» » ОЛТИНКЎЛДА ОЛОВЛАНГАН ОРЗУЛАР

ОЛТИНКЎЛДА ОЛОВЛАНГАН ОРЗУЛАР

10 август 2019 г 2 095 Комментарии: 0

Қишлоқларнинг меъморий қиёфасини тубдан яхшилаш ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан “Обод қишлоқ” давлат дастури ва “Илғор ҳудуд” лойиҳаси ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилмоқда. Унинг доирасида ҳудудларда йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган.

2019 йилда республикамизнинг ҳар бир туманида 3 та қишлоқ (маҳалла)ларда аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш тарзи ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларни таъминлаш, маҳаллалар қиёфасини замонавийлаштириш ва унда истиқомат қилаётган аҳолига иш ўринларини яратиш  мақсадида мамлакатимизнинг 159 туманида, 1,6 миллион аҳоли истиқомат қилаётган 478 та қишлоқларда қурилиш  ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Жумладан, вилоятимизнинг 12 туманидаги 36 та қишлоқда “Обод қишлоқ” давлат дастури бўйича қурилиш ва ободонлаштириш ишлари учун 458 миллиард 92 миллион сўм ажратилади. Бу маблағ республика ва маҳаллий бюджетдан, халқаро молия институтларининг кредитлари ва грантлари, ҳомийлик ва хайрия тадбирлари  ҳисобидан тўланади. “Обод қишлоқ” дастурида 95 километр пиёдалар йўлаги, 76 километр ирригация тармоқлари таъмирланади. 56 та суғориш қудуқлари, 72 та чиқинди йиғиш пунктлари барпо этилади. 3851 та тунги ёритиш устунлари, 89 километр электр тармоқлари тортилади. 38 та автобекат, 16 та янги автобуслар аҳолига транспорт хизматини кўрсатади. 175 километр ичимлик суви, 337 километр электр тармоқлари, 22887та якка тартибдаги, 274 та кўп қаватли уй-жойлар таъмирланади.

Республикмиз Президентининг жорий йилнинг 30-31 январь кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида Пахтакор туманида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар бўйича топшириқлар берилган эди. Бугун туман маркази бош режасига 72 та объектлар киритилган. Шундан 49 та объектда таъмирлаш, 23 тасида янгидан қурилиш ишлари белгиланган. Туман марказидаги стоматология ва диагностика маркази, дорихона, нон цехи, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, савдо ва овқатланиш шахобчаларида таъмирлаш ишлари якунланиб, фаолият кўрсата бошлади. Пахтакор деҳқон бозорида реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Яқинда 160 ўринли нодавлат мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди.

Шаҳардаги 7 та маҳалла фуқаролар йиғинида 185 та кўп қаватли уй-жойлар мавжуд. Манзилли дастур бўйича 14 та кўп қаватли уйларнинг том қисми ва канализация тармоғи мукаммал таъмирланди.

Туман марказининг архитектура қиёфасини яхшилаш мақсадида 1960-1966 йилларда қурилган 88 та барак уйлар ўрнида кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилган. 945 та оилада яшовчи 3182 нафар фуқароларга туман марказидан узоқ бўлмаган Олтинкўл маҳалласидан 19 гектар, “Олмазор-2” массивидан 4,2, “Олмазор-3” массивидан 12,0 гектар 3 сотихдан  аҳолига уй-жой қуриш учун ер ажратилди. Айни пайтда “Олтинкўл-1” массивида уч сотихли 448 та уй-жойлар қурилиши давом этмоқда.

—Шу пайтгача Дўстлик маҳалласидаги барак уйда уч ўғлим билан истиқомат қилдим, —дейди Олтингул Фармонова. — Акам ва мен Олтинкўлдаги янги ҳудуддан ёнма-ён ер олдик. Уйимизнинг  қурилишида бир-биримизга ёрдам бердик. Ҳаракат қилсанг, элга эл бўлсанг ишинг, муаммоларинг битар экан.

Беҳзод Мамадалиев 4 йилдан бери “Олтинкўл” маҳалла фуқаролар йиғинининг профилактика нозири ёрдамчиси вазифасида ишлаб келади. У ота-онаси ва ўз оиласи учун  маҳалладан икки хўжалик  ер олди. Уйни тезроқ битказиш йўлида отаси Қосим ака, онаси Малика опа, турмуш ўртоғи ҳам елиб югурди.

Кечагина қаровсиз яланглик ўрнида бугун Олтинкўлда янги уй-жойлар бирин-кетин бўй кўрсата бошлади. 20 га яқин оилалар байрам арафасида уй тўйини ўтказишни ният қилишган. Сал наридаги тикувчилик цехида 118 нафар Пахтакор шаҳри ва унинг атрофидаги маҳаллалар хотин-қизлари ҳунар ўрганишмоқда. Улар стипендия билан ҳам таъминланишган.

Айни пайтда 2-3 босқич учун қишлоқ хотин-қизларини ишга жалб қилиш мақсадида маҳалла фаоллари жойларда тарғибот ишларини олиб боришмоқда. Кеча уйи бузилишини эшитган бекалар тушкунликка тушиб қолган бўлса, бугун улар юзида қувонч, кўзида эртанги кунга ишонч, кўнглида мамнунлик ҳиссини кўриш мумкин.   

Зоир ЭРГАШЕВ. 

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!