» » Экилган ҳар бир кўчат парвариши назоратга олинган

Экилган ҳар бир кўчат парвариши назоратга олинган

21 апрель 2022 г 1 097 Комментарии: 0

Жиззах вилоятининг барча шаҳар ва туманларида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, белгиланган режа ортиғи билан уддаланган бўлсада, кўчат экиш ишлари ҳамон давом этмоқда.

Жорий йил баҳорги кўчат экиш мавсумида жиззахликлар 9 миллион 900 минг туп манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари экиши режалаштирилган эди. Вилоят бўйича жами 10 миллион тупдан ортиқ кўчат ва қаламчалар экилди.

– Туман ва шаҳар штаблари томонидан экилган кўчатлар тўлиқ платформага киритилган бўлиб, шаҳар, туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлимлари томонидан амалга оширилган ишларнинг 86 фоизи тасдиқланди, – дейди вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Эркин Холматов. – Жорий йилда вилоятнинг 13 та ҳудудида 35,4 гектарда “Яшил боғ” лар ташкил этилиб, 1 миллиард 797 миллион сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган. Жумладан, Ғаллаорол туманида 11 гектар майдонда “Яшил боғ” ташкил этилган бўлиб, унга 6 минг тупдан зиёдроқ ҳар хил турдаги манзарали кўчатлар экилган. Атрофи ўралиб, суғориш тизими учун 2 та ер ости қудуғи қазилган. Маҳаллий кенгашнинг қарорига асосан маҳаллий бюджетдан туманда “Яшил боғ” ташкил этиш, кўчатлар сотиб олиш, суғориш тизимини яратиш учун 480 миллион сўм маблағ ажратилган. Шунингдек, тадбиркорлик субъекти томонидан 14 гектарда 3 минг туп элдор қарағайи, 7 минг туп мевали ва 5 минг туп ток кўчати экилиб, интенсив боғ ташкил этилди ва томчилатиб суғориш тизими яратилди.

Бахмал туманида 5 гектарда туман ҳокими қарорига асосан “Яшил боғ” ташкил этилиб, ушбу боғ ҳудудига 6 минг тупга яқин кўчатлар экилган. Ҳозирги кунда “Яшил ҳудуд” давлат унитар корхонаси (ДУК) томонидан лойиҳалаш ишлари олиб борилмоқда. Туман кенгашининг қарорига асосан маҳаллий бюджетдан кўчат сотиб олиш, суғориш тизимини яратиш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш учун 145 миллион сўм маблағ ажратилган. Тумандаги “Исрофил Бойжигитов” фермер хўжалиги томонидан 70 гектарга 116 минг 500 туп, “Бахмал сўлим ҳавоси” фермер хўжалигида 22 гектарга 40 минг туп мевали дарахт кўчатлари экилиб, шу ўринда томчилатиб суғориш тизими яратилганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

Ҳомийлар маблағи ҳисобидан 26 минг 500 туп кўчат олиниб, МФЙлар ва кам таъминланган оилалар фуқароларига беғараз ёрдам сифатида тарқатилган. Зомин туманида маҳаллий кенгашнинг қарорига асосан ҳомийлик ҳисобидан 5 миллиард сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган. Республика бюджетидан ажратилган 13 миллиард сўм маблағ ҳисобидан тоғ ёнбағрида 232 гектарда 49 минг тупдан ортиқ манзарали кўчатлар экилган. Бу ҳудудда ҳам кўчатларни томчилатиб суғориш тизими жорий этилмоқда. Туманда 4,3 гектар майдонда “Яшил боғ” ташкил этилган бўлиб, бу ерга 4 минг тупдан зиёд манзарали кўчатлар экилган. Шунингдек, “Zomin best food” МЧЖ томонидан 112 гектарда 195 минг туп ҳар хил турдаги мевали кўчатлар экилиб томчилатиб суғориш тизими жорий этилган. Ҳомийлар томонидан 535 миллион сўм маблағ эвазига 5 минг тупдан ортиқроқ кўчатлар олиниб МФЙга ва кам таъминланган оилаларга тарқатилган.

Фориш туманида 8 гектарда “Яшил жамоа парки” ташкил этилган. Ушбу ҳудудга 3 минг 500 тупдан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари экилди. Парк атрофи тўлиқ ўралиб, ёритиш тизими ишга туширилди. Маҳаллий кенгаш қарори билан “Яшил жамоа парки” ташкил этиш, кўчатлар сотиб олиш, суғориш тизими яратиш учун 628 миллион сўм маблағ ажратилган. Тумандаги “Жавоҳир” хусусий корхонаси томонидан 60 мингдан ортиқроқ мевали кўчатлар экилиб, артизан қудуқ қазилган ва томчилатиб суғориш тизими жорий этилган. Шунингдек, “Лаззат кафолат” фермер хўжалиги томонидан 1 миллион туп ток кўчатлари экилиб, боғ ташкил этилган. Бундан ташқари, тумандаги ҳомийлар маблағлари ҳисобидан кўчатлар сотиб олиш учун 100 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилган.

Жиззах шаҳар “Кичик саноат зонаси” ҳудудида ҳомийларнинг 125 миллион сўм маблағи ҳисобидан 5 километр узунликда 4 қаторда 11 минг тупдан ортиқ манзарали кўчат экилиб, яшил ҳудуд ташкил этилди. “Шодлик” МФЙ ҳудудидаги тоғ ёнбағрида эса “Мақсуда-Назокат” МЧЖ томонидан 30 гектарда 25 минг тупдан ортиқ манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилиб, ўз маблағи ҳисобидан томчилатиб суғориш тизими учун 200 миллион сўм сарф-харажат қилинди.
 

– Вилоятнинг Янгиобод, Мирзачўл, Пахтакор, Зафаробод ва Дўстлик туманларида “Яшил боғ” лар ташкил этиш бўйича ер майдонлари танланиб, “Яшил ҳудуд” ДУК томонидан лойиҳалаш ишлари олиб борилмоқда, – дейди Эркин Холматов. – Айни пайтда, вилоят ҳудудларида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ва “Долзарб 40 кунлик” доирасида кўчат экиш ишлари қизғин давом этмоқда. 2021-2022 йилларда экилган мевали ва манзарали дарахт кўчатларини парвариш қилиш ишлари учун жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” га киритилган жами 526 нафар вақтинча ишсиз фуқаролар жалб этилди. Шаҳар, туман штаблари томонидан экилган дарахт кўчатларининг кунлик маълумотлари “Яшил макон” электрон платформасига манзили билан киритилди.

Жиззах шаҳри ва барча туман марказларини кўкаламзорлаштиришда бир турдаги дарахт ва бута кўчатларини экиш орқали “Каштан кўчаси”, “Чинор кўчаси” ва бошқа дарахт номлари билан аталувчи кўчаларни ташкил этиш бўйича ўрмон хўжалиги, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда вилоят ҳокимлиги билан биргаликда “йўл харитаси” ишлаб чиқилган. Вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида 13 та намунавий “Экология кўчалари” ташкил этиш бўйича танланиб, мазкур кўчаларга 3 минг 995 туп ҳар хил турдаги кўчатлар экилмоқда. Шаҳар ва туманларда ирригация ва суғориш тизимининг самарадорлигини ошириш бўйича ишчи гуруҳлари тузилиб, хатлов ишлари амалга оширилди.

Вилоятда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кунлик экилган кўчатларни платформага киритилиши ва жойига чиқиб ўрганилган ҳолда ишларни ташкил этиш ва назоратга олиш ҳамда давлат Экология қўмитасига амалга оширилган ишлар бўйича кунлик маълумотларни тақдим этиш бўйича вилоят, шаҳар ва туман штаблари шакллантирилган.

– Президентимиз томонидан 2022 йил 7 апрель куни кегайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида вилоятнинг шаҳар ва туманлари 3 та – йирик, ўрта ва кичик тоифага ажратилди, – дейди вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Э.Холматов. – Кўчат экиш режаси бўйича давлат Экология қўмитасининг топшириғига асосан туманларда терак кўчати ва қаламчаларини экиш режалаштирилган.

Хулоса қилиб айтганда, вилоятда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш ишлар изчиллик билан давом эттирилмоқда.

А.Қаюмов

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!