Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Мирзачўлда 21 нафар болажонларнинг суннат тўйлари нишонланди
18 март 2022 г 645 Комментарии: 0
Наврўз байрами арафасида Гагарин шаҳарчасидаги "Садаф" тантаналар мажмуасида 4 та сектор ҳудудида истиқомат қилаётган кам таъминланган, кўмакка муҳтож ва боқувчисини йўқотган "Темир дафтар", "Аёллар дафтари"га киритилган оилаларнинг 21 нафар фарзандларининг суннат тўйлари нишонланди.
Байрамона гуллар ва шарлар билан безатилган "Садаф" тўйхонасига ота-оналари иштирокида тўй болалар етиб келишди. Миллий мусиқа садолари остида туманнинг ўзига хослиги акс эттирилган миллий либосдаги эртак қаҳрамонлари иштирокида тўйхонага кузатиб кирдилар.
Ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва мурувват кўрсатиш, табаррук кексаларнинг дуосини олиш, ногиронларга, ёрдамга муҳтожлар холидан хабар олиб, уларга кўмак бериш азалий қадриятларимиздандир. Бу қадриятларимиз бугунги қутлуғ байрам арафасида янгича мазмун билан бойимоқда.
Тадбирда туман сектор раҳбарлари сўз олиб, барчани ўлкамизга кириб келаётган Наврўзи олам билан ҳамда тўйлари нишонланаётган тўй болаларнинг ота-оналарини тўй билан қутлади. Муҳтарам Президентимиз томонидан мамлакатимизда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, кам таъминланган, ёрдамга муҳтож оилаларга ҳар томонлама кўмак бериш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтди. Суннат тўйи нишонланаётган 21 нафар болажонларга туман ҳокимлиги совғаси велосипедлар топширилди, ташкилотчилар томонидан хатна тўйи бўлаётган жажжи болажонларга тўй чопончалари кийдирилди ҳамда совға-саломлар улашилди. Кекса, нуроний отахонларимиз эл-юртга тинчлик-хотиржамлик, тўй болаларга эса бахт-саодат тилаб дуога қўл очдилар.
Тадбирда туман маданият маркази фольклор жамоалари ва санъаткорлари меҳр-оқибатни, Ватанни, гўзал баҳорни, Наврўзи оламни мадҳ этувчи қўшиқ, рақслари билан барчанинг қалбига хуш кайфият бахш этди.
Таниқли санъаткорларнинг куй-қўшиқлари тўй иштирокчиларининг қалбига завқ-шавқ бағишлади. Тўйда иштирок этганлар юзида замонага шукроналик ҳисси барқ урди. Тўй болаларнинг ота-оналари ушбу тадбирни ташкиллаштирган туман раҳбарига, "Сангзор текстил" МЧЖга ҳамда ҳомийларга ўз миннатдорчиликларини билдирдилар
Мирзачўл туман ҳокимлиги Ахборот хизмати
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!