» » «Хонбанди»нинг ковуллари ташқи бозорда харидоргир бўлмоқда

«Хонбанди»нинг ковуллари ташқи бозорда харидоргир бўлмоқда

09 сентябрь 2019 г 2 252 Комментарии: 0

Фориш тумани «Хонбанди» маҳалласида фаолият юритаётган «O`RMONCHA – CAPERS» масъулияти чекланган жамияти ковул маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган.

Корхона ўтган йилдан бошлаб фаолият юритмоқда. Ковулчилик – истиқболли тармоқ. Ковул илдизи бақувват, сувсизликка ва совуққа чидамли кўп йиллик ўсимлик бўлиб, ўн беш йилгача ўсиб, мева беради. Туман ҳудудида ҳам ковул ўсимлиги азалдан тоғ ёнбағрларида, қир-адирларда, чўл ҳудудларида табиий ҳолда ўсади.

Аҳамиятлиси шундаки, ковул ёз бўйи куртак ёзади. Май-июнь ойларида гуллайди, июль-август ойларида меваси етилади. Ҳали очилмаган, 10 миллиметрдан катта бўлмаган думалоқ, қаттиқ куртаклари энг харидоргир маҳсулот ҳисобланади.

Бугун йўл четида, қир-адирларда ковул териб юрган кишиларга тез-тез кўзингиз тушади. Жаҳон тажрибасида бугун бир гектар майдонда етиштирилган ковулдан 125 минг доллардан зиёд даромад олиш мумкин экан. Туманда ушбу соҳани ривожлантириш учун барча имкониятлар етарли. Ҳозирда дунё бозорида ковулнинг резавор меваси энг харидоргир, экспертбоп маҳсулот саналади. Маринадланган энг сара гулкуртаклари эса баъзи чет мамлакатларнинг  тамаддихоналарида тансиқ таом сифатида таклиф қилинади.

– Корхонамизда асосий ишлаб чиқариш жараёнлари териб олинган ковул гулкуртакларини саралаш, ювиш ва идишларга жойлаш ишлари махсус механизациялашган ускуналарда амалга оширилади, – дейди масъулияти чекланган жамияти раиси Бекмурод Ғопиров. Идишларга жойланган маҳсулотларнинг барчаси хорижга экспортга чиқарилади. Корхонамизга маҳалланинг 50 нафар иш билан банд бўлмаган ёшлари ишга жойлашган. Улар учун хавфсиз меҳнат шароитлари яратилган ва ҳар бир иш кунида корхона ҳисобидан бепул тушлик берилади.

– Ўтган йили Италия, Испания, Греция, Туркия каби давлатларга 1 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилган бўлсак, бу йил ҳам йил охиригача шунча миқдорда ковул маҳсулотини экспорт қилишни мўлжаллаб турибмиз. Жорий йилнинг ўтган олти ойлари давомида 400 минг доллардан зиёд маҳсулот экспорт қилинди.

Туман ер ва иқлим шароити ковулчиликни ривожлантиришга мос. Шу боис бу соҳани ҳар бир хонадонда ҳатто кичик лалми ер майдонларида ҳам йўлга қўйиш мумкин. Бу эса оилалар даромадини юксалтириш, фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Олимжон ЭРГАШЕВ,
халк депутатлари туман Кенгаши депутати.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!