Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Вилоят ҳокимининг Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан байрам табриги
13 декабрь 2020 г 3 930 Комментарии: 0
Муҳтарам деҳқон ва фермерлар! Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳалол меҳнат қилаётган қадрли юртдошлар!
Аввало, барчангизни, бутун вилоятимиз аҳлини қутлуғ айём — Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан самимий муборакбод этаман.
Барчага маълумки, қишлоқ хўжалиги иқтисодиётнинг энг қадимий, ҳеч қачон ўз ўрни ва аҳамиятини йўқотмайдиган, шу билан бирга энг масъулиятли ҳамда меҳнати оғир бўлган касблардан бири ҳисобланади.
Ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг таъбири билан айтганда "Шундай улуғ ва муҳим соҳанинг залворли юкини ўз елкасида кўтариб келаётган миришкор деҳқон ва фермерлар, заҳматкаш чорвадор ва пиллакорлар, моҳир сувчи ва ирригаторлар, ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлган механизатор ва агрономлар, жонкуяр олим ва мутахассисларни дунёдаги энг олижаноб касб эгаларидир" десак, айни ҳақиқатдир.
Сайёрамиздаги глобал иқлим ўзгаришлари, минтақамиздаги экологик муаммолар ҳамда бу йилги пандемия оқибатида қишлоқ хўжалигида ҳар йили илгари кўрилмаган янги-янги синов ва қийинчиликлар пайдо бўлди.
Бироқ, кўпни кўрган, доимо ер билан тиллашиб, дардлашиб яшайдиган вилоятимизнинг деҳқон ва фермерлари ана шундай мураккаб шароитда ҳам омилкорлик билан, бой билим ва тажрибаси, илм-фан ютуқларини ишга солиб, мўл ҳосил етиштиришга муваффақ бўлишмоқда.
Ҳар эрта баҳорда ерга уруғ қадаб, ризқ йўлини очадиган, хонадонларимиздаги тўкинлик ва файзу барака сабабчиси бўлган сиздек фидойи инсонларга ҳар қанча тасаннолар айтсак арзийди.
Азиз дўстлар!
Мазкур байрам муносабати билан сизларни қутлар эканман, бу йилги машаққатли меҳнатингиз, эришилган натижалар ва олдимизда турган режалар ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман.
Жорий йил вилоятимизда 684 минг тонна ғалла, 220 минг тонна пахта, 730 тонна пилла, 440 минг тонна мева-сабзавот, 615 минг тонна гўшт ва сут маҳсулотлари ҳамда 231 млн. дона тухум етиштирилди. Биринчи марта Бахмал туманида 400 гектар жойда шафран экиш йўлга қўйилди.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 41,3 минг тоннаси қайта ишланиб, 26,8 миллион долларлик тайёр маҳсулот экспорт қилинди.
Хусусан, бу йил вилоятимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан жами ўн бир триллион 218 миллиард сўм ёки ўтган йилга нисбатан бир триллион 936 миллиард сўм фойда олинди.
Айниқса, пахтачиликда эришилган ютуқлар салмоқли бўлди. Жорий йилда пахтачилик кооперация ва кластерларимиз томонидан 220,9 минг тонна ёки шартномавий режага нисбатан 100,7 фоиз миқдорида пахта хом ашёси етиштирилди.
Бу йилги етиштирилган пахта хом ашёсини ўтган йилга солиштирганимизда, етиштирилган пахта 33 180 тоннага, ўртача ҳосилдорлик 4,2 центнерга ошганини кўришимиз мумкин.
Жорий йилда етиштирилган ҳосилнинг 77,4 минг тоннаси ёки 35,3 фоизи пахта териш машиналарида териб олинди. Ўтган йили 9263 тоннаси ёки 4,4 фоизи машиналар ёрдамида терилганини ҳисобга оладиган бўлсак, ўтган йилга нисбатан 68,1 минг тоннага ёки 31 фоизга кўпайишига эришилди.
Албатта, юқоридаги натижаларга эришишда қишлоқ хўжалиги техникалари парки янгиланганлиги, жумладан 2020 йилда 402,4 млрд. сўмлик жами 823 дона, шундан 45 дона ғалла ўриш комбайни, 236 дона пахта териш машинаси олиб келинди. Шундан, 340,9 млрд. сўмлик 400 дона техникалар пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан сотиб олинганлиги диққатга сазовордир.
Бугунги кунда ер-сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги субъектлари ўртасидаги ўзаро муносабатларда бозор тамойилларини, фан ва техниканинг илғор ютуқларини жадал жорий этиш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш орқали деҳқонлар даромадини кўпайтириш борасида олиб бораётган тизимли ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда.
Жорий йилда жами 9654 гектар майдонда сув тежовчи суғориш технологиялари жорий қилинди, жумладан пахта майдонларининг 4972 гектарида, боғ ва токзорларнинг 1799 гектарида томчилатиб, 783 гектарда ёмғирлатиб ва 2100 гектарда пулсар усулда суғориш технологиялари жорий қилинди.
2021 йилда 38 853 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш, 20 минг гектар майдонда лазерли текислаш усулида ер текислаш режалаштирилган.
Вилоятимизда ирригация ва мелиорация тадбирларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда ирригация тармоқларида 166,8 млрд. сўмлик, мелиоратив объектларда 42,7 млрд. сўмлик таъмирлаш-тиклаш ва янгидан қуриш—реконструкция қилиш тадбирлари амалга оширилиб, жами 24 670 гектар майдоннинг сув таъминоти яхшиланишига, 23 076 гектарнинг мелиоратив ҳолати яхшиланишига ҳамда 2394 гектар майдоннинг қайта фойдаланишга киритилишига эришилди.
Бундан ташқари, Ҳурматли Президентимизнинг 2020 йил 11 майдаги қарорига асосан вилоятимизда 2020-2022 йилларда 116 минг гектар ерларни ўзлаштириш белгиланган бўлиб, шундан 2020 йилда 25 минг гектардан зиёд ерлар ўзлаштирилди.
Бугунги кунда қолган ерларни ҳам ўзлаштириш борасида ишлар давом эттирилмоқда. Бунинг натижасида маҳсулот ишлаб чиқариш 4-5 баробарга ўсиб, экспорт ҳажми 30-35 фоизга ошади.
Хусусан, Ғаллаорол туманида "Саг агро Ғаллаорол" МЧЖ 810 гектар лалми майдонларга замонавий суғориш тизимлари ўрнатиб, интенсив ёнғоқзор барпо этди.
Янгиобод туманидаги "Грапе Гарденс" МЧЖ 500 гектар майдонда узумзор, Зомин туманида "Агро финанс лизинг" МЧЖ 200 гектар лалми майдонларни ўзлаштириш ҳисобига интенсив мевали боғлар ташкил қилиб, мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқаришмоқда.
Вилоятимизда сут ва гўшт ишлаб чиқаришга ихтисослашган 37 дан зиёд чорвачилик комплекслари ишга туширилди. Якунланаётган йилда эса бу йўналишда 271 миллиард 96 миллион сўмлик 80 та лойиҳа амалга оширилди.
Бу ҳақда сўз кетганда, Зомин туманидаги 150 млн. доллар миқдоридаги инвестициялар ўзлаштирилиши ҳисобига йилига 5400 гектар майдонда ўн бир минг бош зотли қорамолларни парваришлаш орқали чорвачилик ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришни йўлга қўйган "Jizzakh organik" масъулияти чекланган жамияти ҳақида айтиб ўтишим жоиздир.
Мазкур чорвачилик ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш кластери тўлиқ ишга тушгандан кейин мингдан зиёд ишчи ўрни яратилади.
Шунингдек, охирги йилларда эътибор қаратилаётган балиқчилик тармоғининг ривожланиши натижасида бу йил вилоятимизда 3.2 минг гектар табиий ва 5,2 минг гектар сунъий кўлларда 4,2 минг тонна балиқ етиштирилди.
Албатта амалга оширилаётган мазкур ишлар вилоятимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш билан бирга, халқимиз дастурхонини фаровон қилишдек олижаноб мақсадга қаратилгандир.
Қадрли дўстлар!
Жиззах вилояти мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида ўз тажрибаси, салоҳиятига эга бўлган ҳудудлардан бири ҳисобланади.
Тажрибали фермерларимиз, устоз мақомига эришган миришкор деҳқонларимиз бор. Хусусан, Парда Зиятов ва Анорбой Эшматов сингари Ўзбекистон Қаҳрамонларининг вилоятимиздан етишиб чиққани бизга фахр ва ифтихор бағишлайди.
Арнасой туманидаги "Сангзор" фермер хўжалиги раҳбари Ядгарова Рашида, Дўстлик туманидаги "Эшниёз бобо" фермер хўжалиги раҳбари Бўтаев Миртазақул, Шароф Рашидов туманидаги "Қўрғонтепа" фермер хўжалиги раҳбари Абдурахмонов Абдунаби каби катта салоҳиятга, билимга эга бўлган деҳқонларимизнинг меҳнати, тажрибаси ҳамда маслаҳати бугун вилоятимизнинг қишлоқ хўжалигининг ривожланишида дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Уларга муносиб издошлар, ерни ҳис қиладиган фермер ва томорқачиларимизнинг борлиги эса бизни қувонтиради, албатта.
Муҳтарам деҳқон ва фермерлар!
Сизларни яна бир бор ушбу шукуҳли ва файзли байрам билан чин қалбимдан табриклаб, энг эзгу ва самимий тилакларимни изҳор этаман.
Ҳаёт синовларида тобланган, мард ва матонатли фермерларимиз, барча қишлоқ хўжалик ходимлари бундан буён ҳам вилоятимиз аҳли фаровонлигини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдек ғоят масъулиятли вазифани адо этишда бутун куч-ғайрат ва имкониятларини сафарбар этадилар, деб ишонаман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат, масъулиятли ва шарафли меҳнат фаолиятингизда улкан зафарлар, хонадонларингизга қут-барака ва хотиржамлик ҳамиша ёр бўлишини тилайман.
Вилоят ҳокими Эргаш САЛИЕВ
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!