» » Жиззахлик “Шуҳрат” медали соҳибаси Муҳайё Қувватова ҳақида

Жиззахлик “Шуҳрат” медали соҳибаси Муҳайё Қувватова ҳақида

25 октябрь 2018 г 3 103 Комментарии: 0

Синф сув қўйгандек жимжит. Ўқувчилар она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Муҳайё Қувватованинг (суратда) "Юсуф Хос Ҳожибнинг ҳаёти ва ижоди” мавзуси юзасидан ўтаётган дарсини берилиб тинглашмоқда.

—Юсуф Хос Ҳожиб XI асрнинг улкан шоири, донишманди ва давлат арбобидир, — деди муаллима синф хонасини тўлдириб ўтирган болаларга қарата. — Айниқса, унинг "Қутадғу билиг” ("Саодатга олиб борувчи билим”) достони ўзбек мумтоз адабиётида муҳим ўрин тутувчи дидактик асрардир.

Муҳайёнинг педагогик маҳорати билан яқиндан танишиш мақсадида унинг дарсиниқизиқиш билан кузатар эканмиз муаллима Юсуф Хос Ҳожиб ҳақида пухта билимга эга эканлигига ишонч ҳосил қилдик. Қаҳрамонимиз дарс ўтиш жараёнида нафақат "Ўзбек адабиёти тарихи” дарслигига, балки "Қутадғу билиг” асарининг мазмун-моҳиятини очиб берувчи слайд материалларига ҳам мурожаат этдики, бу 8-синф ўқувчиларнинг мавзуга бўлган қизиқишларини янада ортишига хизмат қилди.

...Биз дарсини мароқ билан кузатган М.Қуваатова Жиззах шаҳридаги Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг пешқадам ўқитувчиларидан.

—Ҳусния бувижоним менга болалик пайтимда кўплаб эртаклар айтиб берганлар, — дея хотирлайди қаҳрамонимиз. — У киши халқ қўшиқларини ҳам яхши билардилар. Булар менинг адабиёт фанига ихлосимни оширишга туртки бўлди, — десам янглишмайман.

Муҳайёнинг ўқувчилик йиллари Жиззах шаҳридаги 9-умумтаълим мактабида ўтган. Абдулла Қодирий номидаги Жиззах давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини муваффақиятли тамомлаганига ҳам ана-мана дея 23 йил бўлди. Ўтган давр мобайнида Жиззах енгил саноат касб-ҳунар коллежи, ЖДПИ қошидаги Сайилжойи академик лицейида фаолият кўрсатди.

Таъкидлаб ўтганимиздек, у айни пайтда бўлғуси ёш ижодкорлар мактабида ўқувчиларга сабоқ бераяпти. Муҳайё билан суҳбатимизда у ўзи ўқиган мактабдаги ва институтдаги устозлари — Қурбоной Қодирова, Усмонжон Қосимов, Олимжон Жўраев, Мустафо Каримов, Мардонқул Турсунпўлатовларнинг номиларни ҳурмат билан тилга олди.

Бу йилги куз Муҳайё Қувватовага қўшалоқ қувонч келтирди. 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида у Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ юксак давлат мукофоти — "Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Касб байрамига бағишлаб Тошкентдаги "Туркистон” саройида ўтказилган тантанали маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов қўлидан "Шуҳрат” медалини қабул қилиб олар экан, қалби қувончга тўлди. Ҳамкасблари, ижод мактабининг ўқувчилари Тошкентдан катта таассурот билан қайтган устозларини анвойи гулдасталар ила қарши олишди.

—Жамоамиз Муҳайё опа билан фахрланади, — деди мактаб-интернат директори Сардор Расулов. — У жамоат ишларида ҳам фаол. Хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти фаолиятини самарали ташкил этишда ўз ёрдамини аямайди. Аёл ўқитувчилар, ўқувчиқизларга энг яқин маслаҳатгўй. Муҳайё опа раҳбарлигидаги "Ёш қаламкашлар” тўгарагида салкам 30 нафар ўқувчи аъзо. Ўз устозларидан бадиий ижод сирларини қунт билан ўрганишмоқда.

"Шуҳрат” медали соҳибаси Муҳайё Қувватова оиласи Жиззах шаҳрининг Бунёдкор маҳалласида катта ҳурмат-эътиборга эга. У турмуш ўртоғи Дилшод Тўраев билан бир ўғил, икки қизни камолга етказишмоқда.

Оиланинг кенжаси Шерали касб-ҳунар коллежининг ўқувчиси, қизлари Хурсаной ва Азизалар мактабда сабоқ олишаяпти. Ҳар учала фарзанднинг мақсади ягона: ота-оналарига ўхшаб, эл-юрт ҳурматига сазовор инсонлар бўлиб камолга етиш.

Нафақат Муҳайё муаллима фарзандларидан, балки Жиззахдаги ижод мактабида таҳсил олаётган, адабиёт оламига эзгу ниятлар билан кириб бораётган ўқувчиларидан умиди катта. Йиллар ўтади. Келгусида улар орасидан таниқли шоирлар, адиблар етишиб чиқади. Истардикки, Муҳайё Қувватовага фарзандлари ва шогирдлари иқболини кўриб яшашдек бахт насиб этсин.

Турсунбой КАМОЛОВ

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!