Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Улуғвор мақсадлар, ҳаётбахш ислоҳотлар жиззахликларни янги марралар сари руҳлантирмоқда
05 февраль 2019 г 1 564 Комментарии: 0
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 30-31 январь кунлари Жиззах вилоятига амалга оширган ташрифи ҳудудни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтириш борасида янги имкониятлар эшигини очди.
Одамлар бугунги кунидан рози бўлиб, эртанги кунга бўлган ишончи янада мустаҳкамланди. Бинобарин, бугун вилоятда ким билан суҳбатлашманг, мазкур ташриф тафсилотларини катта мамнуният билан сўзлайди.
Адиба ЖАББОРОВА,
Фориш тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбари:
— Давлатимиз раҳбари туманимизга ташриф буюриб, бу ерда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди. Туманимиз тоғли ҳудудда, қолаверса, вилоят марказидан анча олисда жойлашган бўлишига қарамай, ҳудудимиздаги янгиланишлар ва ўзгаришлар шиддати шаҳардагидан асло қолишаётгани йўқ.
Фаоллар йиғилишида Фориш туманида олиб борилаётган ишларга Президентимиз алоҳида тўхталиб, биздан муаммоларимиз ҳақида сўрадилар. Очиғи, туманимиздаги тиббиёт бирлашмасининг туғуруқ мажмуаси жуда хароб ҳолга келиб қолган. Бунинг устига, ҳомиладор аёллар ва чақалоқлар учун хоналар етишмайди. Шу ҳақда давлатимиз раҳбарига амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Ушбу масала Юртбошимиз томонидан ижобий кутиб олинди. 60 ўринли туғуруқхона комплексини қуриш бўйича мутасаддиларга топшириқ бердилар. Зарур бўладиган маблағнинг ярми вилоят бюджетидан, қолгани республика бюджетидан ажратиладиган бўлди. Биз, Фориш шифокорлари ва аҳолиси бундан жуда хурсандмиз.
Бундан ташқари, туманимиз фаоллари вилоят маркази ва туманни боғловчи йўлни капитал таъмирлаш масаласини ўртага ташлашди. Президентимиз бу муаммо ҳам ўз вақтида кўтарилганини қайд этиб, туман ҳудудида мамлакатимизда қуриладиган атом электр станциясига шу йўлдан борилиши, бу йўлларда ҳали чет эллик мутахассислар кўп юришини таъкидладилар ва мазкур муаммо ҳам ҳал этиладиган бўлди.
Дилмурод ХУДОЙШУКУРОВ,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Жиззах вилояти кенгаши раиси:
— Давлатимиз раҳбари “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган тамойил асосида халқимиз ҳаётини яхшилаш, ҳудудларни обод қилиш бўйича вилоятда амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратдилар. Айниқса, жиззахлик ёшларнинг муаммолари билан қизиқдилар.
Хусусан, Шароф Рашидов туманилик ёшлар ҳудудда дам олиш маскани ва амфитеатр қуриб бериш ҳамда навқирон авлод вакилларининг тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун алоҳида марказ лозимлиги хусусида Юртбошимиздан амалий ёрдам сўрадилар.
Президентимиз таклифни қўллаб-қувватлашини билдирди. Ёшлар иттифоқи маблағи ҳисобига туман ёшлари учун дам олиш маскани ва амфитеатр қуриб бериладиган бўлди. Давлатимиз раҳбарининг эътибори ва ғамхўрлиги ёшларни беҳад мамнун қилди.
Абдужалил АЛИҚОБИЛОВ,
Дўстлик туманида яшовчи меҳнат фахрийси:
— Президентимиз ҳудудларга ташриф буюриб, энг аввало, халқ вакиллари билан суҳбатлашиб, уларнинг дарду ташвишларини тинглаб, муаммоларни жойида ҳал этаётганини телевидение ва матбуот орқали мунтазам кўриб, кузатиб боряпмиз.
Давлатимиз раҳбари вилоятимизга келганларида, биз, Пахтакор туманида истиқомат қилувчи фаоллар “Сувонобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги чиқинди сувни тозалаш иншооти эскирганлиги, атрофга бадбўй ҳид тарқалаётганлиги, уни бартараф этишда амалий ёрдам беришларини сўраб, мурожаат қилдик. Муаммо ҳал этиладиган бўлди.
Мен ҳам туманимизда ғалла ва пахта экилаётган майдонларда боғдорчилик фермер хўжаликларини ташкил этиш таклифи билан чиқдим. Бу фикримни Юртбошимиз ижобий кутиб олдилар ва қисқа муддатда республика ишчи гуруҳи бориб, ташаббусим жойида чуқур ўрганиладиган бўлди. Бундан биз, туманимиз деҳқонлари жуда хурсанд бўлдик.
“Халқ сўзи” мухбири
Толибжон ЭРГАШЕВ ёзиб олди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!