» » Жиззахдаги босма нашрларда 281 та қонун бузилиш ҳолати кузатилган

Жиззахдаги босма нашрларда 281 та қонун бузилиш ҳолати кузатилган

20 октябрь 2018 г 2 469 Комментарии: 0

Куни кеча Жиззах шаҳрида  "Ҳудудий босма нашрларнинг ҳолатини яхшилаш бўйича таклиф ва тавсиялар” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Унда айтилишича, жорий йилнинг тўққиз ойи мобайнида Жиззах вилоятидаги босма нашрларда 281 та қонун бузилиш ҳолати кузатилган. Шундан 115 таси нотўғри ахборот тарқатиш, 6 таси истеъмолчилар ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳолат бўлса, 160 таси бошқа камчиликлардан иборат.

Ўтган йили бу ҳолат 375 тани ташкил этган эди.

Семинар-тренинг Ўзбекистон мустақил ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда ҳудудий нашрларнинг бугунги кундаги ҳолатини яхшилаш, таҳририятларда менежмент ва маркетинг йўналишини яхшилаш ва амалиётда учраётган муаммоларга ҳамкорликда ечим топиш борасида фикр юритилди.

"Бугунги глобал шароитда матбуот тақдири нима бўлади, деган савол барчани ўйлантираётгани сир эмас, – дейди ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети доценти Назира Тошпўлатова. – Бу шароитда ҳар бир бош муҳаррир медиа маркетинг бошқаруви асосларини пухта ўзлаштирган бўлиши керак. Туман босма нашрига туман газетаси рақобатчи бўлади. Ахборот бозорида рақобат бўлгандагина ҳудудий нашрлар ўз ўқувчиси ва йўналишини йўқотмайди”.

Семинар-тренингда ҳудудий нашрларни ривожлантириш, бозор иқтисодиёти шароитида ўз-ўзини таъминлаш, менежмент ва маркетинг йўналишларини жорий этиш, саҳифалар дизайнини тубдан ўзгартириш борасида амалий машғулотлар ўтилди. Маълумот учун: Жиззах вилоятида 23 та газета ва уч номдаги журнал нашр этилади.

Шоҳида Даманова 

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!