Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда маҳсулотларни импорт қилишда биржа механизмининг имкониятлари муҳокама қилинди
13 май 2022 г 826 Комментарии: 0
Жиззах шаҳрида озиқ-овқат маҳсулотларини Ўзбекистонга биржа механизми орқали етказиб бериш бўйича амалий семинар бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси томонидан Жиззах вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Семинарда Қозоғистоннинг 18 та йирик ишлаб чиқарувчи ва савдогарлари ҳамда Ўзбекистоннинг 50 дан ортиқ йирик дон ва ун маҳсулотларининг улгуржи истеъмолчилари, Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржасининг брокер ва трейдерлари шунингдек, Жиззах вилояти ҳокими биринчи ўринбосари Абдували Мустанов иштирок этди.
Учрашувдан кўзланган мақсад Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг биржа механизми ва электрон савдо тизимларидан фойдаланган ҳолда озиқ-овқат маҳсулотларини Қозоғистондан Ўзбекистонга етказиб бериш масалаларини ҳар томонлама муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Семинарда таъкидланганидек, биржа технологиялари ёрдамида йўлга қўйилган тезкор ҳужжат айланмаси эвазига ортиқча сарсонгарчиликларсиз вақт ва маблағни тежаш мумкин.
Ўз навбатида, биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатаси орқали амалга ошириладиган ўзаро ҳисоб-китоблар механизми дон маҳсулотларни етказиб бериш ва улар учун тўловларни ўз вақтида тўла амалга оширилишини кафолатлайди.
Тадбир давомида икки давлат бизнес тузилмалари вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ва биржа технологияларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистонга дон маҳсулотларини етказиб бериш бўйича амалий ишларни давом эттиришга келишиб олинди.
Йиғилиш Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таминлаш ва биржа механизмларидан фойдаланган ҳолда озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилиш орқали ички бозорларда нарх барқарорлигини сақлаш учун қўшимча рағбат бўлиб хизмат қилади.
Учрашув якунида семинар иштирокчилари Жиззах IT Park филиали фаолияти билан яқиндан танишишди.
Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!