» » Жиззахда шу йил электромобиль заводи ишга туширилади

Жиззахда шу йил электромобиль заводи ишга туширилади

10 февраль 2023 г 2 007 Комментарии: 0

Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах вилояти фаоллари ва мутасаддилар билан ҳудудда саноатни ривожлантириш истиқболлари ва бошқа долзарб масалаларни муҳокама қилмоқда.

Жиззахдаги саноат зоналари ҳақида сўз юритилар экан, давлат раҳбари масъуллар олдига сентябрь ойида 80 миллион доллар инвестиция ҳисобига электромобиль заводи ишга туширилиши вазифасини қўйди. Бунинг учун ҳозирдан ўзимиздаги корхоналар билан кооперация асосида бутловчи қисмларни етказиб бериш дастурини бошлаш кераклигини таъкидлади. 

Фориш туманидаги “Учқулоч” конини тиклаш бўйича хорижий инвесторлар билан шартнома имзолаш, 1 майгача бурғилаш ишларини бошлаш кераклиги таъкидланди. Бунга 200 миллион доллар инвестиция жалб қилинади ва 600 та иш ўрни яратилади.

Маълум қилинишича, Жиззахда энг тез ўсаётган саноат тармоғи бу – қурилиш ва замонавий энерготежамкор материаллар ишлаб чиқаришдир. Охирги беш йилда бу соҳада 180 та янги корхона ташкил этилган ва 900 миллион долларлик 210 та лойиҳа ишга тушган. Бунинг ҳисобига қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми 10 баробар ошиб, 2022 йилда 3 триллион сўмга етди. Вилоятнинг умумий саноати – 12 триллион сўмдир. Импорт бўлаётган 110 миллион долларлик қурилиш материаллари маҳаллийлаштирилди, экспорт эса 7 баробар кўпайиб, 35 миллион долларга етди. Ҳозирда вилоятнинг умумий саноат экспорти – 166 миллион долларни ташкил этади.

Биргина Зафарободдаги “Хуак-син цемент” корхонаси қуввати бўйича юртимизда 3-ўринда туради. Жиззах саноат зонасидаги “Минг юан индастри” корхонаси безакли ойна бўйича республика эҳтиёжининг 90 фоизини таъминлайди. Натижада, Жиззах саноатида қурилиш материаллари улуши 2 баробар ошиб, 25 фоизга етди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!