Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Мулк дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир
13 июнь 2022 г 761 Комментарии: 0
Бироқ, ўтган асрнинг 30-йилларида ишга тушган тоталитар тузумнинг қатағон машинаси кўплаб тадбиркор, ишбилармонларни ҳам ўз домига тортиб кетганига тарих гувоҳ. Биргина колхозлаштириш сиёсати қанчадан-қанча инсонларнинг хусусий мулкига дахл қилди, аҳолининг мол-мулки ҳеч қандай судсиз тортиб олиниб колхозга топшириб юборилди. Қаршилик қилганлар сургун қилинди. Ёки, тадбиркор, иккита-учта моли бор одам ҳам “қулоқ”қа чиқарилиб, мулки тортиб олинди.
Колхоз омборлари ғаллага тўла бўлса-да, қишлоқларда одамлар очликдан қийналган кезлар ҳақида китобларда ўқиганмиз, гувоҳлардан кўп бора эшитганмиз. Ҳатто бошоқ терган болаларнинг жазога тортилгани ҳақидаги маълумотлар бугун бир эртакдек туюлади. Айнан шу ҳол, асрлар давомида шаклланган деҳқончилик, боғдорчилик ва бошқа соҳаларда тўпланган анъаналарга путур етказди. Ишлаган ҳам ишламаган ҳам бир хил ҳақ оладиган тизим кўп ўтмай боқимандалик кайфиятини келтириб чиқарди.
Мустақил бўлганимиздан кейин хусусий мулкка бўлган қараш кескин ўзгарди. Мамлакатимизда хусусий мулкни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асоси Конституциянинг 53-моддасида белгилаб қўйилди. Унга кўра, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкдан маҳрум этилиши мумкин.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Дастурида ҳам “Партия нуқтаи назарига кўра, мулк эркинликнинг бош шарти, энг муҳим кафолати, инсоннинг бошқа ҳуқуқлари манбаи, фуқароларнинг ҳимояланиш асосидир”, деб белгиланган.
Хусусий мулкнинг давлат томонидан қонунлар билан кафолатланган ҳуқуқий ҳимоясини таъминламасдан туриб, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, иқтисодиётни либераллаштириш қийин кечиши жаҳон амалиётидан яхши маълум. Ҳалол меҳнат билан эришилган мулк эгаси ўз мулкининг ҳақиқий соҳиби бўлиши, яъни хусусий мулк дахлсиз бўлиши керак. Бу инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясининг узвий бир қисмидир.
Президентимиз ташаббуси билан сўнгги йилларда тадбиркорликни жадал ривожлантириш, хусусий мулкни ҳар томонлама муҳофаза қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига аралашувни тубдан қисқартиш энг муҳим устувор йўналиш ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси сифатида белгиланди.
Мамлакатимизда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган бино ва иншоотлар жойлашган ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан мулкдорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари кафолатларини янада мустаҳкамлаш, етказилган зарарларни қоплашда йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф қилиш, хусусий мулкнинг дахлсизлигини таъминлашга қаратилган муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғарма ташкил этилди. Давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилишини мазкур жамғарма билан мажбурий тарзда келишиш тартиби, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйишнинг қатъий тартиблари белгиланди. Етказилган зарарнинг ўрни бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўлиқ қопланмагунга қадар олиб қўйилаётган ер участкасидаги уйни, бошқа иморат ва иншоотларни бузиб ташлашга йўл қўйилмаслиги кўзда тутилгани, ер участкалари ноқонуний олиб қўйилганлиги ва шу муносабат билан мулкдорларга зарар етказилганлиги учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги кучайтирилди.
2020 йил 1 январидан буён жисмоний ва юридик шахслар эгалигида бўлган, улар фойдаланадиган ва мулки бўлган ер участкаларини жамоат ва давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш бўйича ваколатлар тегишли Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига берилди. Шунингдек, 2020 йил 23 декабрда қабул қилинган “Мулкдорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги қонунда ҳам хусусий мулк дахлсизлигини таъминлашга оид нормалар ўз аксини топди.
Конституциявий ислоҳотлар жараёни кетаётган айни кунларда хусусий мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминлаш, мулкдорлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг конституциявий кафолатларини кучайтириш, мамлакатимизда қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳитни шакллантириш чораларини изчил давом эттириш борасидаги кенг кўламли ишларнинг мазмун-моҳиятини акс эттирадиган мезонларни Асосий Қомусимизда мустаҳкамлаб қўйиш ўта муҳим аҳамият касб этади.
Эркин Холматов,
OzLiDeP Жиззах вилоят кенгаши раиси,
халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги
OzLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!