» » Жиззахда 304 дона комбайн ғалла ўрими мавсумида қатнашади

Жиззахда 304 дона комбайн ғалла ўрими мавсумида қатнашади

28 апрель 2022 г 518 Комментарии: 0

Жиззах вилоятининг 93 минг 500 гектар сувли майдонларда етиштирилаётган бошоқли дон ҳосилини ўриб-йиғиб олиш учун 304 дона юқори унумли комбайннинг қатнашиши режалаштирилган.

Ғалла ўрим-йиғимининг юқори суръатларда ўтиши соҳа мутахассисларининг бугунги саъй-ҳаракатига боғлиқ. Буни тўлиқ англаган ғаллачилик фермер хўжаликлари ва кластер корхоналари мутасаддилари мўл ҳосил етиштириш мақсадида астойдил меҳнат қилмоқда. Бошоқли дон ўрим-йиғими ишларида қатнашадиган комбайнларни мавсумга ҳозирлаш ишлари вилоятда тизимли асосда, изчиллик билан олиб борилаётир.

Жорий мавсум вилоятдаги суғориладиган майдонлар ҳосили ўрим-йиғимида қатнашиши режалаштирган 304 дона юқори унумли комбайннинг –102 донасини “Кейс” ва “Нью Холланд”, 99 тасини “Клаас Доминтор-130”, 47 донасини “Вектор-410”, 56 тасини “Лида-1300” русумли ва бошқа комбайнлар ташкил этади.

“Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан ушбу комбайнлар билан боғлиқ барча ишлар мониторинг қилинмоқда.

Ўрганишларда “Ғалла-2022” мавсумида қатнашадиган комбайнларни мавсумга тайёрлаш учун 12 миллиард 954 миллион сўмлик эҳтиёт қисмлар, жумладан, шиналар, аккумулятор батареялари ҳамда сервис ўтказишда ишлатиладиган зарур ёнилғи-мойлаш материаллари ва фильтрларга талаб борлиги аниқланган.

– Вилоятда ғаллачилик кластерлари томонидан комбайнларни таъмирлаш учун 8 миллиард 836 миллион сўмдан ортиқ маблағ ўзлаштирилиб, зарур эҳтиёт қисмлар ўз вақтида талаб қилинган жойга етказилди, – дейди “Ўзагроинспекция”нинг Жиззах вилоят бошқармаси бош инспектори Жумабек Шакаров. – Ана шу эҳтиёт қисмлар ҳисобига ҳозирда 155 та комбайнда таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланди.

Жумладан, Дўстлик туманида етиштирилаётган 13 минг 700 гектар майдондаги бошоқли дон экинларини ўриб-йиғиб олиш учун қатнашиши керак бўлган 42 дона юқори унумли комбайндан 32 таси таъмирдан чиқарилиб, мавсумга шай ҳолатга келтирилди.

Кунлик назорат тадбирларида ҳудудларда комбайнларни мавсумга тайёрлашда аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида камчиликларга йўл қўймаслик юзасидан туманлардаги ваколатли идоралар раҳбарларига тақдимномалар киритиб борилмоқда. Хусусан, инспекцининг вилоят бошқармаси томонидан Арнасой, Зарбдор, Зафаробод ва Мирзачўл туман ҳокимларига, йўл қўйилган камчиликлар юзасидан тақдимномалар киритилган.

Ўз навбатида бошқарманинг туман бўлими инспекторлари томонидан ҳудудларда мавсумга тайёрланган комбайнларни ўрим-йиғим олдидан техник кўрикдан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда. Бунда техникаларнинг узел ва агрегатлари сифатли таъмирдан чиқарилганлиги, сервис хизматларининг кўрсатилганлиги ҳамда дон тўкилиб исроф бўлишининг олдини олиш мақсадида барча механизмлар тайёрланиб, герметизация қилинганлигига алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Тўлиқ таъмирдан чиқарилган комбайнларда барча узел ва агрегатлар ишга солинган ҳолда 10-15 километр масофада синаб кўрилмоқда. Тадбир якунида техник талабларга жавоб берадиган комбайнлар туманда ташкил этилган махсус ишчи гуруҳи томонидан ўрим-йиғим мавсумига тайёрлигини кафолатлайдиган сертификат берилиб, шу асосида ўрим-йиғим маррасига олиб келиб қўйилмоқда.

А.Қаюмов

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!