида вилоятимиз ҳудудида турли вазиятлар кузатилди. Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда вилоят ҳокимлиги томонидан мазкур ҳодисалар доимий равишда кузатилиб, таҳлил қилиб борилди ва ўз вақтида огоҳлантириш ҳамда амалий ёрдам кўрсатиш ишларини ташкиллаштирилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигида ташкил этилган брифингда Жиззах вилояти ФВБ Ахборот хизмати раҳбари Фаррух Абдурахманов хабар берди.

                           

Сел хавфи эълон қилиниши ортидан 13 март кунидан бошлаб, вилоятнинг Фориш, Ғаллаорол ва Бахмал каби тоғли ҳудудларида cел ҳодисалари кузатилди, сел оқимлари, асосан,  ўз йўналиши(сел йўллари)да қайд этилиб, аҳоли яшаш жойларига тўғридан-тўғри хавф солмади. Шунга қарамасдан, айрим ҳолларда ариқ ва сойлар, каналларда сув сатҳининг кескин кўтарилиши натижасида, сувнинг ўзанлардан тошиб, бир нечта ижтимоий соҳа объектлари ва ҳовлиларга сув кирди. Кучли ёғингарчилик натижасида Жиззах шаҳрида ҳам кўча ва йўлларда сув тўпланиши, ҳовлиларга сув кириши, кўп қаватли уйларнинг ертўлаларида сув тўпланиши кузатилиб, мазкур ҳодисалар бўйича Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига бир суткада 36 та мурожаатлар келиб тушди.

Муаммоларни бартараф этишга Жиззах вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармасининг 36 та ёнғин-қутқарув техникаси, ободонлаштириш бошқармаси ва автомобиль йўллари ҳудудий бошқармаси ҳамда кўнгилли фуқароларнинг 50 дан ортиқ махсус техникалари қатнашди. Ҳодисалар оқибатида жабрланганлар йўқ.

16 март кунига келиб вазият барқарорлашди, дарё ва каналларда сув сатҳи тушиб, тошқин хавфи камайди. 17 март куни ижтимойи тармоқларда вилоят ҳудудида аҳоли хонадонларига сел келганлиги ва сув босганлиги тўғрисида лавҳалар тарқалди. Мазкур маълумотлар ёлғон ва ҳақиқатга тўғри келмайди.

Айни вақтда тошқин хавфи бўйича вазият барқарор ва назорат остида. Фавқулодда вазиятлар бошқармасида Тошқинга қарши вилоят штаби тун-у кун фаолият юритаётган бўлиб, бугун куни давомида фуқаролар томонидан сел ва тошқин бўйича бирорта мурожаат келиб тушмаган.

Шундай экан, ҳавотирга ўрин йўқ.

Тошқин хавфи бўлганда фуқаролар томонидан +998722222967 (штаб) ёки 1050 рақамларига қўнғироқ қилиб ёрдам сўраш имконияти мавжуд.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!