Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-05-21
» » Жиззах шаҳар ҳокими Акбар Шукуров асосий вазифамиз: "Жадал   ривожланиш йўлидан бориш!"

Жиззах шаҳар ҳокими Акбар Шукуров асосий вазифамиз: "Жадал   ривожланиш йўлидан бориш!"

05 март 2019 йил
483
0

Яқинда Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг вилоятимизга ташрифи доирасида бўлиб ўтган йиғилишида фаоллар олдига ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш, қурилиш ва ободонлаштириш ишларини жадаллаштиришдек устувор вазифаларни қўйди.  Жиззах шаҳар ҳокими Акбар Шукуров билан мулоқот ташриф чоғида берилган топшириқлар, ундан келиб чиқадиган вазифаларга қаратилди.

—Кейинги 3-4 йил ичида Жиззах шаҳри таниб бўлмайдиган даражада ўзгарди. Катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Шаҳар бош режага асосан келажакда яна қандай ўзгаришлар қилиниши кўзда тутилмоқда?

—Президентимизнинг ташрифи вилоятимиз, шу жумладан шаҳримиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида катта воқеа бўлди. Икки кун давомида вилоятда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан танишган Юртбошимиз Жиззах воҳасининг, қолаверса, шаҳримизнинг шакли ва шамойили  қандай бўлиши кераклиги тўғрисида қимматли маслаҳатлар берди.

 Шаҳримизнинг бош режаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 30 сентябрдаги “Жиззах шаҳрининг 2030 йилгача бўлган давр учун бош режасини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори билан тасдиқланган. Бугунги кунда амалга оширилаётган ишлар ана шу ҳужжат асосида ташкил этилмоқда. Бугунги шаҳар қиёфасини бундан 5 йил аввалги ҳолат билан таққослайдиган бўлсангиз, кўз ўнгингизда тамоман ўзгача манзара намоён бўлади.

 Биргина Алишер Навоий ёки Мустақиллик кўчаларида қурилиб ишга туширилган турар-жойлар, Шароф Рашидов шоҳ кўчасидаги бир-бирини такрорламас бинолар, маданий-маиший хизмат кўрсатиш иншоотлари, янгидан барпо этилган кенг ва равон кўчалар шаҳримизга ўзгача ҳусн бағишлаяпти. Буларнинг барчаси муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида халқимиз бахту-саодати, фаровонлигини таъминлаш йўлидаги эзгу ҳаракатларнинг амалдаги ифодасидир.

Шаҳримизда биргина ўтган 2018 йилда жуда катта ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Алишер Навоий, Мустақиллик кўчаларида бунёд этилган кўп қаватли турар жой бинолари, “Yoshlar coworking markazi”, кинотеатр, “Ором” боулинг ва савдо мажмуалари шулар жумласидандир.

Алишер Навоий кўчасида 2018 йилда 8 та 4 қаватли турар-жой бинолари бунёд этилди. Замонавий уй-жойларнинг биринчи қавати савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларига мўлжалланганлиги келажакда аҳолига кўрсатилаётган хизмат сифатини янада ошириш имкониятини яратади. Шунингдек,  мактабгача таълим муассасаси, меҳнат гузари, маҳалла марказида эса ички ишлар таянч пункти ишга туширилди.

Президентимиз ташрифи давомида шаҳримиздаги Мирзо Улуғбек номли маҳаллада бўлиб, ҳудудда барпо этилаётган, қурилиши режалаштирилаётган уй-жойлар, ижтимоий объектлар, ободонлаштириш лойиҳалари билан танишди. Аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишларни янада жадаллаштириш юзасидан  қимматли маслаҳатлар берди.

Бугунги кунда маҳалла ҳудудидаги Тошкент ва Темирйўлчилар кўчасини боғловчи янги кўча атрофида биринчи қавати савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларига мўлжалланган, юқори қаватлари эса турар жой бўлган 12 та кўп қаватли уйлар, 250 нафар ёш томошабинга мўлжалланган қўғирчоқ театри биносида қурилиш ва пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Шаҳримизнинг И.Каримов кўчасида кўп қаватли уйлардан яна 5 таси бунёд этилаяпти. Ҳозирда мазкур кўчанинг янги йўналиши бўйича батафсил режа ишлаб чиқилди.

 Шуни айтиш жоизки, шаҳримиз бош режасига кўра, бу йил Кимёгар, Иттифоқ маҳаллаларида, Мустақиллик кўчасида 5 ва 7 қаватли уйлар қурилишига киришилди. Турар-жойлар атрофида савдо мажмуалари, клиника, меҳмонхона ҳамда маҳалла идоралари қад ростлайди. Мазкур бинолар 2022 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Ҳозирда Шароф Рашидов шоҳ кўчасида бунёд этилаётган ташқи иқтисодий фаолият  “Миллий банк”ининг вилоят филиали ҳамда 3 қаватли “Бизнес маркази” бинолари қурилиши ҳам жадаллик билан олиб борилаётир. Бундан ташқари, шаҳримиз ҳудудида ижтимоий соҳа объектлари қурилишига, мавжудларини таъмирлаш ва замон талабларига мослаштирилишига алоҳида эътибор қаратилаяпти. Вилоят Эндокринология диспансери, кўп тармоқли тиббиёт маркази таркибида 20 ўринли интервенцион кардиология бўлими, вилоят ички ишлар бошқармасига қарашли 60 ўринли махсус қабулхона қурилмоқда. Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиали,  вилоят тери таносил касалликлари диспансери ва вилоят ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти биноси, 2-сонли мактабгача таълим муассасасини реконструкция қилиш кўзда тутилган. Шунингдек, 4-сонли умумтаълим мактаби, вилоят перенатал марказини мукаммал таъмирлаш белгиланган.  

2019 йилда ҳам шаҳримиз улкан қурилиш майдонига айланади. Айни пайтда “Олмазор” маҳалласи ҳудудида 20 та кўп қаватли турар жой бинолари, инфраструктура объектлари қурилиши бошланди. “Мустақиллик” кўчасида 9 та кўп қаватли турар-жой бинолари, меҳмонхона қурилиши режалаштирилаяпти. Бу йил ҳам А.Навоий номли маҳаллада кўп қаватли турар-жойлар қурилиши давом эттирилади. Ҳ.Олимжон номли маҳалла ҳудудида ҳам биринчи қавати савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шахобчаларига, юқори қаватлари турар жойларга мўлжалланган  бир неча бино  ва инфратузилма объектлари қурилиши режалаштирилган.

Шуни айтиш керакка, фаоллар йиғилишида Президентимиз топшириғига кўра Тошкент шаҳар ҳокимлигининг коммунал соҳада тўплаган тажрибалари, инвестициялар жалб  қилишдаги ютуқлари шаҳримизда жорий этилишига  амалий ёрдам кўрсатиладиган бўлди. Шуниси эътиборлики, 2019 йилдан шаҳримиздаги 11 та маҳаллани тоза ичимлик суви тизимларини қуриш ва реконструкция қилишга киришилади. Шаҳардаги 3 та марказий қозонхона, 6 та локал қозонхона ва иссиқлик тармоқларини босқичма-босқич 2019-2020 йилларда модернизация ва реконструкция қилиш белгиланди. Шаҳримизга саёҳатчилар ва инвесторларни жалб этиш, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида  “Тошкент-Бухоро” йўналиши бўйича ҳаракатланадиган “Афросиёб” электропоездининг  Жиззахда тўхтаб ўтишига эришилгани муҳим воқеа бўлди.

—Маълумки, Жиззах шаҳри яқин келгусида мамлакатимизнинг йирик саноат марказларидан бири бўлиб қолади, шундай эмасми?

—Жорий йилда шаҳримизда жуда катта ҳажмдаги  инвестиция лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутилган. Дастурга киритилган лойиҳаларнинг асосийси “Жиззах” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида  амалга оширилаётир.

2019 йил давомида кенг ассортиментдаги флоат ва ултраюпқа ойналар, трикотаж  матолари, қимматли қоғозлар целлюлозаси, ишлатилган аккумул-яторлардан қўрғошин ва никел олиш, уларни қайта ишлаш, керамика ва гранит кошинлар тайёрлаш шулар жумласидандир. Шунингдек, талаб тобора ошиб  бораётган ҳар хил ўлчамдаги полипропилен қувурлар ва аксессуарлар, гиламлар, гилам тўқиш учун зарур бўлган ҳар хил рангдаги полипропилин иплари  ишлаб чиқариш кўлами кенгаяди. Айни пайтда кўзда тутилган лойиҳаларни амалга оширишга тўғридан-тўғри 120 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция йўналтирилаётир.

2019-2021 йилларда Жиззах шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Давлат дастури асосида жами 101 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган. Лойиҳаларнинг 44 таси саноат йўналишида, 52 таси хизмат кўрсатиш, 5 таси қишлоқ хўжалиги йўналишида амалга оширилади. Шу тариқа  лойиҳа қиймати 2 триллион 748 миллиард сўмлик инвестициялар ўзлаштирилиши режалаштирилган.  Тадбиркорларнинг ўз маблағлари ҳисобига 477 миллиард сўмлик, тижорат банкларининг кредит маблағлари эвазига 500 миллиард сўмлик, саноат, ҳалқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан 2  миллиард 71 миллион сўмлик инвестиция ўзлаштирилади. Мазкур лойиҳаларни  амалга оширилиши ҳисобига 3 минг 267 та янги иш ўринлари яратилади.

“Jizzakh textile” Ўзбекистон-Буюк Британия қўшма корхонаси шаҳримиздаги энг йирик саноат корхоналаридан бири саналади. 870 нафар ишчилар, инженер техник ходимлар меҳнат қилаётган корхонада йилига 1000 тонна пахта қайта ишланади. Ундан 750 тонна калава тайёрланиб, 4 минг 500 тонна трикотаж мато тўқилади.  Айни пайтда корхонада  87,2 миллиард сўмлик (шундан 5 миллион 875 минг доллари тўғридан тўғри хорижий инвестиция) лойиҳа амалга оширилаяпти. Бу яна қўшимча 170 та янги иш ўрни яратилишини таъминлайди. Бундай гигант саноат нуқталари сирасига “Жиззах-Тоштепа Текстил”,  "Diamond karpet", “Eko Climat” каби ўнлаб корхоналарни киритиш мумкин.

—“Илғор ҳудуд” синов лойиҳаси доирасида амалга оширилиши мўлжалланаётган ишлар ҳақида ҳам фикр алмашсак.

—“Илғор ҳудуд” синов лойиҳаси “Бир қишлоқ—битта маҳсулот” тамойили бўйича талаб юқори бўлган товарларни ишлаб чиқариш учун шарт-шароитлар яратишни тақозо этади. Шу билан биргаликда иқтисодий фаолиятни ривожлантириш, саноатнинг янги тармоқларини ишлаб чиқаришга татбиқ этиш орқали вилоятда тайёрланаётган  маҳсулотлар ва кўрсатилаётган хизматлар рақобатбардошлиги ошади.

Ҳозирги кунда шаҳримиздаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг бош режалари, схемалари, шунингдек тегишли архитектура-режалаштириш тадбирлари белгилаб олинди. Дастур доирасида ҳар бир маҳаллада лойиҳаларни жойлаштириш ишлари олиб борилмоқда. 

Шу ўринда “Ёшлар келажагимиз” давлат дастури доирасида тизимли ишлар амалга оширилаётганлигини таъкидламоқчи эдим. Ўтган 2018 йилда дастур доираси 20 нафар ёш тадбиркорлар ўз бизнесини бошлашга муваффақ бўлдилар. Уларга тижорат банклари томонидан  2 миллиард 866 миллион сўмлик  кредит маблағ ажратилди.

Бу йил ёшлар тадбиркорлигига яна ҳам кенгроқ йўл очиш, йигит-қизларда ишбилармонлик кўникмаларини ҳосил қилиш чоралари кўрилаяпти. Ўтказилаётган тарғибот тадбирлари, ўқув семинарлари ўз самарасини кўрсата бошлади. Жорий йилнинг ўтган даврида  53 нафар ёшлар тадбиркорлар сафидан ўрин олдилар. Уларга тижорат банклари томонидан  23 миллиард 700 миллион сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.

Тадбиркорлар сафини кенгайтириш ҳисобига одамлар онг-у, шуурида “Давлат мен учун нима қилиб берди, деб эмас, мен давлат учун нима қилдим” деган эзгу ғояни шакиллантиришни  мақсад қилиб олганмиз.  Шу ўринда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган “Ҳар бир оила тадбиркор” дастурининг аҳамияти беқиёс бўлаётир. Ўтган 2018 йилда  мазкур дастур доирасида 514 нафар фуқароларга тижорат банклари томонидан 8 миллиард 137 миллион сўмлик кредит маблағлари ажратилди. Бунинг натижасида 514 оилада тадбиркорлик муҳитини юзага келтирди. Ҳозирда оилавий тадбиркорликни бошлаган ҳамшаҳарларимизнинг  бири паррандачилик, бошқаси асаларичилик, яна бири эса қуёнчилик билан шуғулланаяптилар. Бундан оила ҳам, жамият ҳам фақат фойда кўраяпти.

-“Хавфсиз шаҳар” концепцияси. Ундан кўзланган мақсад ва вазифалар нималардан иборат?

 —Тинчлик  ва осойишталикни мустаҳкамлаш, жамоат тартибини таъминлаш бугунги куннинг долзарб вазифасига айлданди. Буни шаҳримизда амалга оширилаётган  “Хавфсиз шаҳар”, “Хавфсиз туризм”, “Хавфсиз хонадон” концепциясида яққал кўриш мумкин. Ҳудудимизхда туну кун патруллик хизмати йўлга қўйилгани  одамларнинг адолат ва қонун устуворлигига бўлган ишончни  оширмоқда.  2018 йилда “Хавфсиз шаҳар” концепцияси бўйича  шаҳримизда 3 та ички ишлар бўлими замонавий мультимедия ускуналари жиҳозланди. Жорий йил аввалида эса маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхона фойдаланишга топширилди.

Вилоят марказининг энг асосий ҳудудлари туну кун патруль-пост хизмати ходимлари томонидан назоратига олинган. Аҳоли гавжум жойлар, йўл кесишмалари видеокамералар орқали узлуксиз кузатиб борилаётир. Айни вақтда шаҳар  ҳудудига ўрнатилган бундай ускуналар фуқароларни ноқонуний хатти-ҳаракатлардан тийилишга ундаш билан бирга жиноятларни қисқа муддатларда очишда қўл келаяпти.  

Жойларга ўрнатилган камераларидаги тасвирлар ички ишлар бўлимларидаги ситуацион марказларга узатилади. Жумладан, 3- сонли ички ишлар бўлимидаги ситуацион марказ 155 та кузатув камераларига эга. Улар ёрдамида “Кимёгар”, Алишер Навоий, “Маданият”, “Сайхон”, Ҳамид Олимжон, “Тинчлик”, “Хайробод” маҳаллаларининг асосий қисмини кузатиш имконияти яратилган.

Бу қурилмаларнинг 15 таси айланувчи, 51 таси қўзғалмас, 25 таси шахсни танувчи, 32 таси автотранспорт рақамларини аниқлаш салоҳиятига эга. Жорий этилган  видеокузатув тизими орқали ҳудуддаги мактаб, болалар боғчаси ва бошқа объектларни доимий назорат қилиш имкони пайдо бўлди. Президентимиз ташриф давомида 3-сонли ички ишлар бўлимида бўлган чоғида ўтган йили берилган топшириқлар ижроси билан қизиқди. Жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, ходимлар масъулиятини ошириш бўйича топшириқлар берди. 

—Ижтимоий соҳада амалга оширилган ишлар, кўзда тутилаётган лойиҳалар тўғрисидаги фикр-ларингиз.

—Аҳолининг турмуш шароитида юзага келган муаммолар йиллар давомида йиғилиб қолганлиги бугун ҳеч кимга сир эмас. Шунинг учун ҳам Президентимиз юзага келган муаммоларни босқичма-босқич ҳал этиш заруригини қайта-қайта таъкидлаяпти. Шу ўринда ўтган йилдан бошлаб “Обод маҳалла” дастурининг амалга оширилаётганлиги халқимиз кўнглидаги иш бўлди. Ўтган йили “Обод маҳалла” дастурига асосан “Ёшлик” ва “Кимёгар” маҳаллаларининг меъморий қиёфаси тубдан янгиланди.

 Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, йўл инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш бўйича   тизимли  ишлар амалга оширилди. Бугунги кунда аҳолининг турмуш даражасини кўтариш, эҳтиёжманд  ва ногиронлиги бўлган оилаларни  туражой билан таъминлаш, улар учун етарли шарт-шароит  яратиш кундалик ишимизга айланди.

Ўтган 2018 йилда  шундай оилалардан 60 таси  барча қулайликлари бўлган замонавий уй-жойларга эга бўлдилар.  35 та уйнинг бошланғич бадаллари Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда хомийлар томонидан тўлаб берилди. “Обод маҳалла” дастури доирасида 100 дан зиёд эҳтиёжманд  фуқароларнинг уйлари хомийлар томонидан таъмирлаб берилди.

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг йирик лойиҳаларимиздан биттаси,  Президентимизнинг  кўрсатмалари, қимматли маслаҳатлари асосида лойиҳалаш-тирилаётган шаҳар тиббиёт бирлашмасининг тарқоқ ҳолда жойлашган 270 ўринли барча бўлимларини ягона ҳудудга бирлаштиришни кўзда тутган 7 қаватли тиббиёт комплексини айтиш мумкин. Қурилиши эрта-индин бошланадиган шифохона таркибига замонавий аккушерлик мажмуаси ҳам киритилган.

Шифохона лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан замонавий тиббиёт асбоб-анжомлари, юмшоқ ва қаттиқ инвентарлар билан жиҳозланади. Энг муҳими беморларнинг ортиқча оворагарчиликлари барҳам топади. Бундан ташқари, шаҳримизда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияни жалб этиш йўли билан замонавий кўп тармоқли тиббиёт муассасаси қуриш устида ҳам иш олиб борилмоқда.

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 мартдаги
“Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  Қарорининг  ижросини таъминлаш юзасидан қатор тадбирлар амалга оширилаётир. Жумладан, оилавий поликлиникаларда ўрнатилган тартибга асосан шифокор-терапевт, педиатр, гинеколог, хирург, УТТ шифокорларининг навбатчилиги ташкил қилинди. Бу аҳолига кўрсатилаётган  тиббий хизмат  самарадорлигини ошириб, узлуксизлигини таъминлди.

Тиббиёт муассасаларини замон талабларига мослаштириш, шифокорлар учун ҳам, беморлар учун ҳам етарли шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Ана шу мақсадда 1-сонли оилавий поликлиниканинг иссиқлик тизимини капитал таъмирлаш учун 96 миллион сўм, 3-сонли оилавий поликлиника биносини капитал таъмирлаш учун 195 миллион сўм маблағ ажратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, Вазирлар Маҳкамасининг “Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик шаклларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорлари ижроси юзасидан кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Шаҳримизда 29 та нодавлат мактабгача таълим муассасалари барпо этилиши мўлжалланган эди. Буларнинг 10 таси нодавлат мактабгача таълим муассасалари, 16 таси давлат-хусусий шерикчилик асосида ташкил этилган оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасалари, қолганлари эса  давлат мактабгача таълим муассасаларидир.

Айни пайтда икки томонлама шартнома имзолаган мактабгача таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилди. 3 та  давлат-хусусий шерикчилик асосида ташкил этилаётган нодавлат мактабгача таълим муассасаларида қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. 2019 йилда жами 48 та давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасалари очишни режалаштирганмиз. Бу 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болаларнинг мактабгача таълим муассасаларига қамровини 22 фоиздан 35 фоизга оширади.

Фаоллар йиғилишида қўйилган топшириқлардан яна бири—шаҳримиздаги транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежи биносида Ўзбекистон Миллий университетининг, “Қозон” давлат университетининг “Психология”  йўналиши вилиалларини ташкил этиш бўлди. Шароф Рашидов туманидаги  “Раваллиқ” маҳалласида жойлашган “Саноат” коллежи биноси ҳам тегишли ҳудуди билан Жиззах политехника институтига, Ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи биноси Жиззах педагогика институти тасаруфига ўтказиб бериладиган бўлди.

 Бекпўлат ТОҒАЕВ суҳбатлашди

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар